22.12.2024, Якшанба

Маҳаллаларда иш ўринлари яратиш ва оилалар даромадини кўпайтириш янги тизимнинг асосий мезони бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Фаол ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳаллабай ишлаш натижасида ўтган йили мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 7,4 фоизга ўсди. Ҳудудларда 100 мингта янги тадбиркор иш бошлади. Ўзини ўзи банд қилганлар сони 700 мингга кўпайиб, 1,2 миллионга етди.

– 2022 йилни Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили, деб эълон қилдик. Шу боис бу йил барча маҳаллаларда туб ўзгаришлар бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Янги йилдан 9 минг 309 нафар “ҳоким ёрдамчилари” иш бошлади. Ушбу тизимга масъул бўлган Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги фаолияти ташкил этилиб, барча масалалар ҳал қилиб берилди.

Йиғилишда маҳаллабай ишлаш тизимини ташкил этиш учун амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Хусусан, мутасаддилар маҳаллада ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиб, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга шахсан масъул бўлиши кўрсатиб ўтилди.

Ҳоким ёрдамчилари “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари доирасида ўз маҳаллаларида ўрганишлар ўтказиб, ижтимоий реестрни қайтадан янгилаши лозимлиги таъкидланди.

Бунда, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш йўлга қўйилади.

– Аҳолини ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилишга катта ҳажмда кредит ва субсидиялар ажратилмоқда. Лекин, жойларда аксарият одамлар улардан бехабар десак, бу ҳам ҳақиқат, – деди Президент. – Шунинг учун ҳоким ёрдамчилари аҳоли билан ҳар куни ишлаб, уларга мавжуд шароитларни етказиши, тадбиркорлик ва деҳқончиликка ўргатиш орқали камбағалликдан чиқариши лозим.

Ушбу мақсадлар учун жорий йилда 10 триллион сўм имтиёзли кредит ва 2,5 триллион сўм субсидия (ҳар бир маҳаллага ўртача 1,3 миллиард сўм) ажратилиши маълум қилинди.

Бу борада маҳаллада тадбиркорлик ва деҳқончиликни ривожлантириш учун оилаларни зарур асбоб-ускуналар ва иш қуроллари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Жорий йил деҳқончилик учун ажратилаётган 80 минг гектар экин майдони ҳам биринчи навбатда юқорида қайд этилган тоифадаги оилаларга берилади. Шу орқали 500 минг аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мумкин.

Мутасаддилар олдига экин ерларини ажратиш ишларини танқидий муҳокама қилиб бориш, аҳолини паррандачилик, қўй-эчкичилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик билан банд қилиш учун етакчи тадбиркорларни жалб этиш, мавжуд имкониятларни ўрганиб, тадбиркорлар иштирокида маҳаллаларни инкубатор билан таъминлаш, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли сотиб олиш тизимини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

– Бир нарсани ҳамма аниқ тушуниб олиши зарур. Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси – ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш,  камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат.

Бунинг учун ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан “кўмиб ташламаслиги” лозим. Улар учун фақат шароит яратиб бериши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда аҳоли мурожаатлари орқали жойлардаги вазият ўрганилиб, маҳаллалар қиёфаси ва ижтимоий муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу ишлар, аввало, иқтисодий ва ижтимоий аҳволи нисбатан оғир бўлган маҳаллалардан бошланади.

Шу муносабат билан ушбу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви тармоқларини, боғча, мактаб, тиббиёт муассасалари, маданият марказларини таъмирлаш ва қуриш, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилишга устувор аҳамият бериш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари янгича тизимда ишлаш юзасидан режаларини баён қилди.