22.12.2024, Якшанба

2020-2023 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президент қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тарғиб қилинмоқда

Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 2 октябрь куни Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифалар белгилаб берилган эди. Шу мақсадда 2020 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича барча соҳаларнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланиб, амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар ва чора-тадбирлар дастурлари тасдиқланди. Шунингдек, қарорда Олий Мажлис Сенатига масъул вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари билан биргаликда Дастур доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини таъминлаш, юзага келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ҳамда туманларига ҳар ойда чиқиш тизимини яратиш ҳамда соҳага оид муаммоларни шаҳар ва туманларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиққан ҳолда жойида ҳал этиб бориш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари топширилган эди.


Шу мақсадда Амударё туманига бириктирилган масъуллар – Олий Мажлис Сенати аъзоси Баҳодир Тажиев, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси Зуҳра Реимовалар 23 ноябрь куни туманга ташриф буюрди.

Дастлаб Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг доимий комиссиялари раислари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори билан Парламент назоратини амалга оширишда, Президент қарори мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш ва тарғиб қилишда Сенат аъзоларига Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш топширилган. Шу мақсадда ҳудудларга бириктирилган сенаторларга ҳар ойда бир маротаба маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда Кенгашнинг доимий комиссиялари билан биргаликда учрашувлар ўтказиб, Президент қароридаги топшириқларни муҳокама қилиб бориш топширилган.

 

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг доимий комиссияларига Президент қарорининг мазмун-моҳиятини аҳолига кенгроқ етказиш учун жойларда учрашувлар, тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаб, бу бўйича тавсиялар берди.

Шундан кейин “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида кўрсатилган топшириқлар ижросини назорат қилиш ва бу борада амалий кўмак кўрсатиш бўйича тузилган штабнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда туман ҳудудидан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимлиги масъуллари, муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев очиб, Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йиллар давомида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президент қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Туман ҳокими ўз сўзида Президент қарори билан тўқимачилик саноати ва боғдорчиликни ривожлантириш Амударё туманининг ўсиш нуқталари этиб белгиланганини, бу бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев сўзга чиқиб, Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини самарали ташкил қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари туман ва шаҳарларга, маҳаллий Кенгашлар депутатлари округлар кесимида маҳаллаларга масъул этиб бириктирилганини таъкидлаб ўтди. Президент қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларининг ўсиш нуқталари белгиланиб, тегишли ҳудудларда мазкур иқтисодий фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил қилинган тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғини тўлашдан озод қилинди.

 

Президент қарори билан тасдиқланган 2020-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатига Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 1 359 та, Амударё тумани бўйича 77 та лойиҳалар киритилган бўлиб, уларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари, лойиҳаларни молиялаштириш манбалари аниқ белгилаб қўйилган.

Йиғилишда тижорат банкларига мазкур лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш, ваколатли органлар раҳбарларига лойиҳаларни тегишли инфратузилма билан таъминлашда, депутатларга эса бу борада юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда амалий ёрдам бериш вазифалари топширилди.

Айтиш керакки, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашда фуқаролар билан сайёр мулоқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тажиев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси Зуҳра Реимовалар бир неча кун давомида туманда бўлиб, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев раҳбарлигида жойларга чиқиб, ҳудудларда аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ўрганадилар.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.