22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-3781-сонли қарори ҳақида


 

Халқимиз маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ажралмас бир қисми бўлган,муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини яққол ифода этадиган Рамазон ҳайитини муносиб нишонлаш жамиятимиздаўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак инсоний фазилатларни камол топтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-3781-сонли қарорида белгиланган топшириқларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадидаҚорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 июндаги “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-3781-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2.Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги қарорига мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 15 июнь жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги “2018 йилда расмий саналар ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги 5290-сонли Фармонига мувофиқ 2018 йил 15-17 июнь кунлари – Рамазон ҳайитининг биринчи уч куни байрам сифатида кенг нишонлаш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Нукус шаҳри ва туманлар ҳокимликлариЎзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Алеуов зиммасига юклансин.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгашининг Раиси                                          Қ.Сариев