22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3898-сонли қарори ҳақида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3898-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-3898-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда – Режа) 1- иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Режада назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан идора ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарлик юклансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича Комиссия таркиби (кейинги ўринларда – Комиссия) 2-иловага мувофиқ  ташкил этилсин.

Комиссия (М.Жуманов):

ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий билимларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилиб борсин, аниқланган муаммолар юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқсин;

давлат ва нодавлат ташкилотларининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва ташаббусларини ҳарбий қисм ва муассасалар тизимида татбиқ этишда амалий ёрдам берсин ҳамда самарали ҳамкорликни йўлга қўйишда кўмаклашсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлар раҳбарлари:

ҳарбий қисм ва муассасаларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича барча зарур чоралар кўрилсин;

ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга қаратилган тизимли ишларни, шу жумладан ҳафтанинг ҳар жума куни ўтказилиши белгиланган “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” тадбирларини ташкил этишда ҳарбий қисм ва муассасалар қўмондонликларига яқиндан ёрдам кўрсатилсин;

ҳарбий хизматчилар оилалари турмушининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини мунтазам ўрганиш йўлга қўйилсин, аниқланган муаммо 

ва камчиликлар бўйича аинқ манзилли иш режалари ишлаб чиқилиб, ижроси таъминлансин;

ҳарбий округ бошқарув аппарати, ҳарбий қисм ва муассасаларга киритилган “психолог”, “етакчи социолог”, “ҳарбий қисм командирининг маънавият 

ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси – Маданият маркази бошлиғи” каби янги лавозимларга соҳасининг етук мутахассиси бўлган фуқароларни саралаб олиш ва тақдим этишда, мазкур лавозимларни мунтазам равишда тўлдириб бориш масалаларида ҳарбий округ, қисм ва муассасалар қўмондонликларига кўмаклашилсин.

5. Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси (Қ.Нагметов) ва Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлигига (А.Бекмуратов) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш жараёнларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон  Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов зиммасига юклатилсин.


Қорақалпоғистон Республикаси    

Вазирлар Кенгашининг Раиси

                            Қ.Сариев