22.12.2024, Якшанба

Мард посбонлари бор халқнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкам, ғурур-ифтихори баланд бўлади – Президент

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 13 январдаги фармонига мувофиқ, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бир гуруҳ ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

14 январь куни Президент Администрациясида ушбу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди.

Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони барча ҳарбий хизматчиларни ва соҳа фахрийларини мазкур шонли сана билан табриклади.

– Мустақиллигимизнинг 30 йилида Қуролли Кучларимиз ташкил топиб, фидойи аскарлар, офицер ва генераллар етиштириб, зарур аслаҳалар билан таъминланиб, бугун мана шундай етук армияга айланди. Бу жонажон Ватанимиздаги тинчлик, барқарорлик, халқимизнинг осойишта яшашига замин бўлаяпти, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги йилларда мудофаа тизимининг жанговар салоҳиятини ошириш бўйича жуда катта ишлар қилинди. Ҳарбий бошқарув тизими деярли янгидан барпо этилди. Ҳарбий-маъмурий секторлар тузилди.  Қўшин турлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича таъсирчан механизмлар йўлга қўйилди. Энг мураккаб вазифаларни ҳам тезкорлик билан бажаришга қодир бўлган бўлинмалар ташкил этилди. Қўшинларнинг жанговар ва руҳий тайёргарлик даражаси ошди.

Қуролли Кучлар Академияси, янги ташкил этилган Ҳарбий-тиббиёт академияси, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ва бошқа ихтисослаштирилган ўқув юртлари профессионал кадрлар тайёрлаш масканларига айланиб бормоқда. Ёшлар ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш ва интилиш кучаймоқда.

Ҳар йили Ватан ҳимоячилари куни арафасида Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилиб, соҳада бажарилган ишлар ва навбатдаги муҳим вазифалар муҳокама қилиб борилмоқда.

– Кечаги йиғилишда биз муносиб куч-қудратимизни бундан ҳам мустаҳкамлаш, ҳар бир йўналишда илмни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш бўйича катта режалар қабул қилдик. Дунёда ва минтақамизда бўлаётган таҳликали воқеаларни чуқур таҳлил қилиб, халқимизнинг тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлиги бўйича қўшимча чоралар кўрамиз. Биз фақат ўз кучимизга ишонамиз, – Олий Бош Қўмондон.

Ватан ҳимоячилари билим ва фазилатлари билан ёшларга намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.

– Ҳарбий округларга, ҳарбий-маъмурий секторларга мен қўйган энг катта вазифа – халқ билан армия бирлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш ҳақида бўлди. Бунда сизлар етакчи, ҳар бир ҳаракатингиз билан ёшларга намуна бўласиз, деб ишонаман, – деди давлат раҳбари. 

Инсон қадрини улуғлаш тамойили бу соҳада ҳам намоён. Ҳарбий хизматчилар учун муносиб хизмат ва яшаш шароитлари яратилмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда 10 мингга яқин ҳарбий хизматчи имтиёзли кредитлар асосида уй-жой билан таъминланди. Улар хизмат муддатини ўтаб бўлганидан кейин иш ва тиббий хизматлар таъминланиши ҳам эътиборда.

Бугун байрам муносабати билан жойларда ўтказилаётган тадбирлар, ватанпарварларга топширилаётган мукофотлар ҳам  инсон қадрини улуғлашнинг яна бир намунаси.

Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев унвон тўғрисидаги гувоҳномаларни, орден ва медалларни тантанали равишда топширди. Ватан ҳимоячиларига сиҳат-саломатлик, зиммасидаги олижаноб вазифаларни самарали адо этишда улкан зафарлар тилади.

– Афсуски, ҳамма мукофотланганларни бу залга йиғишнинг иложи йўқ. Лекин барча мукофотланганларни, бугун келолмаганларни ҳам давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан чин дилдан табриклайман. Мукофот бу – эътибор, халқимизнинг ишончи тимсоли. Бу сизларга руҳ, куч-ғайрат бағишлаб, янги-янги муваффақиятларга ундаши керак. Мард посбонлари бор халқнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкам, ғурур-ифтихори баланд бўлади, – деди Президент.

Сўзга чиққанлар юксак мукофот ва доимий эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

UzA