16.10.2024, Чоршанба

Тарихий маълумотлар

                                                                            Қорақалпоғистон Республикаси

    Муқаддас Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг 27 йиллик мустақил ривожланиш йилларида асрларга тенг йўлни босиб ўтди. Тарихан қисқа бу даврда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз қиёфаси, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий муносабатлар бутунлай ўзгарди. Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Энг муҳими, халқимиз қалбида ўз юртига эгалик ҳисси, шу улуғ Ватаннинг бугунги ва эртанги куни учун масъулият ва дахлдорлик туйғуси ортиб, унинг онгу тафаккури ва дунёқараши юксалиб бормоқда.

Мустақиллик йиллари бутун мамлакатимизга, ҳар бир ҳудуд ва минтақага бунёдкорлик ва янгиланишлар бошлаб келганининг тасдиғини Ўзбекистонимизнинг шимолий қисмида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Маълумки, саховатли ва бетакрор қорақалпоқ диёри мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳақда сўз юритганда, Муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг “Қорақалпоқ халқи доимо юртимизнинг таянч тоғларидан ҳисобланган” деган сўзларини эсга олиш ўринлидир.

Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида бошқа минтақаларимиз қатори Қорақалпоғистоннинг ривожланишига ҳам улкан эътибор берилмоқда. Айнан ана шундай эътибор туфайли бугунги кунда республика пойтахти – Нукус шаҳридан бошлаб, туманлар марказлари, шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто чекка овулларгача ҳар томонлама ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбари Шавкат Миромониович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилаётган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айтиш керакки, бу дастурлар республикани асрлар давомидаги оддий аграр ўлкадан замонавий ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар, транспорт-коммуникация тармоқлари, юксак малакали кадрларга эга бўлган қудратли минтақага айлантиришни назарда тутади.

Дастурларнинг босқичма-босқич ҳаётга тадбиқ этилиши натижасида қорақалпоқ замини бугунги кунда таниб бўлмас даражада ўзгариб, йилдан-йилга чирой очиб, барқарор суръатларда ривожланиб бораётган диёрга айланди.

Мустақиллик йилларида бу заминда амалга оширилган улкан иқтисодий-ижтимоий ўзгаришлар, қурилиш ва ободончилик ишларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Ўрта Осиёда ягона бўлган, саҳро бағридаги мўъжиза деб ном олган Қўнғирот сода заводи, Устюрт газ-химия комплекси, Нукус полимер, Самсунг-Нукус, Нукус электроаппарат, «Lanextrakt» қоспа кәрханасы,  «Нукус Мед Тех» МЧЖ,  «Төрткүл шийше ыдыслары» МЧЖ, Хўжайли шиша заводи, “Марказий Осиё безак тошлари” қўшма корхонаси, Қўнғиротдаги карбид, Нукусдаги мармар ва кабель заводлари, Ўрга газ кони, “Элтекс” ва “Катекс” мажмуалари каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали, Олимпия захиралари коллежи бинолари, 345 километрлик Навоий – Нукус темир йўли, Нукус билан Хўжайлини боғлайдиган улкан кўприк, Қўнғирот автомобиль йўли, ўнлаб умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари, лицей ва коллежлар, болалар спорти, болалар мусиқа ва санъат мактаблари сингари кўплаб иншоотлар – буларнинг барчаси истиқлол мевасидир.

Миллий автомагистрал қурилишида рўй берган улкан воқеалардан бири – бу шу йўлнинг Нукус шаҳрига кираверишида янги кўприк ва чорраҳа йўлнинг қурилишидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, Муҳтарам Бириншчи Президентимизнинг ташаббуси билан тамал тоши қўйилган Устюрт газ-кимё мажмуасининг қурилиши бугун дунё халқлари эътиборини жалб этмоқда.

Энг муҳими, қорақалпоқ халқи асрлар давомида орзу қилиб, интилиб келган эзгу мақсадига етди – озод ва эркин, тинч-осуда ҳаётга эришди, ўз тарихи, маданий мероси, миллий анъана ва қадриятларини тиклаш, ривожлантириш, ўзлигини англаш имконига эга бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистоннинг шимолий-ғарбий қисмида, Амударёнинг қуйи қисми, Орол денгизининг жанубий соҳилида жойлашган. Республика жануби-ғарб томондан Қорақум саҳросига туташган. Унинг шимолий-ғарбида Устюрт текислиги, шимолий-шарқий томонида эса Қизилқум саҳроси ястаниб ётибди. Орол денгизининг жанубий ҳудуди қорақалпоқ заминида жойлашган. Қорақалпоғистоннинг умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республика аҳолиси 2018 йил 1 апрел ҳолатига 1 миллион 800 минг кишидан зиёддир.

Республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси 15 та туман ва 1 та шаҳардан иборат. Булар Амударё, Беруний, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Тахётош, Чимбой, Шўманой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳридир.

Қорақалпоғистон Ўзбекистон Республикаси таркибидаги парламент бошқарув шаклига эга бўлган суверен республикадир. Қорақалпоғистон ўз Конституцияси, байроғи, герби ва гимнига эга. Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Республикада умумий раҳбарлик Жўқорғи Кенгес Раиси – Қорақалпоғистон Республикаси парламенти Раиси томонидан амалга оширилади.

Республиканинг олий ижроия ҳокимияти Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланган Вазирлар Кенгаши ҳисобланади. Республика Вазирлар Кенгаши таркибига Кенгашининг Раиси, Раиснинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раислари, йирик концерн ва бирлашмалар раҳбарлари киради. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ўз вазифасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикасининг доимий ваколатхонаси фаолият кўрсатади.