Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5460-сонли Фармони ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5460-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5460-сонли Фармони ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони билан:
а) Фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва Ўзбекистон фармацевтика бозорининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг:
ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талабни бекор қилиш;
давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини, жумладан, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратлари (кейинги ўринларда дори воситалари деб аталади)ни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини 2018 йил 1 августдан жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланганлиги;
б) ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилиши;
юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олиш:
хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги бўйича шубҳа уйғотмайдиган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул бўлган хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларни табақалаштириш асосида;
давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга ошириладиганлиги;
Мазкур Фармоннинг 1-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган тартиб қўлланиладиган дори воситалари ушбу воситаларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида экспертиза қилинмаслиги белгилаб қўйилганлиги;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5229-сон Фармонининг 11-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисобланганлиги;
г) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:
илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида бир ой муддатда асосий касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлари қайта кўриб чиқилишини ҳамда ҳар чоракда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2018 йил 20 июлга қадар муддатда танқидий ўрганиш ўтказиб:
юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини белгилаш;
дори воситаларининг божхона расмийлаштирувига, давлат рўйхатидан ўтказилиши ва реализация қилинишига талабларни такомиллаштириш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини тартибга солувчи бошқа масалалар бўйича таклифлар киритиш топширилганлиги;
Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда мамлакатда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда қўллашга тақиқ мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилиш, бундай тақиқларни жорий этишнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улар келгусида қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритиш топширилганлиги;
д) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига 2018 йил 20 июлга қадар муддатда:
дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш учун;
қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига:
илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида бир ой муддатда асосий касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлари ҳамда ҳар чоракда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилишини таъминлаш;
давлат рўйхатидан ўтказилиши ва реализация қилинишига талабларни такомиллаштириш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини тартибга солувчи бошқа масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига таклифлар киритсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Жуманов ва Соғлиқни сақлаш вазири Д.Ходжиев зиммаларига юклансин.
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариев