22.12.2024, Якшанба

2018 йил ҳосили учун чигит экиш мавсумида жорий йилнинг 20-23 апрель кунлари бўлган ёғингарчилик натижасида талофат кўрган майдонларга қўшимча амалга ошириладиган агротехник тадбирларни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида жорий йил 20-23 апрель кунлари узлуксиз кучли ёмғир ёғиши оқибатида тупроқ қатламида қатқалоқ бўлиши натижасида зарарланиб нобуд бўлган чигит экилган майдонларга қўшимча амалга ошириладиган агротехник тадбирларни ўтказиш ва қайта экиш бўйича туманлар ҳокимларининг ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил12 майдаги 011/06-1082-сонли хатини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

1. 2018 йил 20-23 апрель кунлари узлуксиз кучли ёмғир ёғиши оқибатида тупроқ қатламида қатқалоқ бўлиши натижасида зарарланган майдонларга қўшимча амалга ошириладиган агротехник тадбирларни ўтказиш бўйича туманлар ҳокимларининг ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 12 майдаги 011/06-1082-сонли таклифи мақуллансин.

2. Тўрткўл тумани ҳокимининг 2018 йил 28 апрелдаги 750-сонли, Беруний тумани ҳокимлигининг 2018 йил 27 апрелдаги 4766-сонли, Элликқалъа тумани ҳокимлигининг 2018 йил 27 апрелдаги 363/4-сонли, Амударё тумани ҳокимлигининг 2018 йил 7 майдаги 335-сонли, Тахиатош тумани ҳокимлигининг 2018 йил 27 апрелдаги 589/04-сонли, Хўжайли тумани ҳокимлигининг 2018 йил 28 апрелдаги 647/04-сонли, Шўманой тумани ҳокимлигининг 2018 йил                            24 апрелдаги 377/4-сонли, Қонликўл тумани ҳокимлигининг 2018 йил 24 апрелдаги 586/04-сонли, Қўнғирот тумани ҳокимлигининг 2018 йил 28 апрелдаги 575/4-сонли,
Нукус тумани ҳокимлигининг 2018 йил 26 апрелдаги 681/4-сонли, Кегейли тумани ҳокимлигининг 2018 йил 28 апрелдаги 444-04-сонли, Чимбой тумани ҳокимлигининг 2018 йил 25 апрелдаги 717-сонли, Қораўзак тумани ҳокимлигининг 2018 йил 27 апрелдаги 371/4-сонли ҳамда Тахтакўпир тумани ҳокимлигининг                     2018 йил 26 апрелдаги 418-сонли қарорлари тасдиқлансин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари (Хожаметов), Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Аминов), туманлар ҳокимликлари билан биргаликда ёмғир оқибатида талофат кўрган майдонларни бартараф этишда талаб этиладиган моддий ресурслар ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, 2018 йил давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштиришга қўшимча уруғлик ва ёнилғи мойлаш маҳсулотлари ажратиш бўйича бир кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифларини киритсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Аминов), туманлар ҳокимлари 2018 йил 20-23 апрель кунлари кучли ёмғир ёғиши оқибатида талофат кўрган чигит экилган майдонларда қайта экишни қисқа муддатларда сифатли экилишини ва агротехник қоидалар асосида парваришлаш ишларини амалга оширилишини таъминласин.

5. “Ўзагросуғурта” ДАСК Қорақалпоғистон филиали (Тасбаев)га белгиланган тартибда шартнома ва тегишли ҳужжатлар асосида фермер хўжаликларига табиий офатдан келтирилган иқтисодий зарарларни қоплаш бўйича барча чораларни кўриш тавсия этилсин.

6. “Қорақалпоғистон минтақавий пахта терминали” МЧЖ (Султанов), “Тахиатош нефт база” МЧЖ (Абдимуратов), туманлар ҳокимликлари билан биргаликда қайта бузиб экиладиган майдонларга уруғлик чигит ва ёнилғи мойлаш материалларини белгиланган тартибда узлуксиз етказиб беришни таъминласинлар.

7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари С.Хожаметов зиммасига юклансин.

 

 

            Қорақалпоғистон Республикаси

            Вазирлар Кенгашининг Раиси                                            Қ.Сариев