Шу йилнинг 22 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирлигида «Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш» мавзусидаги матбуот
анжумани ўтказилди.
___Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи технологияларни жорий
қилишга оид қабул қилинган қарорларнинг мазмун-моҳияти ва уларда белгиланган
вазифалар ижроси билан оммавий ахборот воситалари вакилларини таништириш
мақсадида ташкил қилинган тадбирда маҳаллий ва марказий матбуот нашрлари,
радио-телевидение, интернет журналистлари ва блогерлар иштирок қилди.
___Матбуот анжумании аввалида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
Жалғас Узақов сўзга чиқиб, Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида
ҳудудда сув хўжалигини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб
чиқиш топшириғини бергани ва шу асосида қилинган тадбирлар ижроси
натижасида 2020 йилнинг 5 декабридаги «Қорақалпоғистон Республикасида сув
ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш
бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор қабул
қилинганини ва бу нафақат сувчилар, ёки фермер-деҳқонлар, балки бутун Оролбўйи
халқининг тақдирига дахлдор бўлган аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга
замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлганини алоҳида эътироф қилди.
___Матбуот анжуманида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги
вазирининг биринчи ўринбосари Алаўатдин Мамбеткаримов «Қорақалпоғистон
Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив
ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги
қарорнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 11 декабрда қабул қилинган ПҚ-4919-сонли қарорларида белгиланган
вазифалар ва ижроси юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берди.
___Шундан сўнг матбуот анжумани очиқ мулоқот тарзида давом қилди.
___– Ўтган йилда 30 гектар майдонга, томчилатиб суғориш технологияларни жорий
қилдик, дейди «Сардор сариалтин» фермер хўжалиги раҳбари Шукурулла
Саъдуллав. – Мен ўзимнинг ишлаб тажрибадан ўтказган жараёним ва сув
тежовчи технологияларни жорий қилиш келгусида юқори ҳосил олиб, фаолиятимни
ривожлантираман деган фермерлар учун бугунги кун талаби эканлигини тушунтиришга
ҳаракат қилдим. Блогерлар томонидан берилган айрим саволларга жавоб берар
эканман бу борадаги тарғибот тадбирларини янада кўпайтириш кераклигини
англадим.
___Тадбирда олим, профессор Сарсенбой Шамшетов ҳам сўз олиб,
республикада фермерларга сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари ва унинг
кенг тарғиб этиш бщйича таклифларини айтиб ўтди.
___Матбуот анжуманида ҳудудлардан келган фермер хўжаликлари раҳбарлари сув
тақчиллиги юзасидан муаммолари бўйича мурожаатлари ҳам тингланди ва бу масалани
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг шахсан ўзи алоҳида
назоратга олиб, муаммони имкон қадар бартараф қилиш чораларини кўришини
таъкидлади.
___Журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга вазирликнинг масъул ходимларидан
ташқари таклиф қилинган олимлар, ўтган йилда сув тежовчи технологияларни жорий
қилган фермерлар ҳам жавоб бериб, ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашди.
Юқорида келтирилган қарорлар ижросини таъминлаш, сув тежовчи технологиялар ва
илғор тажрибаларни кенг тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларининг роли
муҳим аҳамият касб этади. Шу боис матбуот анжуманида барча ОАВ вакилларини
ҳамкорликда ишлашга чақирилди.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби