22.12.2024, Якшанба

“Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Фуқароларни бюджет жараёнига жалб қилиш механизмининг ишга туширилиши жойларда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечимини топиш ва жамоатчиликни бюджет жараёнининг иштирокчисига айлантиришда алоҳида восита бўлиб хизмат қилмоқда.

2021 йилда ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда баён этилган ўринли ва долзарб муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, давлат бюджетини шакллантириш ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига аҳолини фаол жалб этиш мақсадида:

1. Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 1-иловага мувофиқ 2021 йил 1 октябрга қадар:

Фуқаролар ташаббуси жамғармасида (кейинги ўринларда – Жамғарма) 1 миллиард сўмдан кам маблағ шаклланган туман ва шаҳарлар учун қўшимча 57,9 миллиард сўм;

“Очиқ бюджет” ахборот портали орқали келиб тушган таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 миллиард сўм маблағ ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарлар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизи “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.

Молия вазирлиги икки ой муддатда ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратиладиган маблағларнинг 50 фоизини “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган ички йўлларни таъмирлашга йўналтириш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

3. Белгилансинки:

туман ва шаҳар ҳокимлари Жамғармага маблағларнинг ўз вақтида ўтказилиши ҳамда Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича шахсан жавобгар ҳисобланади;

туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан ҳар чоракда чоракдан кейинги ойнинг 25-санасига қадар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштириш бўйича маълумотлар ўзларининг расмий веб-сайтлари ва “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борилади;

мазкур банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган қоидани бузиш бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб баҳоланади.

4. Молия вазирлиги:

уч ой муддатда “Очиқ бюджет” ахборот портали ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларда ташаббусли бюджетлаштириш натижалари бўйича маълумотларни жойлаштириб бориш тартиби ва шаклларини тасдиқласин;

халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида ҳудудлар томонидан йўл қўйилган камчиликларнинг таҳлиллари асосида ушбу жараённи такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб борсин;

фуқароларнинг ташаббусли бюджетлаштириш жараёнига жалб этилиши даражаси бўйича ҳудудлар рейтингини жорий этсин ҳамда уни “Очиқ бюджет” ахборот порталига жойлаштириб борсин;

ташаббусли бюджетлаштириш жараёнини бошқаришда молия органларининг вазифаларини аниқ белгилаган ҳолда мазкур жараённи мувофиқлаштириб борсин.

5. Ташаббусли бюджетлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда:

ташаббусли бюджетлаштириш жараёнини амалга ошириш механизми ва унинг моҳиятини аҳоли ўртасида тизимли равишда кенг ёритиб борилишини таъминласин;

ҳар бир маҳалла ва овулда “Очиқ бюджет” ахборот порталида таклиф қолдириш ва овоз бериш жараёнига кўмаклашувчи “мобил” гуруҳлар ҳамда “ташаббускорлар бурчаги”ни ташкил этсин;

7. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 22 сентябрь.