Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қонликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли, Чимбой, Шуманай туманларида (кейинги ўринларда – шимолий туманлар) мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш ҳамда қулай агробизнес муҳитини яратиш мақсадида:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2027 йил 1 январга қадар шимолий туманларда жойлашган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини сотишнинг истисно тариқасида қуйидагиларни назарда тутувчи тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
аукцион савдоларида сотилган нархидан қатъи назар барча харидорларга харид тўловларини 7 йил муддатда бўлиб тўлаш имкониятини бериш;
аукцион савдоларида сотилган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловлар 3 ой ичида тўлиқ тўланганда шартнома қийматининг 25 фоизига тенг миқдорда чегирмалар бериш;
жисмоний ва юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларига ижара ҳуқуқини электрон онлайн-аукционда сотиб олиш қийматини 5 йил давомида бўлиб тўлаш имкониятини яратиш;
туман ҳокимликлари балансидаги бўш турган биноларни хусусий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига танлов орқали бериш ва бинони туман ҳокимлиги балансида қолдириш, уч йилдан сўнг хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш пайтида баҳоланган қийматнинг 50 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш ҳисобига беш йил давомида тўлаш шарти билан тақдим этилган биноларни хусусийлаштириш имконини бериш.
2. Шимолий туманларда 2025 йил 1 январга қадар эксперимент тариқасида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ҳамда янгидан ўзлаштиришга мўлжалланган ер майдонларини инвесторларга “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов асосида 30 йилга қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш учун ижарага беришнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилсин:
а) ижара ҳуқуқини ютиб олиш учун тўланадиган тўловнинг энг кўп миқдорини таклиф этган талабгор устуворликка эга бўлиб, қолган мезонлар бўйича балл бериш тартиби қўлланилмайди;
б) очиқ электрон танлов ғолиби ижара ҳуқуқини ютиб олиш учун тўланадиган тўловни энг кўп миқдорининг 50 фоизини тўлаган даврдан бошлаб, ушбу ер майдонларига ижара ҳуқуқини учинчи шахсга сотиши ва ушбу ҳуқуқни тижорат банкидан кредит олиш учун гаровга қўйиши мумкин;
в) шимолий туманлардан рўйхатдан ўтиб, мазкур ер майдонларида фаолият юритадиган қишлоқ хўжалигига ихтисослашган тадбиркорлик субъектларига (бундан кластерлар мустасно) ушбу фаолиятдан олинадиган даромади бўйича айланмадан олинадиган солиқ, шунингдек, мазкур туманлардаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш ва сақлаш мақсадида фойдаланиладиган ер участкалари ва мол-мулки бўйича юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади;
г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги талабномаларига мувофиқ фойдаланишдан чиққан суғориладиган ерларни ўзлаштириш, суғориладиган ерларда ер тузиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш юзасидан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларининг автоматлаштирилган ер-ахборот тизимини яратиш ва янгилаб бориш ишларига Давлат бюджетидан маблағлар ажратилади;
д) қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш ҳамда заруратга кўра суғориш тик қудуғини бурғилаш ёки насос станциясини қуриш ва ишга тушириш бўйича харажатларнинг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тузилган инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида бир марта қоплаб берилади.
Молия вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини фойдаланишга киритишда заруратга кўра суғориш тик қудуғини бурғилаш ёки насос станциясини қуриш ва ишга тушириш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
е) қишлоқ хўжалиги ерларини фойдаланишга киритган ердан фойдаланувчиларга қишлоқ хўжалиги экинларини мустақил жойлаштириш ҳуқуқи берилади.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Кадастр агентлиги 2022-2023 йилларда ҳар бир шимолий туман кесимида камида 1 000 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган ҳамда янгидан ўзлаштириладиган ер майдонларини электрон савдога чиқариш учун аниқласин.
Бош прокуратура электрон савдога ҳақиқатдан ҳам фойдаланишдан чиқиб кетган қишлоқ хўжалиги ерлари қўйилаётганлиги устидан назорат ўрнатсин.
4. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги 2024 йил якунига қадар мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган экспериментни янада такомиллаштириш ва уни Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг алоҳида туманларида татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси туманларида қишлоқ хўжалиги фойдаланишдан чиқиб кетган ҳамда янгидан ўзлаштириладиган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритиш учун инвесторларга “E-AUKSION” электрон савдо платформасида очиқ электрон танлов асосида ижарага бериш тартибини тасдиқласин.
6. Қуйидагилар:
2022-2024 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ер майдонларини 2022-2024 йилларда қайта фойдаланишга киритиш кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бош вазир ўринбосарлари Ш.М.Ғаниев, Ж.А.Қўчқоров икки ҳафта муддатда:
2022-2024 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонларига 2022-2024 йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичларини;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида 2022-2024 йилларда янги мевали боғларни барпо этиш ва мевали боғларни турлар бўйича жойлаштириш кўрсаткичларини;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида 2022-2024 йилларда янги узумзорларни барпо этиш бўйича кўрсаткичларни;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида қайта фойдаланишга киритиладиган ер майдонларида 2022-2024 йилларда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини турлари бўйича етиштириш ва реализация қилишнинг прогноз кўрсаткичларини;
Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий туманларида чорвачилик, паррандачилик (туячилик, йилқичилик, куркачилик, беданачилик, туяқушчилик) йўналишлари бўйича 2022-2024 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар кўрсаткичларини тасдиқласин.
7. Белгилаб қўйилсинки, сув танқис бўлган маҳаллалар (овуллар)да Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда суғориш тик қудуқлари қазилади ёки мавжуд каналлардан сув чиқариш учун насос агрегатлари ўрнатилади.
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аҳоли томорқаларидан, ижарага берилган ерлардан самарали фойдаланиш, ҳудуд иқлими ва ерларнинг ҳосилдорлигидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги ўсимликларини тўғри танлаш, парваришлаш ҳамда маҳсулот етиштириш учун ҳар бир туманга бир нафардан агроном бириктириш ҳамда уларнинг ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорлигини таъминлаш тавсия этилсин.
8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, туманлар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ўзлаштириладиган янги ер участкаларини ижарага бериш учун уларнинг қисқа муддатларда очиқ электрон танловга чиқарилишини таъминласин.
9. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти қайта фойдаланишга киритилган ва ўзлаштирилган ерларда ҳамда бошқа экин ерларида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун бюджет маблағлари ҳисобидан электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари қурилишини таъминласин.
10. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси туманларида яшовчи ва тадбиркорлик фаолиятини олиб борувчи жисмоний шахсларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланадиган параметрлар доирасида қуёш фотоэлектрик станцияси, қуёш сув иситиш тизимлари ва шамол электр станцияларини қуришда бутловчи қисмларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида, бироқ 3 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсациялар тақдим этилади.
11. Вазирлар Маҳкамаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари бўйича белгиланган квоталар доирасида Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари йўналишларидаги олий таълим муассасаларига махсус қўшимча қабул квоталари ажратилишини таъминласин.
Бунда, махсус квота бўйича ўқишга қабул қилинган ёшларнинг олий маълумотга эга бўлганидан сўнг, йўлланма берилган корхона, ташкилот ва бошқа муассасаларда камида 5 йил давомида меҳнат қилиш мажбурияти назарда тутилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан:
шимолий туманларда доимий яшовчи етим, боқувчисини йўқотган ёки ногиронлиги бўлган ҳамда профессионал ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 100 фоизигача, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваридан ошмаган миқдорда тўлаб бериш;
шимолий туманларда доимий яшовчи ёшларнинг Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган олий таълим ташкилотларида бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олишлари учун тижорат банклари томонидан таълим кредитлари ажратилишида ушбу жамғарманинг кафиллигини бериш;
IELTS имтиҳон тизимидан 6 ва ундан юқори кўрсаткични, TOEFL имтиҳон тизимидан 60 ва ундан юқори кўрсаткични қайд этган шимолий туманларда доимий яшовчи ёшларнинг ушбу имтиҳонларни топшириш харажатларини АТ “Халқ банки”нинг туман филиаллари орқали тўлиқ қоплаб бериш;
шимолий туманларда доимий яшовчи ёшларнинг замонавий касб, ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича олти ойгача муддатли ўқув курсларида ўқишлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
шимолий туманларда доимий яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олти ойгача муддатли ўқув курсларида ўқишлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
шимолий туманларда доимий яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож иқтидорли ёшларнинг илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача ҳамда халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш;
шимолий туманларда доимий яшовчи ёшларни таълим, маданият ва санъат, спорт, “IT” ва фанлар бўйича ўқитишга ихтисослашган ўқув марказлари жойлашган биноларнинг уч ой муддатгача бўлган нотурар жой ижара харажатлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача миқдорда субсидия ажратиш чораларини кўрсин.
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши шимолий туманлардаги “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан “Ёшлар дафтари”га киритилган ва шимолий туманларда доимий яшовчи ёшлар олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўриши учун уларнинг нодавлат таълим муассасаларида таълим олиш харажатларини қоплаш чораларини кўрсин.
14. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р.Сариев белгилансин.
Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 30 май