22.12.2024, Якшанба

Чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 февраль куни чорвачилик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маълумки, бу соҳа оилалар фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта ўрин тутади. Аҳолининг кундалик истеъмол харажатларининг 30 фоизини гўшт, сут ва тухум маҳсулотлари ташкил этади.

Охирги уч йилда чорвачилик бўйича чиқарилган қарорларга асосан, 8 турдаги субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Шу даврда чорвачиликка 15 триллион сўмдан зиёд кредит ажратилиб, 4 минг 500 га яқин лойиҳа амалга оширилди. Наслчилик хўжаликларининг сони 3 бараварга кўпайиб, 1 минг 414 тага етди. Натижада, 2019-2021 йилларда чорва молларининг бош сони 1 миллион 200 мингтага кўпайди.

Лекин иқлим ўзгаришлари, сув ва ер танқислиги, пандемия каби замонамизнинг долзарб муаммолари чорвачиликни ҳам қийинлаштирмоқда.

Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида йирик чорвачилик хўжаликлари сони бошқа ҳудудларга нисбатан анча кам. 90 фоиз чорва хонадонларда боқилса-да, кўп жойларда озуқа-ем таъминоти тизими йўқ. Сўнгги 15 йилда озуқа ер майдони 430 минг гектардан 340 минг гектарга, бир бош қорамолга тўғри келадиган озуқа майдони 50 сотихдан 27 сотихга камайган. Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарёда такрорий озуқабоп экин майдонлари 23 минг гектарга қисқарган.

Шу боис, чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, ресурс тежовчи технологияларни кенг қўллаш орқали гўшт, сут ва тухум етиштиришни кўпайтириш ҳар қачонгидан ҳам зарур бўлмоқда.

Йиғилишда шу борадаги долзарб масалалар, имкониятлар таҳлил қилинди.

Давлатимиз раҳбари бу йил чорвачиликда камида 300 минг, қўй-эчкичиликда 150 минг, пиллачиликда 1 миллион 200 минг, жами 1 миллион 650 минг аҳоли бандлигини таъминлаш имкони борлигини таъкидлади.

Бунинг учун, аввало, хонадонларда кооперация орқали чорвани кўпайтириш керак. Юртимизда бу соҳада яхши тажрибалар кўп. Масалан, Қашқадарё вилояти Миришкор туманида “Тошматов Нормўмин” фермер хўжалиги Вори қишлоғидаги хонадонларга қорамол, қўй-эчки тарқатиб, улар етиштирган сут ва гўштни сотиб олмоқда. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги “Тахиатош Чикенс” корхонаси хонадонларга хонаки парранда бериб, улардан инкубацион тухум сотиб олишни йўлга қўйган.

Президент бундай тажрибаларни бошқа туман ва маҳаллаларда ҳам кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Шу мақсадда қатор молиявий кўмак чоралари белгиланди. Яъни, жорий йил февралдан бошлаб, хорижий кредитлар 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан ажратилади, кредит фоизининг 14 фоиздан юқори қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизига кафиллик берилади, гидропоника усулида озуқа етиштириш учун ускуналар харажатининг 20 фоизи қопланади.

Соҳадаги яна бир даромадли йўналиш – оч рангли қўй-эчкилар жунидан гилам, мато ва бошқа маҳсулотлар тўқиб сотиш. Йиғилишда Ангрен шаҳри, Косон, Ромитан, Навбаҳор туманларидаги шундай ишлар намуна қилиб кўрсатиб ўтилди.

Шу ойдан бошлаб, наслли қўй ва эчки харид қилиш, сут, гўшт ва жунни қайта ишлаш ҳамда ем тайёрлаш цехлари ташкил этиш учун имтиёзли давр билан кредитлар ажратиладиган бўлди. Бу кредитлар аҳолига ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида, 50 миллион сўмгача гаров таъминотисиз ажратилади, кредит фоизининг ярмини қоплашга компенсация берилади.

Аҳолига кооперация асосида 350 минг бош қўй ва эчки тарқатилиши, бу мақсадлар учун 100 миллион доллар йўналтирилиши маълум қилинди.

Бу йил соҳада 123 та йирик лойиҳа режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари уларни ўз вақтида ишга тушириш билан бирга қўшимча имкониятлар топиш, озуқа майдонларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, ернинг бир қисмини алмашиб экиш ҳисобига, ҳар бир кластерда камида 500 бошли чорвачилик комплекси ташкил этиш мумкин. Шунингдек, фойдаланишдан чиққан ва янги ерларни ўзлаштириб, чорва боқса бўлади.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 120 миллион доллар кредит сифатида йўналтирилиши, субсидия, божхона ва солиқ имтиёзлари берилиши қайд этилди.

Мутасаддиларга жорий йилда халқаро молия ташкилотларидан 500 миллион доллар жалб этиб, чорвачиликни ривожлантириш лойиҳаларига йўналтириш бўйича кўрсатма берилди.

Президентимиз чорва маҳсулдорлигини ошириш, наслчиликни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Соҳага илм ва илғор тажрибаларни жорий этишга Самарқанд ветеринария медицинаси институти масъул этиб белгиланди. Энди ушбу институт мақоми оширилади ҳамда унга ветеринария, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тажриба институтлари бириктирилади. Бу муассаса кластерларга амалий ва методологик кўмак бериб, пуллик хизматлар кўрсатади, аҳоли ва фермерларни қисқа муддатли курсларда ўқитади.

“Чорванасл” агентлигига ҳар бир туман кесимида наслчиликни яхшилаш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари, тадбиркорлар сўзга чиқди.