22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси билан кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 январь куни Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакни қабул қилди.

Учрашув аввалида Дмитрий Козак Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Яқинда ўтган олий даражадаги учрашув ва мулоқотларда эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга кучли суръат бағишлагани алоҳида таъкидланди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, саноат кооперацияси бўйича йирик лойиҳалар ва устувор гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва унинг салоҳиятини рўёбга чиқариш муҳим эканини қайд этди.

Марказий Осиёда рўй берган воқелардан келиб чиқиб минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.