22.12.2024, Якшанба

Қорақалпоғистонда давлат тилига эътибор қай даражада?

Ҳукумат қарори асосида (https://kun.uz/36684831) Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ташкил қилинганди. Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ушбу марказнинг ҳудудий бўлинмалари фаолият олиб бормоқда.

25-26 июн кунлари марказнинг Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари ҳудудий бўлинма раҳбарлари Нукусдаги ҳудудий бўлинма фаолияти билан танишишди.

 

Меҳмонлар дастлаб Нукусдаги машғулотлар жараёнида иштирок этишди. Бу ерда жами 6 та модул асосида машғулотлар ташкил қилинган. Мазкур бўлинмада вазирлик, идора, ҳокимият ва хўжалик бирлашмалари ходимларига шартнома асосида ўзбек ҳамда қорақалпоқ адабий тил меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек ҳамда қорақалпоқ алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари фанлари бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Меҳмонлар тингловчилар билан суҳбат ўтказишди.

 

Шундан кейин меҳмонлар тажриба алмашиш мақсадида нукуслик ҳамкасблари билан мулоқот ўтказди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Пердеғалий Дабилов ва бўлинма раҳбари Фарҳод Бобожонов иштирок этишди. Учрашувда давлат тили, лотин ёзувига асосланган ўзбек ва қорақалпоқ алифбосини давлат ташкилотида ишлайдиган ходимларга тезкор суръатда ўргатиш борасида фикр алмашилди.

 

Шуниндек, куннинг иккинчи ярмида бўлинманинг май ойидаги битирувчиларига сертификат топшириш маросими ўтказилди. Давлат химзатчиларига сертификатларни Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида ҳудудий бўлинма раҳбарлари ва Вазирлар Кенгаши раиси маслаҳатчиси топширди.

 

Якунда намунавий фаолияти учун Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш Маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳод Бобожонов Вазирлар Кенгаши томонидан ҳурмат ёрлиғи билан тақдирланди.

 

Маълумот учун, 2020 йилнинг центябр ойида ташкил қилинган Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмасида ҳар ой 80 нафарга яқин давлат хизматчилари малакасини оширишади.

 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Вазирлар Кенгаши раисининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Пердеғалий Дабилов Лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ алифбосига қачон тўлиқ ўтилишига (https://kun.uz/news/2021/05/03/lotin-yozuviga-asoslangan-qoraqalpoq-alifbosiga-qachon-toliq-otilishi-malum-qilindi) аниқлик киритганди.