22.12.2024, Якшанба

Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат активларини шаффоф ҳолда хусусийлаштириш жараёнини тезлаштириш мақсадида:

1. Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар билан биргаликда 60 га яқин вазирлик, идора ва 2 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналарнинг 12 мингдан ортиқ улушлари ва кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг, вазирлик, идора ҳамда хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг давлат активларини бошқариш йўналишидаги асосий вазифаларидан бири этиб, бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва асосий фаолият соҳасига тааллуқли бўлмаган активларни аниқлаш бўйича хатлов ишларини муттасил амалга ошириш ва улардан самарали фойдаланиш чораларини кўриш белгилансин.

2. Қуйидагилар:

Хўжалик жамиятлари устав капиталидаги хусусийлаштириладиган акция пакетлари (улушлари) рўйхати 1-иловага мувофиқ;

Оммавий савдолар орқали сотиладиган кўчмас мулк объектлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат тендер комиссияси) ўн кун муддатда мазкур қарорнинг 1 ва 2-иловаларидаги объектларни 2022 йилда савдога чиқариш графикларини тасдиқласин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) 2022 йил 1 апрелдан бошлаб, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчилари) томонидан ўз ҳудудларида бўш турган давлат кўчмас мулк объекти ёки ер участкалари аниқланган ҳолларда, улар:

ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объекти бўлганда – ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари (кейинги ўринларда – ер участкалари) бўлганда – “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали юборилган онлайн-буюртманома уч кун муддатда тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилади ҳамда ижобий хулоса берилган тақдирда, икки ҳафта муддатда тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади;

б) вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган объект, ижтимоий объектлар бундан мустасно, Агентлик томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади;

в) ҳудуди 10 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари ҳамда Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси тасарруфига ўтказиладиган қисми чегирилган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикасининг бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ҳамда объект жойлашган туман (шаҳар) бюджетига тенг улушларда тақсимланади.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирлик, идора ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари Агентлик ва Кадастр агентлиги билан биргаликда:

доимий равишда устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари, шунингдек, устав капиталининг 50 фоизи ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар (кейинги ўринларда – давлат иштирокидаги корхоналар) ҳамда давлатга тегишли бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва асосий фаолиятга оид бўлмаган активларни (кейинги ўринларда – активлар) аниқлаш бўйича хатлов ишларини давом эттирсин;

уч ой муддатда аниқланган активларни босқичма-босқич савдога чиқариш бўйича Давлат тендер комиссиясига таклифлар киритиб борсин.

5. Агентлик, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

2022 йил 1 майга қадар “Universal Mobile Systems” МЧЖни баҳолаш ва сотиш жараёнига халқаро консалтинг, аудиторлик ва инвестиция маслаҳатчиси, инвестиция банки ёки бошқа ихтисослашган компанияни (кейинги ўринларда – профессионал ташкилот) жалб этган ҳолда, 2023 йил 1 апрелга қадар уни хусусийлаштириш чораларини кўрсин;

икки ҳафта муддатда “Ўздонмаҳсулот” АК таркибидаги дон корхоналарини Агентликка ўтказган ҳолда, оммавий савдолар орқали сотиш бўйича “Йўл харитаси”ни Давлат тендер комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин. Бунда, 25 та дон корхонасини 2022 йил 1 июлга қадар, қолганларини эса жорий йилнинг якунига қадар босқичма-босқич савдога чиқарсин;

2022 йил 1 апрелдан бошлаб “Ўзагросервис” АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг кўчмас мулк объектлари, зарур ҳолларда, уларни алоҳида лотларга бўлган ҳолда, электрон онлайн-аукцион савдоларига баҳоланган қийматда чиқарилишини таъминласин;

2022 йил 1 апрелга қадар “Ўзагролизинг” АЖнинг операцион самарадорлигини ошириш, мавжуд қарздорликларини таркибий ўзгартириш, жамиятнинг ликвидлилиги ва тўлов қобилиятини таъминлашни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

6. “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖларни тугатиш бўйича Республика комиссияси (Ш.М.Ғаниев) ҳамда Агентлик икки ой муддатда “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ ва ҳудудий “Агрокимёҳимоя” АЖларнинг тегишли бино ва иншоотлари, шу жумладан, Агентликка ўтказилган ҳолда, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.

7. Молия вазирлиги давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш ва хусусийлаштириш орқали банк секторида давлатнинг улушини камайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сон фармони билан тасдиқланган 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини изчил давом эттирган ҳолда:

2022 йил 1 октябрга қадар “Қишлоқ қурилиш банк” АТБнинг акцияларини оммавий жойлаштиришни (IPO) таъминласин;

2022 йил якунига қадар Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Асакабанк” АТБнинг давлат улушлари савдога чиқарилишини таъминласин;

2023 йил 1 июлга қадар АТ “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Агро банк” АТБ, “Ўзмиллийбанк” АЖларнинг акцияларини фонд биржаси орқали оммавий жойлаштириш (IPO) ишларини ташкиллаштирсин.

Мазкур бандда белгиланган вазифаларнинг ижросини сифатли ва ўз муддатида таъминлашга тегишли тижорат банкларининг бошқарув раислари (А.Муратов, С.Аннакличев, Н.Сайдуллаев, Ш.Отабоев, О.Бутаев, К.Ирисбекова, Р.Маматкулов, А.Мирсоатов) шахсан масъул ҳисобланади.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари:

а) Қурилиш вазирлиги, Кадастр агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Агентлик билан биргаликда 2022 йил1 апрелга қадар 3-иловадаги ер участкаларини ўрганиб чиқиб, уларнинг устувор равишда мулк ҳуқуқи асосида, мулк ҳуқуқи асосида имкони бўлмаганларини ижара ҳуқуқи асосида савдога чиқаришни таъминласин. Бунда, Қурилиш вазирлиги ва Кадастр агентлиги ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида савдога чиқаришда ер участкаларига қўйиладиган шаҳарсозлик талаблари бажарилишига алоҳида эътибор қаратсин;

б) Кадастр агентлиги, Қурилиш вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда мазкур қарорнинг 3-иловасига мувофиқ:

2022 йил 1 июлга қадар “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимида идоралараро келишувда турган ер участкалари;

жорий йил якунига қадар бўш ер участкаларини қўшимча равишда аниқлаган ҳолда уларнинг белгиланган тартибда мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилишини таъминласин.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров ер участкаларининг мулк ва ижара ҳуқуқи асосида сотилиши ҳолатидан келиб чиқиб, ҳудудларда келгуси ойда савдога чиқариладиган ер участкаларининг режа-графигини ойма-ой тасдиқлаб борсин ва унинг ижросини қатъий назоратга олсин.

9. Белгилансинки:

давлат активларини хусусийлаштиришда уларнинг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан, шу жумладан, профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда сотиш услуби жорий этилади. Бунда, профессионал ташкилотларни жалб қилиш орқали хусусийлаштириладиган давлат активлари рўйхати Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланади;

профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активлар бўйича инвесторларнинг таклифлари Агентлик ва бошқа давлат органлари иштирокисиз, жалб қилинадиган профессионал ташкилотлар томонидан тўғридан-тўғри қабул қилинади;

Давлат тендер комиссияси қарори асосида талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари ёки давлат улуши бўйича инвесторлар таклифлари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали қабул қилинади, бундан қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активларни профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда сотиш ҳолатлари мустасно;

халқаро нуфузга эга аудиторлик компанияларининг Ўзбекистонда фаолият юритаётган шўъба корхоналарининг баҳолаш ҳисоботлари ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди;

давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли улушлар ва кўчмас мулк объектларини сотишдан ва ижарага беришдан, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган маблағлар хусусийлаштириш ва ижарага бериш натижалари тўғрисидаги ахборотда давлат активларини хусусийлаштиришдан ва ижарасидан тушумлар сифатида инобатга олинади;

Агентлик ва унинг ҳудудий органларидан давлат кўчмас мулк объектларини улар жойлашган ер участкалари билан бирга ягона мулкий мажмуа сифатида хусусийлаштириш бўйича мурожаат келиб тушганда, ҳудуднинг шаҳарсозлик талабларидан келиб чиққан ҳолда, Қурилиш вазирлиги томонидан бир ҳафта муддатда тегишли хулоса тақдим этилади;

давлат иштирокидаги корхоналар ва улар таркибидаги ташкилотларнинг бино, иншоотлари ёки бошқа активларини давлат органларига ўтказилиши товарни реализация қилиш бўйича айланма сифатида қаралмайди ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бепул товар берилишига тенглаштирилади;

давлат активлари бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолатларда, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланади;

давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган ва сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилган тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғи мазкур объектларга нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ ўтгандан сўнг тўланади;

хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активларини, жумладан, уларнинг товар-моддий бойликлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларини улар сотилгунга қадар бутлигини сақлаш бўйича моддий жавобгар шахс этиб, уларни балансда сақловчи ташкилотлар (корхоналар)нинг биринчи раҳбарлари белгиланади. Бунда Агентликка мазкур талабнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш юклатилади.

10. Молия вазирлиги давлат иштирокидаги корхоналар раҳбарлари, Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарорнинг 1, 2, 4-иловаларидаги давлат иштирокидаги корхоналар активларининг давлат органларига ўтказилишини таъминласин.

11. Агентлик, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Муниципал активларни бошқариш маркази” давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда – Марказ) Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига қўшиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Бунда, Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси Агентликка ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳисобдорлиги белгилансин.

Белгилансинки, Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси Марказнинг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Агентлик икки ой муддатда Марказнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари, пул маблағлари, асосий воситалари, мол-мулклари, жумладан, кўчмас мулк объектлари ва хўжалик жамиятларидаги улушларини белгиланган тартибда Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига ўтказган ҳолда қўшилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш  ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Агентлик билан биргаликда ушбу қарорнинг аҳамиятини ва уни амалга ошириш жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж.Ортиқов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри, 

2022 йил 18 март