22.12.2024, Якшанба

Сенат Раиси Мўйноқ туманида бир қатор лойиҳалар билан танишди

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди.  

2021 йил 22 январь куни Сенат Раиси Т.Нарбаева ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Мўйноқ туманига ташриф буюрди.

Бундан 4-5 йил олдин Мўйноққа борган киши бугун бу масканда олиб борилган бунёдкорлик ва яратувчанликни кўриб ҳайратланиши шубҳасиз. Президентимизнинг ушбу туманга ташрифи давомида “Маданият Мўйноқдан бошланади”, деган ғояси асосида бу ерда улкан ишлар амалга оширилди. Шулардан бири — туман марказида ўтган йили қурилган  “Оқ кема” болалар оромгоҳи.
Сенати Раиси ташрифи давомида ушбу оромгоҳда болаларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йил Орол денгизининг суви қуриган жойларида “Яшил қопламалар” яратиш учун саксовул экиш ишлари бошланган эди. Айни пайтда ҳам ушбу тадбирлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда, бу юмушларга юртимизнинг барча ҳудудидан ишчи ва механизаторлар жалб этилган.

Шу билан бирга, парламент юқори палатаси Раиси шу ерда ташкил этилган ўрмончилар штабида бўлиб, саксовул экиш жараёнларини кузатди.


Сўнгра шу ерда “Оролга мадад” акцияси ўтказилди. Акция доирасида Сенат Раиси ўрмончилар билан учрашиб, ишчи ва механизаторларга яратилган шароитни кўздан кечирди. Тадбир доирасида штабга саксовул уруғи, кўчат ва озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Бу хайрли иш қатнашчиларига миннатдорлик ифодаси сифатида концерт дастури намойиш этилди.    

Ташриф доирасида Сенат Раиси тумандаги Мўйноқ экология музейи экспонатлари билан ҳам танишди. Шу ерда рассом ва дизайнер қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг ижодий ишларини эътироф этди. Ўз навбатида, уларга ижодий изланишни юқори суръатда давом эттириш бўйича кўрсатмалар берди.

— Бахтли замонда яшаяпмиз, ўтаётган ҳар кунимиздан фахрланимиз, — дейди ёш дизайнер А. Туралиева. — Айниқса, сўнгги йилларда биргина бизнинг Мўйноқ туманимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўриб, илҳом келади. Биз, ёш ижодкорлар Мўйноғимизнинг янги тарихини бирга яратаётганимиздан бахтиёрмиз.




Бундан ташқари, Сенат Раиси Мўйноқ тумани марказидаги Маданият саройида ташкил қилинган “Нафосат” номли модалар кўргазмасининг очилиш тантаналарида ҳам қатнашди. Унда дизайнерлар томонидан яратилган миллий кийимлар ва бош кийимлар ҳамда қадимий безаклар намойиш этилди. 




Эътиборлиси, бу фестивалга Бухоро, Тошкент, Андижон ва Хоразмдан кўплаб ижодкорлар ўзларининг сара асарлари билан ташриф буюришганди. Айниқса, “Қадимий Турон Афсонаси”, “Саўкеле”, “Тумор”, “Нил гранит” каби асарларга кўпчиликка манзур бўлди. Тадбир доирасида ўзларининг ижодий ишлари билан фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ дизайнерлар тақдирланди.





Шунингдек, Т.Нарбаева “Мўйноқ текстиль” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда бу ерда меҳнат қилаётган хотин-қизлар фаолияти билан ҳам танишди. Қолаверса, “Аёллар дафтари”га киритилган кам таъминланган ва кўп болали 10 та оила вакиллари билан учрашиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Сенат Раисининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати