22.12.2024, Якшанба

Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳатлар шароитида маҳаллий давлат ҳокимияти тизими самарадорлигини оширишнинг айрим масалалари

Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлигига эришишда давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этиш бўйича қабул қилинган қатор ҳужжатлар ўз моҳиятига кўра, Ўзбекистоннинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани бошлаб берди. Жумладан, “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да қуйидаги мақсадлар асосида ислоҳотларни амалга ошириш назарда тутилган:

-  маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш;

-  давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш;

-  ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш;

- давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштириш.

Шу маънода давлат бошқаруви соҳасига янги технологиялар ва усулларни жорий этиш ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўғри таъкидлаганидек, “ислоҳотларимиз халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларимизга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқ”.


Таъкидлашимиз лозимки, умумий давлат бошқаруви давлат иродасининг юқоридан қуйига қараб тарқалиши асосда амалга ошади. Бу эса асосан республика давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти ўртасидаги ўзаро муносабатларда намоён бўлади. Шу боис, бу каби масалалар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида батафсил тартибга солинган. Жумлдадан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар (99-модда). Юқори органларнинг ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари қуйи органлар ижро этиши учун мажбурийдир. Маҳаллий ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, давлат ҳокимияти юқори органларининг қарорларини амалга оширадилар, республика ва маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни муҳокама қилишда қатнашадилар (101-модда).

Шунингдек, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси бўлиб, айни бир вақтда тегишли ҳудуддаги вакиллик ва ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир (1-модда).

Қайд этиш лозимки, мавжуд маълумотлар таҳлили маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини янада ошириш лозимлигидан далолат бермоқда. Чунки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асослари ўтказилаётган ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқариш имконини бермаяпти. Хусусан, ҳокимнинг ҳам маҳаллий кенгашларга, ҳам маҳаллий ижро ҳокимиятига раҳбарлик қилиши ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг ўз вазифаларини самарали бажаришига салбий таъсир қилиши билан бирга, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашга доир демократик принципларга ҳам тўлиқ мос келмайди.  Шу маънода Президентимиз Ш.Мирзиёев жорий йил 20 июндаги Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги маърузасида  “давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини ислоҳ қилишдаги муҳим масала – бу жойларда ҳокимлар ва маҳаллий кенгашлар ваколатини ажратишдир” дея таъкидлаб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги жиддий ўзгаришларнинг бошланганлигини эълон қилди.


Шу ўринда таъкидлаш жоизки, маҳаллий даражада ижро ва вакиллик органини алоҳида тарзда ташкил этилиши ва бошқарилиши хорижий мамлакатлар амалиётида ҳам учрайди. Масалан, Франция Республикасида ҳар бир ҳудудий бирлик иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик масалалар учун масъул бўлган ва маҳаллий харажатларни назорат қилувчи танланган Кенгаш (1986 йилдан бери тўғридан-тўғри сайловлар орқали сайланади) томонидан бошқарилади. Маҳаллий ижро ҳокимияти Президент томонидан тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган энг юқори ижро этувчи мансабдор шахс – префект томонидан бошқарилади.

Умуман олганда, мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асослари бугунги замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслигини кўрсатмоқда. Бу каби ҳолатларнинг келгусида сақланиб қолиши ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ўз вақтида ҳал қилинмасдан қолишига, натижада ижтимоий кескинликнинг ортишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Шу сабабли, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадлардан ва ўтказилган таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг институционал асосларини бугунги кун талаблари асосида такомиллаштириш мақсадида ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоиданинг амалдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан чиқариб ташланиши назарда тутилмоқда. Бу ўз навбатида ҳокимиятнинг ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш принципига тўлиқ мос келади.

 

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, сиёсатшунос А. Иматов.