22.12.2024, Якшанба

Туркиянинг Кўнё шаҳрида ўтказилган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига


Қадрли спортчи ва мураббийлар! Муҳтарам юртдошлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Туркия Республикасининг Кўнё шаҳрида ўтказилган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинларида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Жонажон Ватанимизда миллий мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик шонли санасига бағишлаб катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётган ушбу шукуҳли дамларда сизларнинг кескин курашларда кечган беллашувларда эришган ютуқларингиз эл-юртимиз учун муносиб байрам совғаси бўлди.

Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур нуфузли спорт анжуманида юртдошларимиз сизларнинг ҳар бир чиқишингизни оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали катта қизиқиш
ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Бутун Ўзбекистон сизларни қўллаб-қувватлаб, Яратгандан омад ва зафарлар тилади.  

Дунёнинг 56 та давлатидан 4200 нафар спортчи иштирок этган ушбу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари улкан маҳорат, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш
ва иродасини намоён этиб, 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.  

Айниқса, Ўзбекистон вакиллари Эрон, Озарбайжон, Индонезия, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Туркия Республикасидан кейин фахрли иккинчи ўринни эгаллаганлари мамлакатимиз спортида яна бир ёрқин саҳифа бўлди.

Ўзбек спортининг ифтихори бўлган Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев, Сарварбек Зафаржонов, Турсуной Жабборова оғир атлетика, Ольга Забелинская велоспорт мусобақаларида учтадан олтин медални қўлга киритгани спорт тарихида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Бўлиб ўтган қизғин беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Улуғбек Рашидов, Адҳамжон Эргашев, Сафина Садуллаева, Диёра Келдиёрова, Шарифа Давронова ва бошқа спортчиларимизнинг истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берди.

Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон паралимпиячилари ҳам юксак жасорат ва матонат намуналарини кўрсатганларини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, Азизбек Бойназаров, Омадбек Ҳасанов, Султонбек Нуриддинов, Бахтиёр Ортиқов, Расул Атамуратов каби спортчиларимиз ҳақиқий фидойилик фазилатларини намоён этиб, миллий жамоамизнинг муваффақиятига муносиб ҳисса қўшдилар.

Азму шижоатли ўғил-қизларимиз оғир атлетика, дзюдо бўйича тенгсиз, қиличбозлик, таэквондо, спорт курашлари, сузиш мусобақаларида эса етакчилар сафида эканларини амалда исботладилар.

Қадимий Кўнё заминида эришилган бундай ютуқлар биз учун улкан аҳамиятга эга бўлиб, сизлар шу тариқа миллий спорт мактабимизнинг шон-шуҳратини, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини жаҳонга намоён этдингиз.

Ҳеч шубҳасиз, сизларнинг Ислом бирдамлиги ўйинларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, юксак шоҳсупаларни забт этганингиз мамлакатимизда соғлом ва  баркамол авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш мақсадида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яна бир амалий натижаси сифатида кўпмиллатли халқимизни беҳад қувонтиради, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.  

Фурсатдан фойдаланиб, сизлар каби юртимизга меҳр ва садоқат билан яшайдиган, ватанпарвар ва салоҳиятли ёшларни тарбиялаб вояга етказгани учун ота-оналарингизга, ёнингизда туриб, эришилган ютуқларни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган заҳматкаш устоз ва мураббийларингизга ўз номимдан, халқимиз номидан чин дилдан ташаккур изҳор этаман.

Йирик халқаро спорт беллашуви – Ислом бирдамлиги ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларингиз билан сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда янги-янги зафарлар, оилаларингизга бахту саодат, файз-барака тилайман.

Доимо бахтингиз, омадингизни берсин, азиз фарзандларим!

 

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти