22.12.2024, Якшанба

Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Мамлакатимизда сўнгги йилларда товарларни сотиш жараёнларига бозор тамойилларининг фаол жорий қилиниши яширин иқтисодиётнинг қисқаришига, ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига ҳақиқий нархларнинг шаклланишига ва солиқ базасининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, биржа савдоларида “форвард” шартномаларининг жорий қилиниши ижтимоий аҳамиятга эга асосий маҳсулотлар нарх-наволари кескин ўсишидан ҳимояланиш, бозорда талаб ва таклиф мувозанатини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг бўш маблағларидан самарали фойдаланиш имконини яратди.

Шу билан бирга, биржа савдоларида фаол иштирок этаётган тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш ва юқори ликвидли ёки монопол товарларни сотиш амалиётига бозор механизмларини кенг қўллашни давом эттириш, биржа савдоларига замонавий товар деривативларини, шу жумладан фьючерс шартномаларини жорий этиш бугунги кун талаби бўлиб қолмоқда.

Ноҳалол тадбиркорлик субъектлари томонидан ички бозорда юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг нархларини сунъий оширишга, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик, тақсимлаш тизими элементларини тугатиш ҳамда биржа савдоларини янада фаоллаштириш мақсадида:

1. 2021 йил 15 июндан бошлаб шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ қуйидаги товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида реализация қилинади:

а) монополист корхоналар ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахс, устав фонди (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан ортиғи устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахс (кейинги ўринларда – монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар) томонидан ишлаб чиқарилган:

поливинилхлорид (ПВХ) ва формалин – барча харидорларга;

истеъмол этил спирти – ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга;

техник этил спирти – барча харидорларга;

кумуш – заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга;

б) 2022 йил 1 январга қадар монополист бўлмаган ва (ёки) устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган:

цемент – ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50 фоизи;

пахтадан олинган чигит, пахта мойи (жумладан, экстракция пахта мойи) ва қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) – ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи;

в) ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, қазиб олувчи (газни қайта ишловчи, ишлаб чиқарувчи) ташкилотлар томонидан нефть ва газ конденсати – тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларига эга бўлган ишлаб чиқарувчиларга.

2. Белгилаб қўйилсинки, товар-хомашё биржаларининг хориждаги савдо майдончаларида тузилган битимлари бўйича товарларнинг божхона қийматини аниқлаш фақат мазкур битимларда белгиланган қиймат бўйича амалга оширилади.

Давлат божхона қўмитаси “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банднинг ижросини таъминлаш учун ўзаро ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари интеграциясини ҳамда маълумот алмашинувини йўлга қўйсин.

3. Монополияга қарши курашиш қўмитасига ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун, зарур ҳолларда:

биржа савдоларининг бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган маҳсулот ҳажмларининг максимал миқдорини (лимитини) белгилаш ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ушбу ҳажмларга ўзгартириш киритиш;

юқори ликвидли, шу жумладан мавсумийлик талабдан келиб чиққан ҳолда талаб ошадиган товарларни фақат товар-хомашё биржалари орқали сотиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритиш ваколати берилсин.

Бунда, ушбу кўрсатмалар берилган ташкилотларга ҳамда мазкур қарорнинг 1-банди “б” ва “в” кичик бандларида назарда тутилган ташкилотларга биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисидаги низом талаблари ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчиликда кўзда тутилган биржа савдоларига доир монополияга қарши талаблар қўлланилади.

4. Монополияга қарши курашиш қўмитаси мунтазам равишда талаб юқори бўлган, шу жумладан мавсумийлик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда талаб ошадиган товарлар бўйича таҳлил ўтказиб, уларнинг биржа савдоларига қўйиб борилишини таъминласин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

2022 йил 1 январдан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан пахтадан олинган чигитни тайёр маҳсулотни қайтариш шарти асосида ёғ-мой ташкилотларига бериш фақат бир пахта-тўқимачилик кластери доирасидаги ташкилотлар ўртасида амалга оширилади;

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан биржа савдоларида сотилаётган маҳсулотларни автотранспортда ташиш хизматлари фақат электрон логистика савдо портали орқали аукцион тартибида амалга оширилади. Бунда, электрон логистика савдо портали орқали ташиш хизматлари:

харидорларнинг ўз автотранспортида амалга оширилган тақдирда рўйхатга қўйиш;

харидорларга аффилланган ташиш хизматини кўрсатувчи корхоналар томонидан эса тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширилади.

6.Товар-хомашё биржалари фаолиятига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва электрон тижорат фаолиятини изчил ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўзметкомбинат” АЖ ҳамда “Тошкент металлургия заводи” МЧЖ билан биргаликда силлиқланган ойна ҳамда пўлат лист ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш чораларини кўриш ҳамда мазкур товарларни биржа савдоларига қўйиш ҳажмларини оширишга қаратилган чораларни амалга ошириб борсин.

8. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси товар-хомашё биржалари билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида кенг ёритиш ва тарғиб қилишга қаратилган медиа-режани тасдиқласин ва унинг ижросини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.

10. Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

     Президенти                                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 17 март