22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартдаги “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ–6195-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги марказий аппаратининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларининг намунавий тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги ташкилотлар рўйхати 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) бошқарув ходимларининг чекланган сони 356 нафар, шу жумладан марказий аппаратида 39 нафар этиб белгилансин.

3. Агентлик директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Агентликнинг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари тузилмаларини тасдиқлаш;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари бошқарув ходимларининг чекланган сонини умумий белгиланган штат бирликлари доирасида тасдиқлаш;

Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Агентлик тузилмасига қўшимча бошқарув ходимлари штат бирликларини киритиш.

4. Белгилаб қўйилсинки, Агентлик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

5. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда, Агентлик марказий аппарати фаолияти республика бюджети маблағлари ҳисобидан, Агентлик ҳудудий бўлинмалари фаолияти маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

6. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 12-уй манзилидаги бино ва иншоотларининг А-блоки Агентликка оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилсин.

7. Молия вазирлиги Агентликка жами тўртта, шу жумладан учта бириктирилган ва битта навбатчи енгил автотранспорт воситаларини харид қилиш учун маблағлар ва уларни сақлаш учун лимит ажратсин.

8. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентликнинг буюртманомаси бўйича уни белгиланган тартибда тегишли алоқа турлари билан таъминласин.

9. Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари (Б.А. Мусаев) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш;

Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларни замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилишини юксак профессионал даражада таъминлашга қодир бўлган малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин.

10. Агентлик Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

а) Агентлик тўғрисидаги низом лойиҳасини;

б) Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотларга юкланган асосий вазифаларни чуқур таҳлил қилиб, мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, тиббий-ижтимоий муассасалар фаолиятини самарали ташкил этишни инобатга олган ҳолда:

“Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисидаги низом;

“Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисидаги низом;

“Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари тўғрисидаги низом;

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийлар тўғрисидаги низом;

Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати тўғрисидаги низом;

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази тўғрисидаги низом лойиҳаларини;

в) қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 25 март