22.12.2024, Якшанба

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИ РАИСИ БЕРУНИЙ ТУМАНИДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗДИ

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов Беруний туманидаги Маданият саройида Элликқалъа, Тўрткул ва Беруний туманлари ёшлари билан учрашуви ўтказди.

 

Маданият саройининг фое қисмида турли миллат вакилларининг куй-қўшиқлари ижро қилиниб, меҳмонлар кутиб олинган бўлса, маданият марказидаги 28 та тўгарак фаолияти билан ҳам танишилди. Доира, миллий қўшиқчилик, хареография, рубоб, эстрада, спортнинг бадиий гимнастика ва каратэ йўналишлари бўйича тўгарак иштирокчилари ўз маҳоратларини намойиш этди.

Жўқори Кенгес Раиси томонидан марказ кутубхонасига 1000 та китоб совға қилинди ва марказ тасарруфидаги музей экспонатлари ҳамда берунийлик рассомлар Собир Қутлимуратов, Сахий Джанахмедовнинг кўргазмалари билан ҳам танишди. Ижодкорларга бугунги ёш авлодни рассомчилик санъатига қизиқишларини янада орттириш мақсадида устоз-шогирд анъанасини давом эттиришлари учун Жўқори Кенгес Раиси тавсияларини бериб ўтди.

Олис ҳудудлардан мактабларга қатновчи ўқувчиларга 20 дона вилосипед совға қилинди.

 

Жўқори Кенгес Раисининг маданият залида ёшлар билан учрашуви юқори савияда, савол-жавобларга бой бўлди. Дастлаб чет-элда ўқувчи ёшлар билан ZOOM дастури орқали Хитой, Беларусь ва Россия университетларида таълим олаётган ёшлар билан ўзаро фикр алмашилди.

 

Шундан сўнг 3 та туман ёшлари мурожаатлари тингланди. Жўқори Кенгес Раиси томонидан кам таъминланган оила фарзандларига шартнома тўловлари учун сертификатлар, фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришган ёшларга ноутбук совға этилди. Учрашувдан сўнг ёшлар учун гала концерт намойиш этилди. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ҳодимлари ижросидаги куй-қўшиқлар, даврага янада файз бағишлади.

 

Беруний тумани ҳокимлиги ахборот хизмати