22.12.2024, Якшанба

Устюрт платоси бўйлаб медиа тур ташкиллаштирилди

Устюрт платоси ўз бағрига олам-олам сирларини, тарихнинг очилмаган жумбоқларини жамлаган. Ҳудуднинг флора ва фауна дунёси ҳам ўзига хос - камёб ўсимликлар ва жониворлар яшайди. Бу ерда давлат муҳофазаси олинган ҳудудлар ҳам мавжуд.

22 - май Бутунжаҳон биологик хилмахилликни сақлаш куни муносабати билан жорий йилнинг 15-16-май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси ва «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи, "Сайгачий" мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси билан Қорақалпоғистонлик журналист ва блогерлар учун "Устюрт платоси"га медиатур ташкиллаштирилди.

Медиатурнинг асосий мақсади ОАВ вакилларини республикамизнинг ўзига хос табиатини, ҳудудда жойлашган "Сариқамиш" кўли ҳамда «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғини ўз ичига олган бир қанча объектлар билан таништириш, ва шу орқали Устюрт платосининг жонли ҳайвонот дунёсини кўрсатиш.

Медиа турнинг дастлабки кунида иштирокчилар «Сариқамиш» кўлига ташриф буюрди. Маълумки, мазкур кўлнинг тахминан 70% Туркманистон, 30% Ўзбекистон Республикалари ҳудудида жойлашган. Кўлда дўнгпешона, товонбалиқ, мойбалиқ, қизилкўз балиғи, судак ва илонбош каби балиқ турлари мавжуд. «Сариқамиш» кўлининг суви, ҳавоси кишини ўзига оҳанграбодай ром этади. Тўлқинларнинг қирғоққа урилиши, унинг шовуллаган овози бир муддат жим туриб эшитишга мажбур қилади. Шу орада қушларнинг овози тўлқинларга жўр бўлади. Бундай ажойиб ҳиссиёт уйғота оладиган табият Устюртда мавжуд.

 

Биламизки, Устюрт платосида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ҳайвонлар яшайди. Медиа тур иштирокчилари ана шундай ноёб жониворлардан жайрон, қулон, устюрт қўйи (арқал) бундан ташқари тулки, бўри, қарсақ, илон, ёввойи ғоз, йўрға тувалоқ, укки, оққушлар каби ҳайвонот дунёсига жонли гувоҳ бўлишди. Бепоён Устюртнинг кенг бағрида эркин яшаётган бу жониворлар «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи муҳофазасида. Афсуски, ҳамон браконьерлар томонидан уларнинг овланиши кузатилмоқда. Автомобильда уларга яқин бориб расмга олишга ҳаракат қилдик аммо, кенг Устюртни макон қилган жониворлар бизни 2-3 километрдан пайқаб қочишга тушишди. Улар қайдан билсин бизнинг фақат расмга олишга борганимизни. Лекин шундай бўлса ҳам расмга олишга эришдик.


 





Медиа турнинг навбатдаги қисмида ОАВ вакиллари Устюрт платосининг учта мамлакатни бирлаштирган нуқтаси "Қоплонқир" худудигайўл олишди. Мазкур ҳудуд кўриниши жиҳатидан ажралиб туради, баланд-баланд чинклар, бепоён кенгликлари кўрган инсонларни ўзига маҳлиё этиб қўяди. Журналистларни ўзига жалб қилган нарса-бу ҳудуднинг номи бўлди. Маълум қилинишича, "Қоплонқир" дея номланишига сабаб бу ерларда қадимдан Қоплонлар яшаган ва ҳали ҳам мавжудлиги таҳмин қилиниб келинмоқда.

 


Тунни шу манзилда ўтказиб тонгни қарши олдик. Бу гўзалликни сўз билан таърифлаш мушкул. Тонги Устюрт ҳавоси – ундан тўйиб нафас олиб кейинги манзилга йўл олдик. Нотекс ва олис йўллар бизни бироз чарчатган бўлса да, жониворларни ва гўзал табиатни кўриб ҳаммаси эсдан чиқди.

Навбатдаги манзил "Қулонтақир" бўлди. Бу ернинг бепоён текислиги ҳам кўрган инсоннинг ҳайратини оширса ажабмас.

 

Икки кунлик медиа тур давомида журналист ва блогерлар табиатнинг ноёб кўрнишларидан баҳраманд бўлди, десак янгилишмаймиз. Бу ерларга ҳамманинг ҳам қадами етмаган, ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Медиа турнинг мақсади эса Устюрт ва ундаги гўзалликни оммага танитишдан ва кенг ёритишдан иборат эди.