22.12.2024, Якшанба

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ И.В.САВИЦКИЙ НОМИДАГИ ДАВЛАТ САНЪАТ МУЗЕЙИ

Музей коллекцияси Марказий Осиёдаги энг яхши санъат тўпламларининг бири ҳисобланади. Музей ўзининг 100 мингга яқин бебаҳо экспонатлари билан ер юзидаги маданият, санъат соҳаси иҳлосбандларини ўзига тортган.

Марказий Осиёдаги халқаро аҳамиятга эга музейларнинг бири. Бу даргоҳ 1966 йили рассом, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Қорақалпоғистон халқ рассоми, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Игорь Виталиевич Савицкий ташаббуси билан очилган. 1984 йили музейга И.В.Савицкий номи берилган. 2011 йили музей “Туристлар назарига тушган музей” дипломига эга бўлиб, 2016 йили Ўзбекистоннинг етти мўжизасининг бири сифатида тан олинган.


Мамлакатимизнинг йирик санъат марказларидан бири бўлган музей археология, қорақалпоқ халқ амалий санъати ва тасвирий санъати каби уч бўлимдан иборат. Бугунги кунда музейда 100 мингга яқин экспонат сақланиб, улардан 2,5 мингга яқин экспонат кўргазмага қўйилган. Хронологик жиҳатдан экспонатлар бронза давридан бошлаб ҳозирги давр ижодларини ўз ичига олган. 1920-1930 йиллари яратилган ўзбек ва рус рассомларининг авангард йўналишидаги асарлари музейнинг баҳоли дурдоналари ҳисобланади.