Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишга интилар экан, бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” ташаббуси йўлга қўйилганини эълон қилди. Иштирокчилар бошқа мамлакатларни минтақавий иқтисодий шериклик ва фаровонликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ушбу ташаббусга қўшилишларини олқишлайди.
Мазкур ташаббус орқали АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Ҳукумати манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи “Остона” Халқаро молия маркази, Марказий Осиё ва минтақадаги хусусий сектор ўсишига ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 миллиард доллар маблағ жалб этиш мақсадида барча имкониятларни ишга соладилар.
“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги”нинг мақсади халқаро инфратузилма сифат стандартига жавоб берадиган ҳамда инклюзив, шаффоф ва барқарор инвестиция ҳажми ўсишига кўмаклашувчи хусусий сектор соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришдан иборат. Шериклар лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади, минтақага қўшимча хусусий инвестиция кириб келишини фаоллаштиради.
Мазкур лойиҳа АҚШнинг Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳаётга татбиқ этишдаги муҳим қадамдир. “C5+1” платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқ кўламини кенгайтириш, комплекс ривожланишни рағбатлантириш ва кўп томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун барча мавжуд имкониятлардан фойдаланишга интилади.
Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишга интилар экан, бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” минтақамиздаги ҳар бир давлатнинг ривожланиш, гуллаб-яшнаш сари интилишига асосланади.
Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, DFC Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Ҳукумати манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи “Остона” халқаро молия маркази билан ўзаро англашув меморандумини имзолаш ҳамда инвестиция жамғармалари фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини ўрганиш орқали Марказий Осиёда шерикликни чуқурлаштиришда давом этади.
Ушбу баёнот матни Америка Қўшма Штатлари, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ҳукуматлари томонидан эълон қилинди.
ЎзА