Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 29 март куни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.
Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Тошкент халқаро аэропортида Туркия Республикаси Президенти ва унинг рафиқасини Президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кутиб олди.
Таъкидлаш лозимки, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Халқларимиз кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бормоқда.
Туркия етакчиси давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Меҳмонга мажмуада акс эттирилган тарих ва мазмун ҳақида сўзлаб берилди.
Таъкидлаш жоизки, бу хорижий давлат раҳбари ташрифи чоғида “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилган биринчи шундай маросим бўлди ва келгусида анъанага айланади.
Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул тантанали равишда давлат раҳбарлари олдидан саф тортиб ўтди.
Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам ҳозир бўлди.
Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған тор доирада музокаралар ўтказди.
Етакчилар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда асосий эътибор стратегик шериклик муносабатлари даражасини юксалтириш, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига қаратилди.
Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган. Олий даражада эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған кооперация лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлигининг муҳим йўналиши эканини қайд этдилар.
Шу маънода, мамлакатларимизнинг катта салоҳияти ва имкониятларини, жумладан, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия механизмидан фаол фойдаланиш орқали рўёбга чиқариш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартиби юзасидан фикр алмашаркан, мамлакатларимизнинг позициялари ўхшаш эканини қайд этдилар. Кўп томонлама халқаро институтлар доирасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Шундан сўнг Олий даражадаги Ўзбекистон – Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисини қутлар экан, ўзаро ҳамкорликда юксак даражага эришилганидан, мамлакатларимиз парламентлари, давлат идоралари, ишбилармон доиралари ва жамоатчилиги ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакатларимизнинг қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклиги барча соҳаларда ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ривож топаётганини алоҳида қайд этди.
Икки мамлакат етакчиларининг расмий ташрифлари ва мунтазам мулоқотлари сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, сермаҳсул амалий шериклик учун кенг имкониятлар очди.
Савдо ва инвестиция соҳаларида алоқалар жадал ривожланмоқда. Жумладан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш 2,5 баробарга ўсиб, 3,6 миллиард доллардан ошди. Қўшма корхоналар сони 5 баробар кўпайиб, 2 мингдан ортди. Инвестициявий ҳамкорлик кўрсаткичлари 70 баробарга ўсди.
Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида томонлар шерикликни, шу жумладан, савдо ва иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар алмашинув каби соҳаларда янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларига батафсил тўхталдилар.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, фан, таълим, санъат, кино, туризм ва ахборот соҳаларидаги шерикликни чуқурлаштиришга келишиб олинди.
Ҳамкорлик кўлами кенгайганини ҳисобга олиб, томонлар муносабатларни янги даражага – кенг қамровли стратегик шериклик босқичига олиб чиқишга қарор қилдилар.
Музокаралар якунида Режеп Таййип Эрдоған Шавкат Мирзиёевга икки томонлама Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Туркияга ташриф билан келишни таклиф этди.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга ташрифи доирасида яна бир муҳим воқеа – Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг «Cengiz Enerji» компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маросимда нутқ сўзлар экан, лойиҳаларнинг аҳамиятига тўхталди, ушбу мажмуалар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик самараларининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлади. Охирги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиёти учун жуда муҳим бўлган 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, ушбу станцияларнинг умумий қуввати бугунги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1,4 минг мегаваттга етади.
Ўзбекистон энергетика тармоғини модернизация қилиш натижасида 2026 йилгача давлат-хусусий шериклик асосида умумий қиймати 12 миллиард долларлик 29 та лойиҳа ишга туширилиши таъкидланди. Улар қўшимча 71 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини яратади, йилига 12 миллиард куб метр табиий газ тежалади.
Давлатимиз раҳбари электр станциясини бунёд этишда қатнашган муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдирди. Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған рамзий тугмани босиб, Қибрай туманидаги иссиқлик электр станциясини ишга туширди ва Ховос туманидаги иссиқлик электр станцияси қурилишини бошлаб берди.
Қибрайдаги ИЭС қуввати 240 мегаватт бўлиб, йилига 2 миллиард киловатт-соат энергия ишлаб чиқаради.
Ховос туманидаги янги иссиқлик электр станцияси 220 мегаватт қувватга эга, унда йилига 1 миллиард 700 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Олий даражадаги музокаралар якунлангач, ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича Қўшма баёнот имзоладилар.
Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 9 та ҳужжат имзоланди.
Жумладан:
– Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим;
– Давлат чегаралари орқали товарлар ва транспорт воситаларининг ўтиши ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисидаги баённома;
– Меҳнат ва бандлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми;
– Суд экспертизаси соҳасида ҳамкорлик меморандуми;
– Қурилиш соҳасида англашув меморандуми;
– Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси;
– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан Туркиянинг “Анадолу” агентлиги ўртасида Ҳамкорлик битими.
Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида халқларимизни Наврўз байрами ва яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан табриклади. Миллатларимизнинг тарихи бирлиги ва бугунги яқинлигига эътибор қаратди.
– Буюк ипак йўлининг чорраҳаларида жойлашган юртларимиз қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудудлар сифатида шуҳрат қозонган. Ҳозирда турк қардошларимиз биздан минглаб километр олисда яшаётган бўлсалар-да, тилларимиз ва дилларимиз ниҳоятда яқиндир. Бизнинг тарихий илдизларимиз бир, бугунги орзу-интилишларимиз ҳам муштарак, – деди Ўзбекистон Президенти.
Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши алоқалар ривожига катта ҳисса қўшаётгани, унинг бугунги йиғилиши муносабатлар тарихида янги саҳифа очгани таъкидланди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги юқори даражасидан келиб чиқиб, муносабатларимизни кенг қамровли стратегик шериклик мақомига кўтаришга келишиб олдик, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатларимиз давлат-хусусий шериклик механизмини ривожлантириш борасида яқиндан ҳамкорлик қилишдан ҳам манфаатдор.
Ўтган йили Анқара ва Истанбулда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилган эди. Бу йил Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Туркия маданияти кунларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистонда турк тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Тошкент давлат шарқшунослик университетида туркшунослик факультети самарали фаолият кўрсатмоқда.
Яқинда Тошкентда барча туркий халқларнинг буюк маданий мероси бўлган ноёб асар – “Дада Қўрқут китоби” ўзбек тилида тўлиқ ҳолда нашр этилди. Ўнлаб достонлардан иборат ушбу қимматли китоб аждодларимизнинг шонли тарихи, ота-боболаримиз жасорати ва донишмандлигидан дарак беради.
Давлатимиз раҳбари ушбу китобни Туркия Президентига туҳфа қилди.
– Сизнинг ташрифингиз ҳамкорлигимиз учун янги ва юксак имкониятлар яратишга жуда катта ҳисса қўшади. Ота юртингиз эшиклари Сиз ва барча туркиялик қардошларимиз учун доимо очиқ, – деди Президентимиз.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Кўксарой қароргоҳидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтқазди.
Бу йил Ўзбекистон билан Туркия ўртасида дипломатик алоқалар йўлга қўйилганига 30 йил, Стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилганига 5 йил тўлди. Ушбу ниҳол ҳамкорлик ривожида янги давр бошланаётгани, муштарак эзгу ниятларнинг рамзи бўлди.
Мазкур хиёбонда бошқа ҳамкор давлатлар раҳбарлари эккан дарахтлар ҳам бор.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири