22.12.2024, Якшанба

Инвестиция фаолияти ва стратегик ривожланиш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди

12 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Стратегик ривожланиш агентлиги фаолияти муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Мамлакатимиздаги барқарорлик ва қулай инвестиция муҳити натижасида ташқи иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда. 2021 йилда жами 10 миллиард доллардан ортиқ, жумладан, 8 миллиард 100 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Бунинг натижасида 318 та йирик ва 15 мингдан зиёд ҳудудий лойиҳалар амалга оширилиб, 273 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилган. Янги корхоналар жами 1 миллиард доллардан зиёд экспорт ва 530 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш имкониятига эга.

Албатта, коронавирус пандемияси ҳали-ҳамон иқтисодий жараёнларга жиддий таъсир ўтказмоқда. Шунга қарамай, экспортда изчил ўсишга эришилмоқда. Хусусан, 2020 йилда мамлакатимизда экспорт миқдори 9 миллиард доллардан ошган бўлса, 2021 йилда 12 миллиард долларни ташкил этган. Эътиборлиси, бунда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улуши сезиларли кўпайган.

Жорий йилда 9 миллиард 500 миллион доллардан зиёд тўғридан-тўғри хорижий сармояларни ўзлаштириш, 282 та йирик ва 9 мингдан ортиқ ҳудудий лойиҳалар ишга тушириш мўлжалланган. Экспорт ҳажмини 14 миллиард долларга етказиш ҳисоб-китоб қилинган.


Йиғилишда мутасаддилар ушбу кўрсаткичларни тармоқ ва ҳудудлар кесимида таъминлаш чора-тадбирлари бўйича ахборот берди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир инвестиция лойиҳасини доимий назоратга олиб, ташаббускорларга кўмаклашиш ва ўз вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берди.

Туризм, тиббиёт ва машинасозлик тармоқлари, ҳудудлардан Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятларида хорижий инвестицияларни жалб қилиш даражаси пастлиги кўрсатиб ўтилди. Шу боис улар бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиб, қўшимча сармоялар йўналтириш вазифаси қўйилди.

Президентимиз ишлаб чиқаришни ва саноат кооперациясини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Маҳаллий маҳсулотлар турини кўпайтириш, бу борада тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича топшириқлар берилди. Жумладан, юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган товарларни ўзлаштирган маҳаллий корхоналар маҳсулотлари кафолатли харид қилинади. Бу жараёнга ҳоким ёрдамчиларини ҳам жалб этиш муҳимлиги айтилди.

Аҳоли турмуш сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган таълим, тиббиёт, сув таъминоти, йўл ва бошқа инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда шаффофликни таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш соҳаси, Оролбўйи минтақаси учун траст фонди каби ижтимоий муҳим йўналишларга хорижий грантлар жалб қилиш кераклиги айтилди.

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.


Шавкат Мирзиёев Президент сайлови олдидан халқ билан учрашувларда ҳар бир туманда лойиҳа гуруҳлари ва холдинг компаниялари ташкил этилишини айтган эди. Йиғилишда ушбу тизимни жорий этиш борасида қилинаётган ишлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари лойиҳа гуруҳлари мутахассисларини бир тизим ва методология асосида ишлашга ўқитиш кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда экспорт масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Бу борадаги прогнозларни бажариш учун саноатга алоҳида аҳамият қаратиш, қўшимча имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июлдаги фармонига мувофиқ, Стратегик ривожланиш агентлиги ташкил этилган эди. Бу Агентликка инвестицияларни жалб этиш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг стратегик масалаларини ўрганиш, инвестиция фаолиятининг истиқболли йўналишларини аниқлаш, халқаро тажриба асосида иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш ва ҳудудларнинг инвестиция салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш каби кўплаб вазифалар юклатилган.

Йиғилишда мазкур Агентликнинг тузилмаси, шу кунгача қилинган ишлар ва жорий йилги режалар ҳақида ахборот берилди.

Бугунги кунда Агентлик бошқармалари шакллантирилган, уларга етакчи хорижий университетларда ўқиган, ташаббускор ва билимли мутахассислар жамланган.

Агентликнинг бу йилги режаси 18 та муҳим тадбирдан иборат. Инвестиция лойиҳаларини илгари суришнинг янги механизмини жорий этиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали инвестиция муҳитини яхшилаш, инвестиция муҳити бўйича ҳудудлар рейтингини йўлга қўйиш, тадбиркорларнинг тизимли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш, Жаҳон банки билан биргаликда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш шулар жумласидан.

– Бу Агентлик инвестиция ҳажмини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади. Шу боис, ҳудуд ва тармоқларни стратегик ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш, бунга хориждан малакали мутахассис ва маслаҳатчиларни ҳам жалб қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Стратегик ривожлантириш бўйича методология яратиб, уни ҳар бир ҳудуд ва тармоқда жорий қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.