16.10.2024, Чоршанба

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯСИ

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯСИ

Ўн иккинчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн иккинчи сессиясида 1993 йил 9 апрелда қабул қилинган

(Ўн иккинчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг 1994-йил 26-февралдаги ўн бешинчи сессиясида, биринчи чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 1995-йил 31-октябрдаги тўртинчи ва
1997-йил 15-декабрдаги ўн учинчи сессияларида, 2003-йил 12-ноябрдаги иккинчи чақириқ ўн иккинчи сессиясида ва 2014 йил 6 июн ўн бешинчи сессиясида ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган).

МУҚАДДИМА

Қорақалпоғистон Республикаси халқи:

инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб,

ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда,

Қорақалпоғистон давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб,

демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб,

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда,

республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб,

инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб,

фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида,

ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Қорақалпоғистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади.

БИРИНЧИ БЎЛИМ

АСОСИЙ ПРИНЦИПЛАР

I-БОБ.
ДАВЛАТ СУВЕРЕНИТЕТИ

1-модда. Қорақалпоғистон – Ўзбекистон Республикаси таркибига кирадиган суверен демократик республика. Давлатнинг "Қорақалпоғистон Республикаси" ва "Қорақалпоғистон" деган номлари бир маънони англатади.

Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ва битимлар билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга.

2-модда. Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.

3-модда. Қорақалпоғистон Республикаси ўз маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини мустақил ҳал қилади, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тизимини белгилайди, Ўзбекистон Республикаси сиёсатига мос сиёсатни олиб боради.

Қорақалпоғистон Республикасининг ҳудуди ва чегаралари дахлсиз бўлиб, ўзгартирилиши ва бўлиниши мумкин эмас.

4-модда. Қорақалпоқ тили ва ўзбек тили Қорақалпоғистон Республикасининг давлат тилларидир.

Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

5-модда. Қорақалпоғистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга.

6-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг пойтахти – Нукус шаҳри.

II БОБ.
ХАЛҚ ҲОКИМИЯТЧИЛИГИ

7-модда. Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир.

Қорақалпоғистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.

Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади.

8-модда. Қорақалпоғистон худудида истиқомат қиладиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Қорақалпоғистон Республикаси фуқароларини ташкил этади.

9-модда. Жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилади, умумий овозга (референдумга) қўйилади. Референдум ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.

10-модда. Қорақалпоғистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Жўқорғи Кенгеси иш олиб бориши мумкин.

Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси ёки алоҳида шахс Қорақалпоғистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

11-модда. Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади.

12-модда. Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади.

Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.

13-модда. Қорақалпоғистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, ўларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

14-модда. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

III БОБ.
КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУННИНГ УСТУНЛИГИ

15-модда. Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциялари ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.

Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

16-модда. Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас.

IV БОБ.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИСИНИНГ ХАЛҚАРО ВА ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАРИ

17-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг халқаро илмий, маданий ва ташқи иқтисодий алоқалари Ўзбекистон Республикасининг ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунларига мувофиқ амалга оширилади.

ИККИНЧИ БЎЛИМ

ИНСОН ВА ФУҚАРОНИНГ АСОСИЙ ҲУҚУҚЛАРИ, ЭРКИНЛИКЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ

V БОБ.
УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

18-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.

Имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилиши мумкин ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт.

19-модда. Қорақалпоғистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

20-модда. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.

VI БОБ.

ФУҚАРОЛИК

21-модда. Ўзбекистон Республикасида ягона фуқароликнинг ўрнатилишига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади.

Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонун билан белгиланади. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ таъминланади. Улар Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланган бурчларни адо этадилар.

VII БОБ.

ШАХСИЙ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАР

22-модда. Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир.

23-модда. Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

24-модда. Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.

25-модда. Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкора қилиши мумкин эмас.

26-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиб, қонунда белгиланган чеклашлардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин юришга, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга.

27-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

28-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

29-модда. Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

VIII БОБ.

СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР

30-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади

31-модда. Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Қорақалпоғистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ва таъқиқлаш ҳуқуқига эга.

32-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

33-модда. Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

IX БОБ.

ИҚТИСОДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚЛАР

34-модда. Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли.

Банкка қўйилган омонатлар сир тутилиши ва мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади.

35-модда. Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.

Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат таъқиқланади.

36-модда. Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади.

37-модда. Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.

Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

38-модда. Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

39-модда. Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.

Бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланади.

Мактаб ишлари давлат назоратидадир.

40-модда. Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади.

X БОБ.

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

41-модда. Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

42-модда. Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

43-модда. Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

44-модда. Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар.

 XI БОБ.

ФУҚАРОЛАРНИНГ БУРЧЛАРИ

45-модда. Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар.

46-модда. Фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдирлар.

47-модда. Фуқаролар Қорақалпоғистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асрашга мажбурдирлар.

Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир.

48-модда. Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.

49-модда. Фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлашга мажбурдирлар.

50-модда. Ўзбекистон Республикасини ва Қорақалпоғистон Республикасини ҳимоя қилиш – Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар.

УЧИНЧИ БЎЛИМ

ЖАМИЯТ ВА ШАХС

XII БОБ.
ЖАМИЯТНИНГ ИҚТИСОДИЙ НЕГИЗЛАРИ

51-модда. Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Қорақалпоғистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

52-модда. Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундай фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.

53-модда. Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.

 

XIII БОБ.
ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ

54-модда. Қорақалпоғистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади.

55-модда. Конституциявий тузумни куч зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти таъқиқланади.

Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш таъқиқланади.

56-модда. Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

57-модда. Касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба ташкилотларига аъзо бўлиш ихтиёрийдир.

58-модда. Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Сиёсий партиялар ўз фаолиятларининг молиявий таъминланиш манбалари ҳақида Жўқорғи Кенгесга ёки у вакил қилган органга белгиланган тартибда ошкора ҳисоботлар бериб турадилар.

59-модда. Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди.

60-модда. Жамоат бирлашмаларини тарқатиб юбориш, улар фаолиятини таъқиқлаб ёки чеклаб қўйиш фақат суд қарори асосидагина амалга оширилади.

XIV БОБ.

ОИЛА

61-модда. Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

62-модда. Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради.

63-модда. Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар.

Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

64-модда. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.

XV БОБ.

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ

65-модда. Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.

Цензурага йўл қўйилмайди. ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ

МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ТУЗИЛИШ

IX БОБ.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МАЪМУРИЙ-ҲУДУДИЙ ТУЗИЛИШИ

66-модда. Қорақалпоғистон Республикаси туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллардан иборат.

67-модда. Туманлар, шаҳарлар ташкил қилиш ва уларни тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини ўзгартириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан амалга оширилади.



  БЕШИНЧИ БЎЛИМ

ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ

XVII БОБ.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИ

68-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.

69-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси - ҳудудий сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга сайланадиган 65 депутатлардан иборат.

Сайлов кунигача 25 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Депутатликка номзодлар олдига қўйиладиган талаблар қонун билан белгиланади.

70-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг мутлақ ваколатлари жумласига қўйидагилар киради:

1) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

2) Қорақалпоғистон Республикаси қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгарттириш ва қўшимчалар киритиш, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунларини шарҳлаш;

3) иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисини ва унинг ўринбосарини сайлаш;

5) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиумини тузиш;

6) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш;

7) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарларини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши аъзоларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси вазирликларини, давлат қўмиталарини ҳамда бошқа давлат бошқарув органларини тузиш ва тугатиш;

8) Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциявий назорат қўмитасини, Қорақалпоғистон Республикасининг фуқаролик ишлар бўйича Олий судини, Қорақалпоғистон Республикасининг жиноят ишлари бўйича Олий судини, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжалик судини сайлаш;

9) фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судларининг судьяларини тайинлаш ва лавозимларидан озод қилиш;

10) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг Прокурорини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш;

11) Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш;

12) халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорларини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш;

13) маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш;

14) республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимини ҳамда вакилликларини белгилаш;

15) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тақдимига биноан Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бюджетини ва унинг ижроси бўйича ҳисоботларни тасдиқлаш;

16) Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мукофотлари ва фахрий унвонларини таъсис этиш;

17) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайлов тайинлаш; Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

18) Ўзбекистон Республикасининг олий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига таклифлар киритиш;

19) парламент назоратини ва ушбу Конституцияда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

71-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенегесининг фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясида ва Жўқорғи Кенгеснинг Регламентида белгиланган тартибда амалга оширилади.

72-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенегесининг йиғилиши жами депутатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирдагина ваколатли ҳисобланади.

73-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенегеси ва унинг органлари йиғилишларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, бошқа давлат бошқарув органларининг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди раислари, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори иштирок этишлари мумкин.

74-модда. Вакиллик муддати тугагач, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси янги чақириқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси иш бошлагунга қадар ўз фаолиятини давом этади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сайловдан кейинги биринчи йиғилиши Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай чақирилади.

75-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори эгадирлар.

76-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қонунлар, қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилади. Қонунни қабул қилиш учун Жўқорғи Кенгес депутатларининг кўпчилик овози талаб этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қабул қилган қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг матбуотда эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

77-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ишларини олиб бориш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ҳавола этиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, қонунларнинг ва Жўқорғи Кенгеснинг бошқа қарорларининг ижросини назорат қилиб туриш учун депутатлар орасидан қўмиталар ва комиссиялар тузади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси зарур бўлган тақдирда доимий ҳамда муваққат ишловчи депутатлик, тафтиш ва бошқа комиссияларни тузади.

Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси қўмиталари ва комиссияларининг ваколатлари ва иш тартиби қонун билан белгиланади.

78-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларига белгиланган тартибда уларнинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ бўлган харажатлар қопланади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида доимий ишлайдиган депутатлар ўз ваколатлари даврида бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмас.

79-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

XVIII БОБ.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ РАИСИ

80-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Қорақалпоғистон Республикаси Раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ваколати муддатига сайланади.

81-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси:

1) Қорақалпоғистон Республикасининг қонун чиқарувчи ва ижро қилувчи олий ҳокимият органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлайди;

2) республикадаги ишларнинг аҳволи ҳақида ва бошқа муҳим масалалар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига маърузалар тақдим этади;

3) Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва Олий Мажлиснинг бошқа қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва бошқа ҳужжатларини ҳаётга тадбиқ этишни ташкил қилади; Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорлари бажарилишининг назорат қилинишини ташкил этади;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосарини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес қўмиталари ва комиссияларининг раисларини сайлаш учун номзодларни тақдим қилади;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси лавозимига номзод тавсия қилади;

6) Туман ва шаҳар ҳокимларини ва уларнинг ўринбосарларини, кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг тасдиғи билан тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

7) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Жўқорғи Кенгес Президиуми билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасининг раиси ва аъзолари лавозимига номзодлар тақдим этади;

8) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди раиси ва судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди раиси ва судьялари, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди раиси ва судьялари, шунингдек, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судлари судьялари лавозимларига номзодларни тақдим этади;

9) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Жўқорғи Кенгес Президиуми билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси лавозимига номзод тақдим этади;

10) Жўқорғи Кенгес муҳокамасига қўйиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади, Жўқорғи Кенгеснинг йиғилишини чақиради, қўмиталар ва комиссияларнинг раислари билан биргаликда унинг кун тартибига киритиладиган таклифларни шакллантиради;

11) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва унинг Президиумининг ишини ташкил этади, унинг йиғилишларига раҳбарлик қилади, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва унинг Президиуми томонидан қабул қилинган Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари ва бошқа ҳужжатларини имзолайди, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини йўналтириб ва мувофиқлаштириб туради;

12) Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мукофатларига ва Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонларига тақдим этади;

13) судланган фуқароларни авф этиш ҳақида масала қўзғайди;

14) қонун лойиҳаларининг ва давлат ҳаётидаги бошқа муҳим масалаларнинг умум халқ муҳокамасини ташкил қилади;

15) ҳаракатдаги қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси ўз ваколатига тегишли масалаларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг муҳокамасига тақдим этиш ҳуқуқига эга.

82-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси ўз ваколатига тегишли масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

83-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияларини ва қонунларини бузган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан чақириб олиниши мумкин. Чақириб олиниши тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасининг хулосаси ҳисобга олинган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси жами депутатларининг учдан бир қисми ташаббуси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари умумий сонининг энг камида учдан икки қисмининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси шахсий аризаси, шунингдек бетоблиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаслиги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тузган тиббий комиссияси хулосаси билан тасдиқланган тақдирда, ўз ваколатини тўхтатиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ваколатини тўхтатиш ҳақидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бу ҳолда ўн кун муддат ичида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси янги Раисининг сайлови ўтказилади.

XIX БОБ.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ПРЕЗИДИУМИ

84-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг фаолиятини ташкил қилиш ва бошқа ваколатларини амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми тузилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиумининг таркибига Жўқорғи Кенгес Раиси, унинг ўринбосари, Жўқорғи Кенгес қўмиталари ва комиссияларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партиялар гуруҳларининг раҳбарлари киради.

85-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми:

1) Жўқорғи Кенгес сессиясининг кун тартиби ва иш тартиби бўйича таклифлар тайёрлайди;

2) Жўқорғи Кенгес қўмиталари ва комиссияларининг амалга ошираётган ишлари ҳақида билдиришларни ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорларининг бажарилиши бўйича ахборотларни тинглайди;

3) қонун лойиҳалари бўйича ишнинг режалаштирилишини ташкил этади;

4) Жўқорғи Кенгес Раисининг таклифи бўйича қонун лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни дастлабки муҳокамадан ўтказади;

5) Жўқорғи Кенгес сессиясида депутатларнинг киритган таклифлари ва мулоҳазаларини таҳлил қилади ҳамда улар юзасидан тегишли қарорлар қабул этади;

6) Қорақалпоғистон Республикаси давлат мукофатлари билан мукофатлайди ва Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонларини беради;

7) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг сессиялари ўртасидаги даврда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарларини ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг аъзоларини тайинлайди ҳамда лавозимларидан озод этади, Қорақалпоғистон Республикаси вазирликларини, давлат қўмиталарини ва бошқа давлат бошқарув органларини тузади ҳамда тугатади, кейинчалик мазкур масалалар ҳақидаги қарорларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг тасдиғига киритади;

8) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг прокурори лавозимига номзод тақдим этади;

9) сессиялар ўртасидаги даврда Жўқорғи Кенгес депутатини қонун билан белгиланган ҳолда ва тартибда жавобгарликка тортиш, шунингдек иш берувчининг ташаббусига кўра у билан меҳнат шартномасини тўхтатишга розилик беради;

10) Жўқорғи Кенгеснинг фаолиятига ва депутатларнинг ўз ваколатларини самарали амалга оширишларига алоқадор масалаларни кўриб чиқади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми ўз ваколатларига доир масалалар юзасидан қарорлар чиқаради, улар белгиланган тартибда матбуотда эълон қилинади.

XX БОБ.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР КЕНГАШИ

86-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши – Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати – Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимиятининг олий ижро этувчи-бошқарувчи органидир.

87-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тузилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши иқтисодиётнинг, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бошқа қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорлари ижросини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси давлат бошқарув органларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг ҳужжатларини тўхтатади, бекор қилади.

88-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Жўқорғи Кенгес томонидан тайинланадиган Раис бошқаради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ўз лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси:

1) ҳукуматнинг фаолиятига бошчилик қилади ва унинг ўз ваколатларини самарали амалга ошириши учун чора-тадбирлар кўради;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, сессиялар ўртасидаги даврда эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиумига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарларини ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг аъзоларини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш учун номзодлар тақдим қилади;

3) Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва кейинчалик уни Вазирлар Кенгашининг Президиумида тасдиқлатади;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, сессиялар ўртасидаги даврда эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес Президиумига Қорақалпоғистон Республикасининг вазирликларини, давлат қўмиталарини ва бошқа давлат бошқарув органларини тузиш ҳамда тугатиш юзасидан таклифлар киритади;

5) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раисига туманлар, шаҳарлар ҳокимларини ва уларнинг ўринбосарларини тайинлаш ва лавозимларидан озод қилиш тўғрисида номзодларни тақдим этади;

6) Вазирлар Кенгаши ва унинг Президиумининг мажлисларига раислик қилади;

7) Вазирлар Кенгаши фаолиятида коллегиалликни таъминлайди;

8) Вазирлар Кенгаши ва унинг Президиумининг мажлисида кўриб чиқишни талаб этмайдиган давлат ҳамда хўжалик бошқарувининг баъзи масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ўз ҳуқуқи доирасида қонун билан белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

89-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг Вазирлар Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси олдида масъул ва унга ҳисоб беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўз фаолияти ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес олдида ҳар йили камида бир марта ҳисобот бериб туради.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши янгидан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади.

90-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бошқа қарорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорлари асосида ҳамда уларни ижро этиб, Қорақалпоғистон Республикасининг барча ҳудудида ижро қилиниши шарт бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

91-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ваколатлари, унинг иш тартиби, Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа давлат органлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг муносабатлари Қорақалпоғистон Республикасининг қонуни билан белгиланади.

XXI БОБ.

МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ АСОСЛАРИ

92-модда. Туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар.

93-модда. Маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қўйидагилар киради:

қонунийликни, ҳуқуқий тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш;

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш;

маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш;

норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

94-модда. Маҳаллий ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикаси қонунларини ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, қарорларини ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бошқа қарорларини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорларини, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарорларини ва фармойишларини ҳаётга тадбиқ этади, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар.

Юқори органларнинг ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари қўйи органлар ижро этиши учун мажбурийдир.

Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг вакиллик муддати – беш йил.

95-модда. Вакиллик ва ижроия ҳокимиятини тегишлилигига қараб туман ва шаҳар ҳокимлари бошқаради.

96-модда. Туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг тақдимига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси томонидан тайинланади, лавозимидан озод қилинади ва халқ депутатлари тегишли Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

97-модда. Туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар.

Туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига туман ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади.

Ҳокимларнинг ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ваколат доираси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини сайлаш тартиби қонун билан белгиланади.

98-модда. Ҳоким ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади.

99-модда. Шаҳарчаларда, қишлоқ ва овулларда, шунингдек шаҳарларнинг макон-кенгашларида (маҳаллаларда) фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.

Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, фаолиятини ташкил этиш ҳамда ваколат доираси қонун билан белгиланади.

XXII БОБ.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ СУД ҲОКИМИЯТИ

100-модда. Қорақалпоғистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.

101-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг суд тизими беш йил муддатга сайланадиган Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий судидан, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий судидан, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик судидан, шу муддатга тайинланадиган фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича туманлараро, туман ва шаҳар судларидан иборат.

Судларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади.

Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

102-модда. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди фуқаролик судлов ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади ҳамда фуқаролик ишлар бўйича туманлараро судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

103-модда. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди жиноий ва маъмурий судлов ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади ҳамда жиноий ишлар бўйича туман шаҳар судларининг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

104-модда. Мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасидаги, шунингдек тадбиркорлар ўртасидаги, иқтисодиёт соҳасида ва уни бошқариш жараёнида вужудга келадиган хўжалик низоларини ҳал этиш Қорақалпоғистон Республикаси Хўжалик суди томонидан унинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.

105-модда. Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьяларнинг дахлсизлиги қонун билан кафолатланади.

Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Судьялар сиёсий            партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.

Судья ваколат муддати тугагунга қадар судьялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин.

106-модда. Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.

107-модда. Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

108-модда. Қорақалпоғистон Республикасида суд ишларини юритиш қорақалпоқ тилида, ўзбек тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

109-модда. Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади.

Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади.

XXIII БОБ.
САЙЛОВ ТИЗИМИ

110-модда. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролари вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Қорақалпоғистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига сайловни ва Қорақалпоғистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонунларга амал қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари орасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.

 

XXIV БОБ.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ НАЗОРАТ

111-модда. Қорақалпоғистон Республикасида Конституциявий назоратни Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциявий назорат қўмитаси амалга оширади.

Конституциявий назорат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан Конституциявий назорат қўмитаси раиси, унинг ўринбосари ҳамда қўмитанинг аъзолари таркибида сайланади. Конституциявий назорат қўмитасига сайланган шахсларнинг ваколат муддати – беш йил.

Конституциявий назорат қўмитаси раисининг, раис ўринбосарининг ва аъзоларининг ўз вазифаларини депутатлик мандати билан бирга қўшиб олиб боришларига йўл қўйилмайди.

Конституциявий назорат қўмитасига сайланган шахслар бир вақтнинг ўзида ҳужжатлари қўмита назоратида бўлган органлар таркибига кира олмайди.

112-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси:

1) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси топшириғи билан унга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида кўриб чиқишга тақдим қилинаётган Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларининг камида бешдан бирининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг таклифлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қабул қилинган қонунларнинг ва бошқа ҳужжатларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдим этади;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг топшириғига биноан унга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорларининг ва Жўқорғи Кенгес Раиси фармойишларининг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳамда қонунларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини тақдим этади;

4) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг топшириғи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларининг камида бешдан бирининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг таклифлари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг қарор ва фармойишларининг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ҳамда қонунларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига тақдим этади.

Шунингдек, Конституциявий назорат қўмитаси ўз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси олий давлат ҳокимияти ва бошқариш органлари ҳужжатларининг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини тақдим этишга ҳақлидир.

Қўмитанинг хулосаси фақат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг барча депутатларининг учдан икки овози билан қабул этилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қарорига биноан бекор қилиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитасини ташкил этиш ва унинг иш тартиби Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциявий назорат тўғрисидаги қонуни билан белгиланади.

XXV БОБ.

ПРОКУРАТУРА

113-модда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширади.

114-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг прокурори Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайинланади ва озод этилади.

Туман ва шаҳар прокурорлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг таклифига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тайинланади ва озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, туманлар ва шаҳарлар прокурорларининг ваколат муддати – беш йил.

115-модда. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратура органлари ўз давлат ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда, фақат қонунга бўйсунуб амалга оширадилар.

Прокурорлар ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга ва сиёсий мақсадларни кўзловчи бошқа жамоат бирлашмаларига аъзоликни тўхтатиб турадилар.

Прокуратура органларини ташкил этиш, уларнинг ваколатлари ва фаолият кўрсатиш тартиби қонун билан белгиланади.

116-модда. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш бўйича тезкор-қидирув, тергов ва бошқа махсус вазифаларни мустақил равишда бажарувчи хусусий кооператив ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва уларнинг бўлинмаларини тузиш ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиши таъқиқланади.

Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат ташкилотлари ва фуқаролар ёрдам кўрсатишлари мумкин.

XXVI БОБ.
МОЛИЯ ВА БЮДЖЕТ

117-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг бюджети республика ва маҳаллий бюджетлардан иборат.

118-модда. Қорақалпоғистон Республикаси давлат бюджетининг даромад ва харажатларини республика ҳамда маҳаллий бюджетларга тақсимлаш Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари билан белгиланади.

ОЛТИНЧИ БЎЛИМ

КОНСТИТУЦИЯГА ЎЗГАРТИРИШ
КИРИТИШ ТАРТИБИ

119-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгес жами депутатларининг камида учдан икки қисмидан кўпчилиги томонидан қабул қилинган қонунлар ва Қорақалпоғистон Республикасининг референдуми билан киритилади.

120-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни тегишли таклиф бўлганидан кейин олти ой мобайнида қабул қилишга ҳақли. Агар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф бир йил ўтгандан кейингина қайта киритилиши мумкин.