Солиқ юкини изчиллик билан камайтириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни жадал ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг энг муҳим шартлари ҳисобланади.
Шу билан бирга, ўрганишлар натижалари мазкур соҳада бир маромда иктисодий ўсишга, ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни оширишга, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигининг зарур даражасини таъминлашга тўскинлик қилаётган бир катор тизимли муаммоларни кўрсатди, хусусан:
биринчидан, умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун солиқ юки даражасининг юқорилиги, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимида солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги фарқнинг сезиларлилиги;
иккинчидан, қўшилган қиймат солиғини ундиришнинг самарасиз тизими, солиқ тўловчиларнинг айланма маблағларини жалб қиладиган, шунингдек, истеъмол маҳсулотининг оралиқ ва якуний қиймати қимматлашишига олиб келадиган ҳамда йирик ва кичик бизнес ўртасидаги кооперациянинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган мажбурий тўловларнинг мавжудлиги;
учинчидан, солиқ тўловчилар томонидан ходимларнинг реал сонини ва меҳнатга ҳак тўлаш фондини яширишга олиб келувчи меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқ ставкаларининг юқорилиги;
тўртинчидан, имтиёзларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича таъсирчан тизимнинг мавжуд эмаслиги сабабли соғлом рақобатни таъминлашга салбий таъсир кўрсатувчи, хўжалик юритувчи субъектларни солиқ ва божхона, шу жумладан индивидуал хусусиятга эга бўлган имтиёзлар хисобига қўллаб-кувватлаш амалиётининг кенг тарқалганлиги;
бешинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида ахборот алмашиш механизмларининг, электрон солиқ маъмуриятчилиги ҳамда солиқ назоратини амалга ошириш шакл ва услубларининг такомиллашмаганлиги;
олтинчидан, ўтказиладиган назорат тадбирларининг сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ва инсофли тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига аралашишларни камайтиришга тўсқинлик қилувчи назорат фаолиятини амалга оширишда хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва бошқаришнинг аниқ тизими йўқлиги;
еттинчидан, маҳаллий солиқ ва йиғимларнинг маъмуриятчилиги механизмларининг самарасизлиги оқибатида уларнинг йиғилувчанлик даражаси етарли эмаслиги, шунингдек, кўчмас мулк ва ер участкаларини тўлиқ ҳисобга олиш ва қийматини объектив аниқлашнинг мавжуд эмаслиги.
Мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва халқаро экспертларнинг тавсияларидан келиб чиқиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги ПФ-5468-сонли Фармони ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан:
а) қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб белгиланганлиги:
иқтисодиётга солиқ юкининг даражасини камайтириш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш;
солиқларни унификация қилиш орқали уларнинг сонини оптималлаштириш, шунингдек, ўхшаш солиқ солиш базасига эга бўлган солиқларни бирлаштириш, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш, операцион харажатларни минималлаштириш;
макроиқтисодий вазиятнинг барқарорлигини, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва унинг даромадларини шакллантиришнинг мустаҳкамлигини таъминлаш;
солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуклари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш;
солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳаволаки нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш, шу жумладан кодексда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларининг миқдорларини белгилаш;
хорижий инвесторлар ва инвестициялар учун қулай режимни сақлаб қолиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳуқуқий ҳимоялаш;
солиқ назоратининг шакл ва механизмларини, шу жумладан солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, трансфер нархларни шакллантириш билан боғлик операцияларга солиқ солиш тартибини жорий этиш;
б) Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб:
биринчидан, меҳнатга ҳак тўлаш фондига солиқ юки қуйидагилар орқали камайтирилиши:
барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этилиши, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш. Бунда, айрим тоифадаги фуқароларнинг энг кам ойлик иш ҳакининг 4 баравари микдоридаги даромадларини солиқ солишдан озод қилишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолиниши;
фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиниши;
пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпрок бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўловни 25 фоиз микдорида белгиланиши, шунингдек, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилиши;
иккинчидан, оборот (тушум)дан солиқларни оптималлаштирган ҳолда умумбелгиланган ва соддалаштирилган солиқлар тўловчиларни солиққа тортиш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибига ўтиш мезонлари қуйидагилар орқали такомиллаштирилиши:
давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг обороти (тушуми)дан ундириладиган мажбурий ажратмаларни бекор килиниши;
юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун - 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш, шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартибини бекор қилган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача оширилиши;
дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича тўлов манбаидан ушлаб қолинадиган фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилиши;
ўтган йил якунлари бўйича йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилиши. Бунда, йиллик оборот (тушум)нинг 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилиши;
барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан обороти (тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни жорий этилиши;
қўшимча фойда солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини, шу жумладан роялти тўлашни жорий этиш орқали такомиллаштирилиши;
учинчидан, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш чоралари қуйидагилар орқали амалга оширилиши:
юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини, бино ва иншоотлардан, шу жумладан илгари хусусийлаштирилган объектлардан самарасиз фойдаланаётган юридик шахслар учун оширилган ставкада солиқ ҳисоблаш тартибини сақлаб қолган ҳолда, 5 фоиздан 2 фоизга пасайтирилиши;
йиллик обороти (тушуми) 1 миллиард сўмгача бўлган солиқ тўловчилар учун оборотдан (тушумдан) солиқни 4 фоиз миқдордаги базавий ставкадан келиб чиқиб ҳисоблаш ва тўлаш тартибини ҳамда қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий равишда тўлаш имкониятини белгиланиши;
ягона ер солиғи тўловчилар учун солиқ солиш тартибининг сақлаб қолиниши;
тўртинчидан, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби қуйидагилар орқали такомиллаштирилиши:
қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий этилиши, солиқ солиш базасини аниқлаштирилиши ва имтиёзлар сонини камайтирилиши, шунингдек, 2019 йил якуни бўйича мазкур солиқ ставкаси миқдорини пасайтириш орқали қўшилган қиймат солиғининг 20 фоиз миқдордаги амалдаги ставкасини сақлаб қолиниши;
ҳозирги вақтда сотиб олинадиган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш суммаларига киритиш ҳуқуки берилиши;
тегишли тадбирларни молиялаштириш учун маблағларни республика бюджетига ўтказган ҳолда, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун ҳар бир ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлигига ўрнатилган акциз ва йиғимларни бирлаштирилиши маълумот учун қабул қилинганлиги;
в) Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш ҳамда самарасиз солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларини бекор қилиш бўйича ишчи комиссиянинг янгиланган таркиби иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;
Ишчи комиссия (Б.Мавлонов)га:
бир ҳафта муддатда тегишли йўналишлар бўйича эксперт гуруҳлари фаолиятини, шу жумладан улар ишига солиққа тортиш соҳасида амалий тажрибага эга экспертлар ва бизнес вакилларини жалб қилган ҳолда ташкил этиш;
2018 йил 1 ноябрга қадар муддатда самарасиз солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференцияларини бекор қилиш, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ ва Божхона кодексларига мувофиқ доимий амал қилувчи солиқ ҳамда божхона имтиёзларини тақдим этиш тартибини жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрланишини таъминлаш;
2018 йил 1 декабрга қадар муддатда Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, унинг кенг жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш орқали Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини тайёрлашда ва Ўзбекистон Республикаси солиқ тизимини ислоҳ қилишда техник жиҳатдан кўмаклашишни таъминлаш учун Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш чораларини кўриш топширилганлиги;
г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда:
солиқ мажбуриятларини бажарувчи солиқ тўловчилар маъмурий харажатларининг кескин ошишини олдини олишга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи комплекс тадбирларни тасдиқлаш:
давлат солиқ хизмати органлари ходимлари ва солиқ тўловчиларнинг, шу жумладан қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг фойда солиғини ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш бўйича малакасини ошириш;
солиқ ҳисоботини соддалаштириш ва унинг автоматлаштирилган бухгалтерия ҳисобини юритувчи дастурий маҳсулотлар билан интеграциялашувини таъминлаш;
солиқ маъмуриятчилигини, шу жумладан солиқларни тўлаш даврийлигини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини;
пенсияларни ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг персоналлаштирилган ҳисобини юритиш тартибини жорий қилиш;
якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширишга рухсат этилган фаолият турлари танқидий қайта кўриб чиқилиши ва қисқартирилишини таъминлаш;
маълумотлар базалари солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базасига интегрция қилинадиган давлат органлари ва ташкилотларининг рўйхатини тасдиқлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2019 йил 1 январга қадар муддатда вазирлик ва идораларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини ўргансин ҳамда уларнинг ишончлилигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилганлиги;
д) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда оммавий баҳолаш ўтказиш бўйича илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган холда, юридик шахслар кўчмас мулкининг бозор қийматини аниқлаш механизмини жорий қилиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилганлиги;
е) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигига, Марказий банки ва Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда 2018 йил 1 августга қадар муддатда стратегик режалаштириш ва прогнозлашнинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда ва мазкур Фармонда солиқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича белгиланган чора-тадбирларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2019-2021 йилларга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозини ишлаб чиқишни таъминлаш топширилганлиги;
ж) Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А.Кўчкоровга:
2019 йил учун бюджетномада ушбу Фармон билан белгиланган норма ва қоидаларни назарда тутиш;
2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тақдим этиш билан бир вақтда Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларининг 2020-2021 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли бюджет йўналишларини киритиш;
2019-2021 йилларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини ишлаб чиқишда хориждан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига молиялаштириладиган сарф-харажатларни инобатга олмаган ҳолда унинг мутаносиблигини таъминлаш топширилганлиги;
з) Давлат солиқ қўмитасига, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги раҳбарлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бюджет тизими бюджетларининг прогноз параметрлари бажарилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилганлиги;
и) Молия-бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон Республикаси бюджетининг баланслашган ижросини таъминлаш учун:
вазирликлар ва идоралар, ишончли бошқарувчилар, шунингдек, давлатнинг ишончли вакиллари 2019 йилдан бошлаб устав капиталидаги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик бирлашмалари томонидан дивидендлар сўзсиз ҳисобланишини, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат унитар корхоналари томонидан уларнинг соф фойдасидан 30 фоиз миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси 2018 йил 1 сентябрга қадар муддатда давлат мулки бўйича ижара тўловларининг минимал ставкаларини ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўлиқ йиғилишини, иш билан банд фуқароларнинг максимал қонунийлаштирилишини ва иш ҳақи фондини кўпайтиришни таъминлаш бўйича катъий чоралар кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан келишилган ҳолда икки ой муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат солиқ хизмати, молия ва бошқа органларнинг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг аниқ босқичма-босқич ҳаракатларини ва қатъий жавобгарлигини назарда тутган ҳолда, солиқ солиш базасини кенгайтириш, бюджетга қўшимча тушум манбаларини аниқлаш, шунингдек, унинг мутаносиблигини ҳамда дефицит юзага келишига йўл қўймасликни таъминлаш бўйича туманлар ва шаҳарлар кесимида “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш топширилганлиги;
й) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ишларини, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тизимли равишда ташкил этиш топширилганлиги;
к) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Ҳисоб палатаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан биргаликда икки ой муддатда солиқ тўловчиларнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларига барҳам беришга, жисмоний ва юридик шахсларнинг солиқларни ўз вақтида ва тўлиқ тўламаганлиги учун жавобгарлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш бўйича таклифлар киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси (Қарабаев), Божхона бошқармаси (Файзуллаев), Молия вазирлиги (Содиқов) раҳбарлари, шунингдек, уларнинг ўринбосарлари, Нукус шаҳри ва туман ҳокимлари бюджет тизими бюджетларининг прогноз параметрлари бажарилиши учун шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
4. Молия-бюджет интизомини мустаҳкамлаш ва Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг баланслашган ижросини таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги (Содиқов) ва Давлат солиқ бошқармаси (Қарабаев) Нукус шаҳри ва туман ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллий давлат ҳокимияти, давлат солиқ хизмати, молия ва бошқа органларнинг, шунингдек, улар мансабдор шахсларининг аниқ босқичма-босқич ҳаракатларини ва қатъий жавобгарлигини назарда тутган ҳолда, солиқ солиш базасини кенгайтириш, бюджетга кўшимча тушум манбаларини аниқлаш, шунингдек, унинг мутаносиблигини ҳамда дефицит юзага келишига йўл қўймасликни таъминлаш бўйича туманлар ва шаҳарлар кесимида “Йўл хариталари”ни тасдиқласин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси (Қарабаев), Божхона бошқармаси (Файзуллаев), Молия вазирлиги (Содиқов), Иқтисодиёт вазирлиги (Қайпбергенов), Адлия вазирлиги (Садиков), Нукус шаҳри ва туман ҳокимликлари Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси (Нагметов), Матбуот ва ахборот агентлиги (Бекмуратов), бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ишларини, шу жумладан оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғи орқали тизимли равишда ташкил этсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари А.Тажетдинов, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазири М.Содиқов ва Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи в.в.б. Б.Қарабаевлар зиммасига юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси | Қ.Сариев |