Бир қатор интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда
Каттақўрғонда электрсиз қолган иссиқхона бир кечада 35 минг доллар зарар
кўргани ҳақида тарқалган хабарлар ўрганиб чиқилганда мазкур ҳолат ҳақиқатдан
ҳам ушбу туманда содир бўлгани аниқланди.
Жумладан, “Каттақўрғон Валижон парранда” МЧЖ раиси
М.Улуғмуродов 2020 йил 18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси туман электр
тармоқлари корхонаси томонидан 6 соат мобайнида электр энергияси узиб қўйилиши
оқибатида 1 гектар майдондаги иссиқхонада экилган помидор музлаб қолиши
оқибатида 231 миллион сўм зарар кўрганини баён этиб, Каттақўрғон тумани
прокуратурасига мурожаат қилган.
Тумандаги “Муродулла бобо” фермер хўжалиги раҳбари
Ф.Насруллаев эса иссиқхонасидаги 1 гектар майдондаги помидор ва 1 гектар ердаги
бодринг кўчатлари ва ҳосилининг музлаб қолиши оқибатида 823 миллион сўм моддий
зарар кўрган.
Ваҳоланки, фермер хўжаликлари ва электр тармоқлари
корхоналари ўртасида тузилган шартномага кўра, таъминотчи истеъмолчига электр
энергиясини етарли миқдорда ва узлуксиз етказиб бериши лозим.
Шартнома шартлари бузилганлиги ва мажбурият бажарилмагани
сабабли Каттақўрғон тумани прокуратураси жорий йилнинг 23 ноябрь санасида
мазкур ҳолатлар юзасидан “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик
жамиятидан фермер хўжаликларига етказилган 1 миллиард 54 миллион сўм моддий
зарарни ундириш юзасидан Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси
киритди.
Тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш ва уларга етказилган
зарар ундирилиши шахсан вилоят прокурори назоратига олинди.