02.01.2025, Пайшанба

“Тараққиёт стратегияси” Оролбўйида инсон қадрини янада улуғлашга хизмат қилади


Бугун, Ҳурматли Президентимиз Фармони билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди.

Мазкур Фармон халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқилиб, энг асосийси, унда инсон қадрини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам ушбу Фармон “Ҳаракатлар стратегияси”дан – “Тараққиёт стратегияси”га ўтишда тарихий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан 7 та устувор йўналиши доирасида 100 та мақсадларга эришиш бўйича 2022 йилда 398 та аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак, Қорақалпоғистон ҳамиша Давлатимиз раҳбари эътибор марказида бўлиб келган. Мазкур Давлат дастурида ҳам Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, жорий йилдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 1-4 синф ўқувчиларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат билан таъминлаш тизими йўлга қўйилади. Бунда, ҳозирда 1-4 синфларда таълим олаётган 139 минг 363 нафар болажонларимиз сифатли, санитария меъёрий қоидаларга мос ишлаб чиқилган таомнома билан таъминланади.

Қорақалпоғистонда Чорвачиликни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиб, йиллик 5 фоиз ставкада кредит ажратилади. Кимё ва газ кимё технологик кластерлари ташкил этилади, бу эса янги турдаги маҳсулотлар ва қўшимча янги иш ўринлари деганидир.

Шунингдек, ҳужжатда “Саҳродаги Лувр” номи билан дунё ҳамжамиятига танилган Савицкий музейининг илмий-маданий, маърифий имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Муҳтарам Президентмиз томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг турмуш шароитини  яхшилаш борасида келгуси 5 йил учун маррани янада юқори олганмиз. Бунинг учун албатта биринчи навбатда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган энг долзарб масалаларни пухта ўрганиб чиқдик.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда энг катта масалалардан бири бу – янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш ҳисобланади. Бу борада, Биз олдимизга ўлкан мақсадлар қўйганмиз, хусусан, келгуси Беш йилда “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида 288 минг иш ўринларини яратиш орқали камбағаллик 3 баробарга қисқартирилади.

Бунда, иш ўринлари яратиладиган соҳалар бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилган. Жумладан, 41 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали 100 мингта иш ўрни, умумий қиймати 5 млрд. 100 млн. долларлик 2300 тадан зиёд инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали 76 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Мисол учун Қораузак туманидаги “Тебинбулақ” кони негизида кон-металургия комплекси барпо этиш ишлари бошланади. Ушбу лойиҳанинг қурилиш ишлари ҳамда атрофида ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш объектларида жами 7 850 нафар аҳоли банд бўлади. Шунингдек, Беруний туманида “Аква пауэр” компанияси (Саудия Арабистони) томонидан шамол электр станциясини ташкил этиш лойиҳасининг қурилиш ишларига 1 мингдан ортиқ ишчилар жалб этилади

Юқоридагилар билан бир қаторда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида марказлашган ичимлик суви таъминоти 65 фоиздан - 90 фоизга ҳамда оқава сув (канализация) таъминоти 16 фоиздан - 54 фоизга етказилади. Беш минг км.дан ортиқ автомобил йўлларида ҳамда 350 га яқин кўприкларда  қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида  730 та кўп қавватли ва 2500 якка тартибдаги уй-жойлар қурилиб, 22 мингдан ортиқ оилалар уй-жой билан таъминланади. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳар йили 34 та маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

Яна бир муҳим масалаларнинг бири аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, таълим, тиббиёт хизматлари сифатини ошириш борасида бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Келгуси 5 йилда Қорқалпоғистонда 90 мингдан зиёд янги ўқувчи ўринлари яратилади.Мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим ва тарбияси учун зарур шароитлар билан таъминланади.

Хусусан, 40 та янги давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғчалар ташкил этилади, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилинади ва яна 40 минг нафар болаларга боғчага бериш имконияти яратилади.

Сифатли ва малакали тиббий хизматларни маҳаллагача етказиш мақсадида ҳар бир маҳаллага бириктирилган “тиббиёт бригадалари” ва оилавий поликлиникалар сурункали касалликларни аниқлаш бўйича зарур воситалар билан таъминланади.

Булардан ташқари, бугунги кунда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, кафолатли сув билан таъминлаш ўта муҳим масалалардан ҳисобланади. Келгуси 5 йилда 1 267 километр ирригация-мелиорация тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш орқали 120 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати ҳамда 100 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти яхшиланади.

Тараққиёт стратегиясини ҳамда жорий йилга белгиланган Давлат дастурининг ижросини тизимли ташкил этиш учун қуйидаги вазифаларни белгилаб олганмиз.

Аввало, Қорақалпоғистонни 2022 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган ҳудудий дастурни қайта кўриб чиқиб, тараққиёт стратегиясида назарда тутилган мақсадларни тўлиқ қамраб олинишини таъминлаймиз. Иккинчидан, Дастур ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш учун Ишчи гуруҳлар ташкил этамиз ва ҳар бир бандга масъул раҳбарларни бириктирамиз. Учинчидан, ҳар чорак якуни бўйича сессияларда депутатлар иштирокида Дастур ижроси юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботларини эшитиб борамиз.

Бунда Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган янги институт маҳаллаларда “Ҳоким ёрдамчилари” ва “Ёшлар етакчилари” фаолиятини тўғри ташкил қилган ҳолда барча йўналишларда ишларимизни самарали йўлга қўйишга эътибор қаратамиз. Бир сўз билан айтганда, “Тараққиёт стратегияси”да белгиланган вазифалар  ижросини таъминлаш орқали Оролбўйида инсон қадрини улуғлашга қаратилган тадбирлар янада юқори босқичга кўтарилади.


Қахраман Сариев,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси.