22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июндаги «Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 422-сонли қарори ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июндаги «Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 422-сонли қарори ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил    5 июндаги «Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш  ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 422-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил   5 июндаги «Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув  хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари  барпо этиш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  422-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида кўрсатилган қарори билан:

а) Суғориладиган ерларни шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорлари барпо этиш ва уларни реконструкция қилиш тартиби тўғрисидаги Низом             иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига  икки ой муддатда «Ўрмонқурилиш» давлат унитар корхонасини  (кейинги ўринларда «Ўрмонқурилиш» ДУК деб аталади) ташкил этиш ва унинг ташкилий тузилмасини, штатлари рўйхатини ва уставини белгиланган тартибда тасдиқлаш топширилганлиги;

 

в) Қуйидагилар:

суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш  ва реконструкция қилиш ишларида буюртмачи вазифасини бажариш;

иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш ишларининг бош пудратчиларини аниқлаш бўйича танлов савдоларини ўтказиш, танлов савдолари натижалари бўйича пудрат шартномаларини тузиш, белгиланган тартибда техник назорат ишларини амалга ошириш            ва ишларни қабул қилиш;

бажарилган иш ҳажмларини белгиланган тартибда пудратчилардан қабул қилиш, иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича бажарилган лойиҳаларни ердан фойдаланувчиларга топшириш;

шаҳар ва қишлоқ жойларда кўкаламзорлаштириш ва ландшафт дизайни билан боғлиқ ишларни амалга ошириш;

ўрмон кардонлари, йўллари ва бошқа ўрмон хўжалиги объектларини қуриш;

ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш «Ўрмонқурилиш» ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланганлиги;

Қуйидагилар:

хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

грантлар ва конунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар «Ўрмонқурилиш» ДУК фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланиши;

 г) Иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида:

суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига қарши иҳота дарахтзорларини барпо қилиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ташаббускори этиб - Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш                ва реконструкция қилиш бўйича - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги;

«Ўрмонқурилиш» ДУК - буюртмачи этиб;

бош лойиҳа ва пудрат ташкилоти - танлов савдолари якунлари бўйича белгиланган тартибда;

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар - молиялаштириш манбаи этиб белгиланганлиги;

г) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига қарши қурашиш ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилишини фаоллаштириш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. 2018 йилда иҳота ва сувни ҳимоя қилиш дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш манзилли дастурини шакллантирувчи Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий ишчи гуруҳи таркиби  иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ишчи гуруҳнинг вазифалари этиб Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори билан тасдиқланган Низомда кўрсатилган топшириқлар белгилансин.

Туманлар ҳокимлари ўз қарорлари билан ҳудудий туман ишчи  гуруҳлари таркибини тасдиқлаш топширилсин.

4. Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси (Т.Султанов)  туман ҳокимлари билан биргаликда иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва келгусида ердан фойдаланувчиларга белгиланган тартибда топшириш учун зарур бўлган ерларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминласинлар.

5. Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлими суғориладиган ерларнинг           шамол эрозиясига қарши қурашиш ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларини барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилишини фаоллаштирсин.

6. Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси, Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида суғориладиган ерларнинг шамол эрозиясига ҳамда сув хўжалиги объектларини қум босишига қарши иҳота дарахтзорларни барпо этиш ишлари бўйича илм-фан ютуқларини, илғор ташкилотлар тажрибасини кенг ёритиш тавсия этилсин.

 

7. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий хужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари С.Хожаметов зиммасига юклатилсин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

 Вазирлар Кенгашининг Раиси                                      Қ.Сариев