22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «2018 йилда республикада экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда уларни экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида »ги ПҚ-3893-сонли қарори ҳақида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «2018 йилда республикада экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда уларни экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3893-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши

 

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги «2018 йилда республикада экин майдонлари таркибини оптималлаштириш, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳамда уларни экспортга етказиб бериш ҳажмларини кўпайтиришга  оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3893-сонли қарори ижро  учун раҳбарликка олинсин. 

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида кўрсатилган қарори билан: 

а) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат  қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда  вилоят ҳокимликларининг:

2018 йилда ҳосили паст ерлардаги ғўза экин майдонларини 99,4 минг гектарга қисқартириш;

2018 йилда мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмларини 817,0 минг тоннага кўпайтириш;

2018 йилда 266,0 минг тонна мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қўшимча равишда экспортга етказиб берилишини таъминлаш;

1 ва 1.1-1.13-иловаларга мувофиқ 2018 йилда ҳосили паст пахта майдонларида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг  прогноз параметрлари;

2 ва 2.1-2.13-иловаларга мувофиқ 2018 йилда ҳосили паст пахта майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишнинг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги таклифларига  розилик берилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т.Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган параметрларга сўзсиз эришилиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш топширилганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг баъзи қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилганлиги;

г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»  2017 йил 15 сентябрдаги ПҚ-3281-сонли қарорининг 15-банди, шунингдек, қарорнинг 5-8-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланганлиги маълумот учун қабул қилинсин. 

3. Қуйидагилар:

2018 йилда ҳосили паст пахта майдонларида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришнинг прогноз параметрлари 1 иловага мувофиқ;

2018 йилда ҳосили паст пахта майдонларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилишнинг прогноз ҳажмлари  2 -иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Туманларнинг ҳокимлари Қорақалпоғистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХКнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили билан биргаликда ушбу қарор билан тасдиқланган параметрларга сўзсиз эришилиши устидан таъсирчан назоратни таъминласин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг баъзи қарорларига 3-илова мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2017 йил 21 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги «2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида»ги ПҚ-3281-сонли қарори ҳақида»ги 648-сонли 10-банди, шунингдек, қарорнинг 5-8-иловалари  ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин. 

7. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари С.Хожаметов зиммасига юклатилсин.


Қорақалпоғистон Республикаси

 Вазирлар Кенгашининг Раиси                                      Қ.Сариев