Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон
бўлими раҳбари
|
||
Mанзил: |
230103, Нукус
шаҳри, , Ғәрезсизлик кўчаси 50 уй |
|
Teлефон: |
0(361) 222-89-62 |
|
E-mail: |
kr_manaviyat@exat.uz |
|
Қабул кунлари: |
Душанба,сешанба 10:00-12:00 |
Республика
Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими
Функционал вазифалари:
I боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1.1. Мазкур Низом Республика Маънавият ва маърифат маркази (кейинги
ўринларда Марказ деб юритилади) томонидан белгиланган тартибда ташкил этилган
Қорақалпоғистон Республикасида Марказ номидан иш кўрадиган ҳамда Марказ
Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун масъул бўлган
Марказнинг алоҳида ҳудудий бўлими (кейинги ўринларда Бўлим деб юритилади)
фаолиятини тартибга солади.
1.2. Бўлим ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат
нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, нодавлат нотижорат
ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар,
Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши ва ҳудудий Кенгашнинг қарорлари,
Марказнинг Низом, қарор ва баёнлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширади.
1.3. Бўлим ўз фаолиятида қонунийлик, ошкоралик ва ўзини-ўзи бошқариш
тамойилларига амал қилади.
1.4. Бўлимнинг ягона муассиси: РЕСПУБЛИКА МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТ
МАРКАЗИ.
1.5. Бўлим давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб ўз тасарруфида,
хўжалик қарамоғида ёки тезкор бошқарувида алоҳида мол-мулкка эгалик қилиш ва
мазкур мулк бўйича мажбуриятлари юзасидан жавоб беришга ҳақли, ўз номидан
мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларини олиши ва амалга ошириши мумкин бўлган, ўз
зиммасига мажбурият олиши, судда даъвогар ёки жавобгар бўлиши, мустақил баланси
ёки сметасига эга бўлиши мумкин.
Бўлимнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли: Муассаса ҳисобланади.
Бўлим мустақил балансига, номига, банклардаги сўм ва валюта ҳисоб
рақамларига, белгиланган намунадаги айлана муҳpи, штамп ва махсус бланкаларига
эга бўлади ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг Ўзбекистон
Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган
рамзидан фойдаланади.
1.6. Бўлим ўз фаолиятини: Қорақалпоғистон Республикасида амалга
оширади.
1.7. Бўлимнинг тўлиқ номи:
Ўзбек тили, кирилл ёзувида: Республика Маънавият ва маърифат
марказининг Қорақалпоғистон бўлими;
Ўзбек тили, лотин ёзувида; Respublika Ma’naviyat va ma’rifat
markazining Qoraqalpogiston bo‘limi;
Қорақалпоқ тили, кирилл ёзувида: Республика Руўхыйлық ҳам ағартыў
орайы Қарақалпақстан болими;
Қорақалпоқ тили, лотин ёзувида; Respublika Ruwxiliq ham agartiw orayi
Qaraqalpaqstan bo‘limi;
Рус тили, кирилл ёзувида: Каракалпакское отдел Республиканского центра
духовности и просвещения
Рус тили, лотин ёзувида: Karakalpakskoe otdel Respublikanskogo tsentra
dukhovnosti i prosveshcheniya
Инглиз тилида: The The
Karakalpakstan branch of the Republican Center for Spirituality and Education
1.8. Бўлим Қорақалпоғистон
Республикаси, Ғарезсизлик кўчаси,
50-уйда жойлашган.
II боб. Бўлимнинг
мақсад ва вазифалари
2.1. Бўлимнинг асосий мақсади – миллий маънавиятимизнинг маъно-моҳияти,
илдизлари, ноёб ва бетакрор намуналари, унинг бугунги кундаги ривожланиш
тамойиллари ҳақида аниқ мақсадга қаратилган изчил, таъсирли ва замонавий усул
ҳамда воситалардан фойдаланган ҳолда тарғибот ишларини олиб бориш;
кенг аҳоли вакиллари ўртасида ватанга муҳаббат ва садоқат, фидойилик,
энг муҳими уларда дахлдорлик фазилатларини тарбиялаш, миллий қадриятлар,
урф-одатлар, муқаддас анъаналаримизнинг ҳозирги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини
ҳар томонлама очиб беришга йўналтирилган
маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш;
аҳолимизнинг айниқса, ёшларимизнинг маънавиятига салбий таъсир
кўрсатадиган ҳар қандай ички ва ташқи таҳдидларга қарши қаратилган тизимли ва
замонавий ташвиқот ишларини олиб бориш.
2.2. Бўлим ушбу мақсаддан келиб чиқиб қуйидаги вазифаларни амалга
оширади:
мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий
ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва
моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини
тизимли ва изчил амалга ошириш;
кенг жамоатчилик, олимлар, мутахассислар, ижодкор
зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан ҳамкорликда жойларда
ишларни ташкил этиш
дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва
ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама чуқур ёритиб
бориш, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси,
“оммавий маданият”, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий
кураш олиб бориш;
жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик
қилаётган ички таҳдидлар – эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик,
уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби
ҳолатларга барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга
ошириш;
миллий ғояни юртимизда яшаётган барча миллат ва
элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида кенг тарғиб этиш, бунёдкорлик руҳини
ялпи ижтимоий ҳаракатга айлантириш, эртанги кунга ишонч туйғуларини кучайтириш;
маънавий-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигининг
илмий асосланган мониторингини таъминлашга қаратилган социологик тадқиқотлар
ўтказиш;
ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик
кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан
оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига
қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш;
маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш, ушбу тоифани
ижтимоий-иқтисодий фаоллаштиришда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга
қўйиш;
халқимизнинг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия
анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари, айниқса, ёшларимиз ўртасида
динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини
мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш
бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
ота-она, оила ва маҳалла, тарихий хотира, миллий ғурур, комил инсон
тарбияси билан боғлиқ туйғу ва тушунчаларни ёш авлод қалби ва онгига таъсирчан
воситалар орқали сингдириш, аждодларимизнинг бу борадаги меросини бугунги тараққиёт
талаблари билан узвий ҳолда ривожлантириш, тарғибот ишларини миллий ва
умумбашарий қадриятлар уйғунлиги асосида ташкил этиш;
телевидение, радио, матбуот имкониятларидан тўла фойдаланиб, турли
мавзу ва кўринишдаги ижтимоий роликлар тайёрлаш, замонамиз қаҳрамонлари –
етакчи, илғор фикрли, барчага ўрнак бўлган шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти билан
оммани таништириш, уларнинг турли ижобий ташаббусларини амалга оширишга тўсиқ
бўлаётган иллатларни, турли муаммоларини дадил кўтариб чиқиш.
2.3. Юқоридаги вазифаларни Бўлим ўз фаолиятининг тегишли чора-тадбирлар
Дастурлари орқали амалга оширади.
III боб. Бўлим
фаолиятининг асосий йўналишлари
3.1. Оила, таълим муассасаларида ёшлар тарбияси, чекка ҳудудлар ва
маҳаллаларда ёшлар ўртасида мақсадли ғоявий-тарбиявий ишларни замон
талабларидан келиб чиқиб, ташкил этиш шунингдек, жамиятнинг барқарор
ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар, эл-юрт тақдирига лоқайдлик,
маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига
эътиборсизлик каби бошқа иллатларнинг барча кўринишларига қарши кескин ва
муросасиз муносабатни шакллантириш, жамият учун истиқболли, замонавий
тарғиботчиларни тайёрлаш мақсадида соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда
қуйидаги йўналишларда иш олиб боради:
“Жаҳолатга қарши маърифат” тамойилидан келиб чиққан ҳолда терроризм,
диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий
маданият”нинг салбий таъсирлари, наркобизнес каби юртимизнинг тинчлиги ва
осойишталигига раҳна соладиган, халқимизнинг иймон-эътиқодига зарар етказадиган
ҳар қандай ёт ғояларга нисбатан аёвсиз курашчан муҳитни яратиш;
глобаллашув жараёнлари кучайиб, тинчлик ва барқарорликка қарши янги
таҳдид ва хатарлар тобора кўпайган, таҳликали, мураккаб вазиятда маънавият
соҳасидаги ишларни юксак даражада такомиллаштириш;
ҳудуд аҳли, айниқса, ёш авлоднинг дунё ва юртимиз миқёсидаги сиёсий
жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, уларда фаол фуқаролик
позициясини, фидойилик ва ватанпарварлик туйғусини камол топтириш;
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши
бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва йил номлари билан боғлиқ Давлат дастурлари
ижроси бўйича энг муҳим устувор вазифаларни изчил амалга ошириш;
терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси,
“оммавий маданият”нинг салбий таъсирлари, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга
қарши ғоявий курашиш;
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши
бўйича ҳаракатлар стратегияси ва йил номлари билан боғлиқ Давлат дастурлари
ижроси билан боғлиқ энг муҳим устувор вазифаларни изчил амалга ошириш;
халқаро майдонда юз бераётган муҳим воқеа-ҳодисалар, ён-атрофимизда
кечаётган жараёнлар моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, одамларнинг фаол
мушоҳада юритувчи ва теран идрок этувчи, маънан етук, сиёсий жиҳатдан фаол
фуқароларга айлантиришга қаратилган маърифат тизимини яратиш;
тинчлик, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни
таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат
моҳиятини тушунтириш орқали халқимиз дунёқарашида миллий ифтихор туйғусини
кучайтириш;
фуқаролик жамияти, ҳуқуқий давлатни ривожлантириш жараёнида барча
ижтимоий гуруҳ ва табақалар вакилларининг ҳуқуқий онгини юксалтириш воситасида
ватандошларимиз қалбида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига
ҳурмат ҳиссини кучайтириш, айни пайтда, ўзининг фуқаролик ҳуқуқи, эркинликлари
ва бурчини чуқур англаган ҳолда яшаши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этишига
кўмаклашиш.
3.2. Маънавият ва маърифат соҳасида мутахассисларга
илмий-услубий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида:
маҳаллий бўлинмалар фаолиятини ҳар томонлама
ривожлантириш юзасидан истиқболли, режа ва дастурлар, уларнинг муаммоларини
ечиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
турли жамоат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятга
молик бўлган ташаббуслари, иш тажрибаларини ўрганиш, оммалаштириш юзасидан
тавсиялар бериш.
IV боб. Бўлимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
4.1. Бўлим қуйидаги ҳуқуқларга эга:
олимлар, мутахассисилар, ижодкор зиёлилар ва халқ ичида ўз ҳурматига
эга бўлган фуқаролардан ташкил топадиган “Маърифат” тарғиботчилар жамияти билан
бирга, жойларда маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш,
жамоат, маданият ва санъат ташкилотлари, таълим-тарбия муассаслари билан
ҳамкорлик ўрнатиш, ахборот-таҳлил ишларини амалга ошириш;
ҳудуддаги мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилотларда
маънавий-маърифий ишлар аҳволини ўрганиш, маънавий муҳитни таҳлил этиш,
муҳокама қилиш ва шу асосда уларга тегишли тавсиялар бериш;
Республика Маънавият ва маърифат ҳудудий Кенгаши йиғилишларини ташкил
этиш ва Кенгаш қарорларини ижро этиш билан боғлиқ амалий-ташкилий ишларни
амалга ошириш;
оммавий ахборот воситаларида, жаҳон ахборот тармоғида ўз фаолиятига
доир маълумотларни ёритиб бориш;
бошқармалар, ташкилотлар, корхоналар, муассасалар, шаҳар ва туман
Маънавият ва маърифат Кенгашларидан соҳага оид масалалар бўйича зарур
маълумотларни сўраб олиш;
халқимизнинг бой маънавий, маданий мероси, миллий қадриятларини
республикамиз ва хорижда кенг тарғиб қилиш мақсадида медиа маҳсулотлар ишлаб
чиқиш;
мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот, идора ва
муасасаларда маънавий-маърифий ишлар бўйича лавозимларга тавсия этилаётган
номзодларнинг маънавий-маърифий салоҳияти бўйича хулосалар бериш;
Низом доирасидаги мақсад ва вазифаларни бажариш юзасидан шартномалар
имзолаш, буюртмалар бериш, шартнома асосида олимлар, зиёлилар, мутахассислар,
кўпни кўрган, ҳаётий тажрибага эга фаол фуқароларни жалб қилиш, иш ҳақи ҳажмини
келишиш ва уларга бажарилган ишлар учун келишилган нархларда ҳақ тўлаш,
тарғибот материлаллари билан таъминлаш;
белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш мақсадида давлат,
нодавлат ва жамоат ташкилотларининг маблағларини, шунингдек уларнинг
грантларини жалб этиш;
Бўлим давлат бюджети маблағлари билан бир қаторда кичик корхоналар очиб
ёки хўжалик юритиш асосида ҳамда хомийларнинг беғараз ёрдамида ҳам
молиялаштирилиши мумкин;
ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида қонунларда белгиланган тартибда ўз
газетасига, жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт ва веб-саҳифаларига эга бўлиш,
оммавий ахборот воситаларига таъсисчилик қилиш;
аҳолининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатини
ўрганиш, ҳудудда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида соҳа
мутахассисларини жалб этган ҳолда социологик тадқиқотлар ўтказиш, турли
муаммоларга бағишланган илмий-амалий конференция ва анжуманлар ташкил этиш;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.
4.2. Бўлимнинг мажбуриятлари:
ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига, Марказ Низомига ҳамда мазкур Низомга
мувофиқ амалга ошириш;
ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар
очиқлигини таъминлаш;
ўз фаолияти юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда Республика
Маънавият ва маърифат марказига ҳамда ҳудудий Кенгаш раисларига ҳисоботлар
тақдим этиш;
Бўлим қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши
мумкин.
V боб. Бўлимнинг
раҳбар органи, ваколатлари
ва тузилиши
5.1.
Бўлимнинг раҳбар органи Республика Маънавият ва
маърифат маркази ҳисобланади.
5.2. Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг ҳудуддаги тузилмаси
ҳудудий Кенгаш ҳисобланади.
Ҳудудий Маънавият ва маърифат Кенгашини шакллантириш билан боғлиқ
нормалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 3 сентябрдаги ПФ-2385-сон
Фармони ҳамда Кенгаш фаолиятига доир
ҳужжатлар билан белгиланади.
5.3. Ҳудудий Кенгаш йиғилишлари бир йилда бир маротаба ўтказилади.
Мазкур йиғилишда ҳудуддаги маънавий-маърифий ишларнинг аҳволи таҳлил қилиниб,
тегишли қарорлар қабул қилинади.
5.4. Бўлимнинг раҳбар органи Марказнинг ваколатлари:
Бўлимнинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилиш.
Бўлим раҳбарини лавозимга тайинлаш, лавозимидан озод этиш ва у билан
меҳнат шартномасини имзолаш.
Бўлимнинг чора - тадбирлар дастури ва иш режаларини тасдиқлаш.
Бўлим ҳисоботларини қабул қилиш ва таҳлил қилиш.
Бўлимнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланиши устидан
назоратни амалга ошириш.
Бўлимнинг Низомида белгиланган мақсад ва вазифаларига зид бўлган
қарорлар ижросини тўхтатиб қўйиш ёки уларни бекор қилиш.
Ҳудудий Кенгаш ваколатлари:
бўлим раҳбарлигига номзодлар Кенгаш раиси томонидан тавсия этилади;
ҳудудда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, соҳадаги аҳволни
ўрганиш, маънавий муҳитни таҳлил этиш, муҳокама қилиш ва шу асосда масъулларга
тегишли тавсиялар бериш;
ҳуддуда
маънавий-маърифий ишлар аҳволини яхшилаш, бу борада чора-тадбирлар белгилаш,
уларни амалга ошириш ва назорат қилиш;
шаҳар ва туман Кенгашлари ҳамда Кенгаш таркибидаги ташкилотлар
раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди, кўрилган масалалар юзасидан тегишли
чора-тадбирлар белгилайди.
5.5. Бўлим раҳбари ваколатларига қуйидагилар киради:
Бўлим раҳбари ҳудудий Кенгаш раисининг тавсиясига кўра Республика
Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг буйруғи асосида лавозимга тайинланади
ва лавозимидан озод қилинади;
Бўлим ҳамда шаҳар ва туман бўлинмаларининг умумий фаолиятини
мувофиқлаштириш, ташкил этиш ва бошқариш;
Бўлим бош мутахассиси, етакчи мутахассис ҳамда бош ҳисобчини ишга қабул
қилиш ва лавозимдан озод этиш, бўлим бош мутахассиси, етакчи мутахассис ҳамда
бош ҳисобчини ишга қабул қилишда, қоида тариқасида, тегишли йўналишда олий
маълумотли ҳамда муайян иш тажрибага эга бўлган номзодларни танлаб олиш;
мулкий оператив ҳуқуқларни амалга ошириш, шартномалар тузиш,
ишончномаларни бериш, банкларда ҳисоб рақамлари ва бошқа ҳисобларни очиш, банк,
молия ва бошқа ҳужжатларга биринчи имзо ҳуқуқидан фойдаланиш, барча ходимлар
учун умумий бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни чиқариш;
Марказ раҳбарига тегишли шаҳар ва туманлар бўлинмалари раҳбарлари
лавозимига номзодларни тавсия қилади ва уларни озод этиш тўғрисида хулоса
беради;
Бўлим ва маҳаллий бўлинмалар ишини ташкил этиш, фаолият йўналишларини
белгилаш, қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини назорат қилиш;
Бўлимнинг молиявий-хўжалик масалалари билан шуғулланиш, ҳомийларнинг
моддий ёрдами ҳамда хўжалик ҳисобидан қўшимча маблағлар топишни йўлга қўйиш,
бўлимнинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг моддий
рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш;
жамоатчи тарғиботчиларни танлаш, белгиланган вазифаларни амалга ошириш
жарёнига жалб этиш, рисола ва қўлланмалар, шунингдек, янги замонавий ахборот технологиялари
воситалари билан таъминлаш, рағбатлантириш масалаларини ҳал этиш;
маънавий-маърифий ишларда
алоҳида ўрнак кўрсатган бўлим ходимлари, маҳалий бўлинма раҳбарлари ва жамоатчи
тарғиботчиларни Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тавсия этиш
ҳамда уларни ўз фахрий ёрлиқлари ва пул мукофотлари билан тақдирлаш;
хўжалик ҳисобидан ишлаб топилган ва ҳомийлар кўмагида шакллантирилган
молиявий маблағлардан бўлим ва маҳаллий бўлинмаларнинг моддий–техникавий
базасини мустаҳкамлашда ҳамда ходимларни рағбатлантиришда фойдаланиш;
хўжалик ҳисобидаги маблағлардан чиқарилган нашрий маҳсулотларни сотиш;
Бўлим ўз балансидаги бинони, транспорт воситасини
қонунларда кўзда тутилган тартибда ижарага бериш, сотиш;
Бўлимни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш;
Марказ Низоми ва ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга
бўлади.
VI боб. Бўлимнинг шаҳар ва туман (маҳаллий)
бўлинмалари
6.1. Маҳаллий бўлинмалар Республика бўлими раҳбарлигида фаолият
кўрсатади ҳамда Марказ Низоми ва ушбу Низомда белгиланган вазифаларни амалга
оширади.
6.2. Маҳаллий бўлинмалар юридик шахс мақомига эга бўлиши мумкин.
6.3. Маҳаллий бўлинмалар тегишли шаҳар ва туман Маънавият ва маърифат
Кенгашининг ижроия органи сифатида фаолият кўрсатади, унинг йиғилишлари баёни
қарорларини ҳаётга татбиқ этади.
6.4. Маҳаллий бўлинмалар зиёлилар қатлами, айниқса, ўқитувчи ва
педагоглар, маҳалла фаоллари, турли нодавлат жамоатчилик ташкилотлари
вакилларидан иборат гуруҳлар тузиб, тегишли туман ва шаҳарларда жойлашган ҳамда
мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунувидан қатъий назар барча корхона,
ташкилот ва муассасаларда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар
аҳволини ўрганиб боради, хулосалар чиқариб, уларни тегишли маҳаллий Кенгаш
муҳокамасига қўяди.
6.5. Маҳаллий бўлинмалар давлат бюджети маблағлари билан бир қаторда
кичик корхоналар очиб ёки хўжалик юритиш асосида ҳамда ҳомийларнинг беғараз
ёрдами ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин.
6.6. Маҳаллий бўлинмаларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлар, уларни қайта ташкил
этиш ва тугатиш тартиби, мол-мулкни бошқариш борасидаги ҳуқуқлари батафсил
равишда уларнинг Низомида белгиланади.
VII боб. Бўлимнинг мулк ва пул маблағларини
шакллантириш тартиби
7.1. Бўлим ўз тасарруфида бинолар, иншоотлар, ускуналар, анжомлар,
миллий ва хорижий валютадаги пул маблағлари, интелектула мулк ва муаллифлик
ҳуқуқлари объектлари, ташкилот (корхона, муассаса)ларга Марказ Устави ва ушбу
Уставда кўзда тутилган фаолиятни моддий таъминлаш учун зарур бўлган ва ўз
маблағлари ҳисобидан барпо этиладиган бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин.
7.2. Бўлим ва бўлинмалар мулкини шакллантириш манбалари қуйидагилар
ҳисобланади:
давлат бюджети;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий мулкий бадаллари;
давлат буюртмасига асосан соҳага оид фаолиятини амалга оширишга
ажратилган мақсадли молиявий ажратмалар ва давлат кўмаги;
грант, субсидия, ижтимойи буюртма кўринишидаги давлат органлари, жамоат
ташкилотлари томонидан маънавий-маърифий дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш
учун мақсадли келиб тушадиган маблағлар;
тадбиркорлик фаолиятидан олинган ҳамда фақат Марказ Устави ва ушбу
Устав мақсадларини бажариш учун сарфланадиган даромадлар (фойда);
Бўлимнинг босма нашрларидан тушадиган маблағлар;
қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа тушумлар.
7.3. Бўлим ва унинг тузилмалари томонидан тадбиркорлик ҳамда бошқа
фаолиятидан олинган даромадлар фақат Марказ Устави ва ушбу Уставида белгиланган
фаолиятга сарфланади ҳамда Бўлим ходимлари ва иштирокчилари ўртасида
тақсимланмайди.
7.4. Бўлим, шаҳар ва туман бўлинмалари ўзларига бириктириб қўйилган
мулкни оператив бошқариш ҳуқуқини амалга оширади.
VIII боб. Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш
тартиби
8.1. Ушбу Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Республика Маънавият
ва маърифат Марказининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.
8.2. Низомга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Республика Маънавият
ва маърифат маркази томонидан тасдиқланади ҳамда ўзгартиш ва қўшимчалар
киритилган кундан бошлаб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли
ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳудудий Адлия вазирлигидан қайта рўйхатдан ўтиш
учун мурожаат қилинади.
Ушбу Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бўлим қайта рўйхатдан
ўтказилгандан сўнг кучга киради.
IХ боб. Бўлимда ҳисоб ва ҳисобот иши
9.1. Шаҳар ва туман бўлинмалари белгиланган шаклда ҳар ойда кейинги
ойнинг 10-санасига қадар бўлимга молиявий ҳисобот ва тасдиқланган иш режанинг
бажарилиши юзасидан ҳисобот бериб борадилар.
9.2. Бўлим белгиланган тартибда Марказга ҳар чоракда, кейинги чорак
биринчи ойининг 10-санасига қадар молиявий ҳисобот ва тасдиқланган иш режанинг
бажарилиши юзасидан ҳисобот бериб боради.
9.3. Бўлим ўз фаолияти натижаларини ҳисобга олиб боради ва уларни
белгиланган тартибда ҳудудий Адлия вазирлигига, солиқ ва статистика органларига
тақдим этади.
9.4. Зарур бўлган ҳолларда бўлим
томонидан Бўлим ҳамда шаҳар ва туман бўлинмаларининг молиявий-хўжалик
фаолиятини аудитор текширувидан ўтказиш учун ташқи аудитор жалб қилиниши
мумкин.
Х боб. Бўлимни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби
10.1. Бўлимни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш Республика
Маънавият ва маърифат Маркази томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда
амалга оширилади;
10.2. Бўлим ва бўлинмаларнинг тугатилиши Республика Маънавият ва
маърифат маркази ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилади.