22.12.2024, Якшанба

Қорақалпоғистон Республикасини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йилги режалар тўғрисида Вазирлар Кенгашининг Раиси Қ.Сариевнинг МУРОЖААТНОМАСИ

 

Бугунги мурожаатномани Давлатимиз Раҳбарининг жорий йил 6 ноябрда Президентлик лавозимига киришишларидаги тантанали маросимда – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этиш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил асосида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш”га қаратилган ғоялари билан бошламоқчиман.

Албатта, инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизимини яратиб беришни тушунамиз.

Чунки, ўз-ўзидан равшанки, глобаллашув ва кескин рақобат замони, шиддат билан ўзгараётган ҳаёт бизнинг олдимизга кечиктириб бўлмайдиган, ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.

Олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришда мамлакатимиз қонунлари, Давлатимиз Раҳбари ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган ҳужжатлар дастурил амал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан ҳокимларнинг кенг жамоатчиликка 2021 йилги ижтимоий-иқисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2022 йилги режалар тўғрисида Мурожаатномаси тақдим этилмоқда.

Бугунги кунга қадар барча шаҳар ва туманларимизда ҳокимларнинг кенг жамоатчиликка ва халқимизга мурожаатномалари қабул қилинди.

 

Рухсатларингиз билан, “2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да кутилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари ва натижаларига қисқача тўхталиб ўтсам.

Аввало, жорий йил якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратадиган бўлсак,
йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 108,7 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 111,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 105,5 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 111,6 фоизга, хизматлар ҳажми 124,9 фоизга ўсиши кутилмоқда,

аҳоли жон бошига эса саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2020 йилга нисбатан 846,8 минг сўмга ошиб, 8,1 млн сўмни ташкил этиши ёки 111,5 фоизга ўсиши, хизматлар ҳажми 1,1 млн сўмга ошиб 4,5 млн сўмни (133,1%) ташкил этиши кутилмоқда.

Шунингдек, 23100 та янги иш ўринлари яратилиб, бандлик дастурининг ижроси 105 фоизга бажарилиши, аҳолининг ишсизлик даражаси йил бошидаги 10,5 фоиздан 9,5 фоизга камайишига эришилади.

Бюджетга 1767,0 млрд сўмлик тушумлар тушиши, шундан маҳаллий бюджетга 1680,6 млрд сўм тушумлар тушириш ҳамда республика ихтиёрига 66,5 млрд сўм эркин қолдиқ маблағлари қолиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикасида 2021 йилнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига асосан, жами қиймати
5  трлн. 83 млрд сўмлик 756 та лойиҳалар (шундан дастур доирасида 5 010,5 млрд сўм 541 та лойиҳа 8 570 та иш ўрни ва қўшимча резерв лойиҳалар 72,9 млрд сўмлик 215 та лойиҳа иш ўринлари 636 та) ишга туширилиб, уларнинг эвазига 9 206 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Республикамизда  91,6 млн. долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, унинг миқдори 2020 йилга нисбатан 112 фоизга ўсиши,

йил якуни билан 124,0 млн. долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, ўтган йилга нисбатан 122,4 фоизга ва экспортёр корхоналар сони  50 тага ошиши кутилмоқда.

Жорий йилда "Темир дафтар"га киритилган 15190 та оилага ҳамда "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"га киритилган жами
94 минг нафардан зиёд фуқароларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилди, жами 3 та (Темир, Ёшлар, Аёллар) жамғармага маҳаллий бюджетдан 42,6 млрд. сўм маблағ ажратилди.


Жорий йилда 505,6 км ички йўллар таъмирланди.

Шунингдек, 680,6 км ичимлик сув тармоғи қурилиб, таъминланганлик даражаси 68,1 фоизга етди.

Электр таъминоти бўйича жорий йилда 843,6 км тармоқ ва
207 дона трансформатор пунктлари реконструкция ва модернизация қилинди. Амалга оширилган ишлар натижасида
71 мингдан ортиқ хонадонлар, 1,0 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари ҳамда 180 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларининг электр таъминоти яхшиланди.

Ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш мақсадида жорий йил давомида жами 281 та объектларда, жумладан 46 та боғча, 206 та мактаб, 18 та тиббиёт ҳамда 11 та бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, ушбу мақсадларга 413 млрд сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилди.

Мактабгача таълим соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ жорий йилда 120,3 млрд. сўмни ташкил этиб, жорий йилнинг ўзида мактабгача таълим ташкилотлари сони 1304 тага етди ва қамров даражаси 71,3 фоизга етказилди.

Умумтаълим мактабларида компьютер ускуналари билан таъминланиши ҳамда оптик толали Интернет 100 фоизга етказилди, Қорақалпоғистондаги умумтаълим битирувчиларининг 6,6 минг нафари ёки 24,7 фоизи  олий таълим талабалари бўлишди.

Соғлиқни сақлаш тизими бўйича бугунги кунга қадар 15 та янги, 10 та хусусий тиббиёт муассасаси ўз фаолиятини кенгайтирди.

Шунингдек, Шайх Халифа бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан умумий қиймати 28 млн. АҚШ долларига тенг
150 ўринга мўлжалланган Нукус шаҳрида Аёллар ва болалар шифохонасини қурилиш ишлари бошланди ҳамда қурилиш ишлари якунлангач, шифохона ўрнатилган тартибда беғараз равишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфига берилади.

2020-2021 йилларда жами 3 млрд. 460 млн. сўмга тенг
27 та “Дамас”, 1 та “Фотон”, 2 та “Газель” тез тиббий ёрдам автомашинаси ва 1 та мобиль клиника автомашинаси харид қилинди.

Қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришда анъанавий ёндашувлардан воз кечиб, деҳқонлар даромадини кўпайтирадиган, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш устида тинмай изланишлар олиб борилмоқда.

Ислоҳотлар аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ижобий таъсир кўрсатмоқда, деҳқон ва фермерлар, кластер хўжаликлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг ҳақиқий эгасига айланди.

Ташкил этилган кластерлар томонидан амалга оширилаётган ишлар сабабли ҳозирда пахта ҳосилдорлиги сезиларли даражада ўсди. Бундан 4-5 йил аввал ҳосилдорлик 20 центнер бўлган бўлса, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилда
28 центнергача ҳосилдорликка эришилди.

 

Хабарларингиз бор, Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан жойларда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтлар”лари ташкил этилиб, уларга манзилли тарзда кўплаб амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.

Ҳозирги кунда “темир дафтар”даги эхтиёжманд оилалар таркибида бўлган меҳнатга лаёқатли ишсизларнинг 45 149 нафари (99,7%) бандлиги таъминланди.

Шунингдек, бугунга қадар, камбағаллик даражасини қисқартириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг тегишли қарорлари билан қўшимча даромадлар манбаи яратилган 30 371 та эҳтиёжманд оиланинг ёки “темир дафтар”даги оилаларнинг 94 фоизи камбағалликдан чиқарилди.

Ҳозирда “темир дафтар”да қолаётган 2062 та
(7 943 нафар оила аъзоси) эҳтиёжманд оилаларни турмуш ҳолатини яхшилаш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар (жумладан, моддий ёрдам кўрсатиб бориш, озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлаш, кўрикдан ўтказиб тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ижтимоий муаммоси ечими ишлари) амалга оширилади.

Ёшлар дафтари бўйича, Юртбошимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистондаги 424 та маҳаллаларнинг ҳар бирида Ёшлар ишлари агентлигининг вакиллари келгуси йил 1 январидан иш бошлайди.

Ҳар бир секторда ишсиз ёшлар ва таълим муассасалари битирувчиларини “Ёшлар дафтари” электрон платформасига киритиш ва уларни тизимли юритилиши амалга оширилади.

Ҳоким ва сектор раҳбарлари томонидан ҳафтада биттадан маҳаллаларда ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилади ҳамда уларнинг мавжуд муаммолари ҳал этиб борилади.


Барчамизга маълумки, Давлатимиз Раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашуви давомида 2022-2026 йилларда режалаштирилган асосий вазифа ва мақсадли параметрларини белгилаб бердилар.

Ушбу белгилаб берилган вазифалар ва мақсадли параметрлар асосида “Қорақалпоғистонни келгуси 5 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳамда уни
2022 йилда ижросини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”” ишлаб чиқилди.

Дастурни ишлаб чиқишда асосий эътиборни Давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган янги тизим “Маҳаллабай” ишлаш асосида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш, шу орқали камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш масаласига қаратганмиз.

Шунингдек, дастурда иқтисодий ва ижтимоий соҳани кенг ривожлантириш, аҳоли саломатлигини сақлаш, муносиб уй-жой ва яшаш шароитларини яратиш, қишлоқ хўжалигини кафолатли сув билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа масалалар ҳам қамраб олинган.

Мазкур дастур доирасида келгуси 5 йилда ҳудудимизда:

- Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2 баробарга ошириш
(яъни, 2021 йилда 24,2 трлн.сўмдан – 2026 йилда 49,6 трлн.сўмга етади);

- Саноат маҳсулотлари ҳажми 2,1 баробар (яъни, 2021 йилда 15,8 трлн.сўмдан – 2026 йилда 33,1 трлн.сўмга етади);

- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 2 баробар
(яъни, 2021 йилда 11,1 трлн.сўмдан – 2026 йилда 21,7 трлн.сўмга етади);

- Хизмат кўрсатиш ҳажми 2 баробар ошириш кўзда тутилган (2021 йил 8,8 трлн.сўмдан – 2026 йилда 19,9 трлн.сўмга етади).

Шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган куйидаги мақсадли параметларни белгилаб олганмиз.

Хусусан, келгуси 5 йилда:

Ø    288 мингдан зиёд доимий иш ўринлари яратиш орқали, Қорақалпоғистонда камбағалликни 3 бараварга қисқартириш энг устувор вазифалардан бири бўлади.

Ø    Умумий қиймати 5 миллиард 100 миллион долларлик 2 мингдан зиёд инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Ҳудудларда 45 та янги кичик саноат зонаси барпо этилади.

Ø    Ҳудуднинг экспорт ҳажмлари камида 4 баробарга оширилиб, 500 миллион долларга етказилади.

Ø    70 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилиб, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик учун очиқ танлов асосида ажратилади.

Ø    100 минг гектар ер майдонининг сув таъминотини ва 120 минг гектарда мелиоратив ҳолатни яхшилаш, шўрланган ерларни 24 минг гектарга камайтириш чоралари кўрилади.

Ø    Гўшт, сут, тухум ва балиқ етиштириш ҳажми 2 баробарга оширилади.

Ø    Оролнинг қуриган ҳудудида яна 1 миллион гектар ўрмонзор ва бутазорлар барпо этилади. Шаҳар ва туманлар марказида жами 280 гектар майдонда жамоат парклари ва яшил майдонлар ташкил этилади.

Ø    2,6 минг километр ичимлик сув тармоғи тортилиб, 70 та сув иншооти барпо этиш орқали, тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 65 фоиздан 90 фоизга етказилади.

Ø    236 миллион долларлик лойиҳалар ҳисобига, 440 км канализация тармоғини қуриш орқали, оқова сув тизими қамрови 16 фоиздан 55 фоизга етади.

Ø    7 триллион сўм маблағлар ҳисобига 5 минг километр йўллар қурилади ва таъмирланади. Шунингдек, 500 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 370 та кўприк тўлиқ таъмирланади.

Ø    Мактабгача таълим билан қамров даражаси 71 фоиздан 87 фоизга етказилади.

Бунинг учун, янги 40 та давлат ва хусусий, 525 та оилавий боғчалар ташкил этилади, 73 та давлат боғчаси реконструкция қилинади ва яна 40 минг нафар болажонларга боғчага бориш имконияти яратилади.

Ø    55 та янги мактаб, 187 та мактаб учун қўшимча ўқув бинолари қуриш ва 135 та мактаблар капитал таъмирланади.

Ø    Қорақалпоғистонда 5 та нуфузли олийгоҳ ва хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилади (ҳозирда
26 фоиз).


Юқоридаги мақсадли парметрларга эришишни таъминлаш бўйича 2022 йилга мўлжалланган аниқ чора-тадбирларни ўзида жамлаган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Ушбу “йўл харитани” ишлаб чиқишда, аввало аҳолимиз ва тадбиркорларни қийнаётган энг долзарб муаммолар, уларни безовта қилаётган масалаларни пухта ўрганган ҳолда  тайёрланди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда энг катта масалалардан бири бу – янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали камбағалликни қисқартириш ҳисобланади.

Бу борада, аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқишдан олдин Қорақалпоғистон Республикасидаги меҳнат ресурслари, шу жумладан ишсиз фуқаролар батафсил таҳлил қилинди.

Ҳозирги кунда ҳудудимизда жами 76 065 нафар ишсиз фуқароларимиз мавжуд. Шунингдек, 2022 йилда 9 мингдан ортиқ чет давлатларда ишлаб юрган фуқароларимиз ўз уйларига қайтиб келиши кўтилмоқда.

Ишсиз фуқароларимиз эгаллаган касб-хунари (мутахассислиги) бўйича ҳам таҳлил қилинди. Шундан:

- 11 867 нафар Тиббиёт соҳасида;

- 4 446 нафар Қурувчилик соҳаси;

- 1 046 нафар Электрик монтажчи;

- 7 514 нафар Уқитувчилик соҳаси;

- 890 нафар Тарбиячи, кутубхоначи;

- 7 901 нафар турли хил Қишлоқ хўжалиги ишлари;

- 1 776 нафар Тикувчи-бичувчилик соҳаси;

- 953  нафар IT соҳаси;

- 8 224 нафар бошқа соҳалар;

- 30 443 нафар касб-хунарга эга бўлмаган фуқаролар.

 


Хабарингиз бор, Ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан барча ҳудудларда янги тизим, яъни ҳар бир маҳаллада “ҳоким ёрдамчи”лари лавозими жорий этилди.

Ҳозирда, Қорақалпоғистон ҳудудидаги 424 та маҳаллаларга “ҳоким ёрдамчи”лари лавозимига салоҳиятли ва тажрибага эга номзод танлаб олинган.

2022 йил 1 январдан бошлаб “ҳоким ёрдамчи”лари билан биргаликда барча маҳаллаларда аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир фуқаро билан манзилли ишлар ташкил этилади. 

Бунда, 2022 йилда асосий 4 та йўналиш бўйича
85 минг нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Хусусан:

Биринчи йўналиш, Тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш 32,4 минг фуқароларнинг бандлиги таъминланади. Жумладан:

- Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 650 млрд.сўм имтиёзли кредитлар ажратиш орқали - 18,3 минг нафар фуқаролар;

- Хизмат кўрсатиш соҳасига 77 млрд.сўм имтиёзли кредитлар ажратиш орқали - 8,2 минг нафар фуқаролар бандлиги таъминланади;

- 6 мингга яқин фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликга ўқитиш учун 73 млрд.сўм субсидиялар ажратилди.

 

Иккинчи йўналиш, Қишлоқ хўжалиги ва Чорвачилик соҳаларида 23,3 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан:

- 10,6 минг гектар янги ер майдонларни ўзлаштириш ҳисобига 3,3 минг нафар фуқаролар бандлиги таъминланади;

- Пахта ва ғалладан бўшайдиган 8 110 гектар майдони
9,6 минг нафар аҳолига бўлиб берилади;

- Ёрдамга муҳтож оилаларга 1,5-2 сотихлик иссиқхоналар қуриб бериш орқали 1 минг нафар фуқаролар бандлиги таъминланади;

- Кластерларни ривожлантириш орқали 4,4 минг та янги иш ўринлари яратилади (шундан, пахта-тўқимачилик кластерида – 2900 та, мева-сабзавотчилик кластерида 1000 та, ғаллачилик кластерида 535 та иш ўринлари);

- Чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган кластер корхоналари ҳамда фермер хўжаликларида 5 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Бунда, 112 млрд.сўмлик 22 та чоравачилик лойиҳалари, қоракўлчилик йўналишида 3,4 млн.долларлик жунни қайта ишлаш кигиз, гилам тўқиш лойиҳалари, балиқчилик кооперацияси асосида 1000 та хонадонларда кичик ёпиқ сув айланма тизими ҳамда табиий кўлларда қафасда (садок) балиқ етиштириш тизимини йўлга қўйилади.

 

Учинчи йўналиш, Саноат соҳасини ривожлантириш орқали 13,4 минг иш ўринларини яратиш режалаштирилган.

Бунда:

2022 йилда умумий қиймати 1,0 трлн.сўмлик 143 та саноат лойиҳаларини ишга тушириш натижасида 3 111 та янги иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, 28 гектар ер майдонларида 11 та кичик саноат зоналарини ташкил этиш орқали ҳамда Нукус шаҳри ва Тўрткўл туманидаги 2 та қурилиш кластерларида 1300 та иш ўринлари яратилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишим керак, келгуси йилдан бошлаб бир нечта йирик Мега лойиҳаларнинг қурилиш ишлари бошланади.

Мисол учун:

Қораузак туманидаги “Тебинбулақ” кони негизида кон-металургия комплекси барпо этиш ишлари бошланади. Ушбу лойиҳанинг қурилиш ишлари ҳамда атрофида ташикл этиладиган хизмат кўрсатиш объектларида 7 850 нафар аҳоли банд бўлади.

Беруний туманида “Аква пауэр” компанияси (Саудия Арабистони) томонидан шамол электр станциясини ташкил этиш лойиҳасининг қурилиш ишларига 1 мингдан ортиқ ишчилар жалб этилади.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 140 млн.долларни ташкил этиб, 100 МВт қувватга эга, натижада 110 минг хонадонни қўшимча электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади.

 

Тўртинчи йўналиш, Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларида 12 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди.

Жумладан:

- Давлат инвестиция дастури доирасида ажратиладиган
509 млрд.сўмлик;

- “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 214 млрд.сўмлик;

- “Фуқаролик бюджети” доирасида ажратиладиган
99 млрд.сўмлик;

- Кегейли, Қораўзак ва Қонликўл туманларида
“Янги Ўзбекистон”
массивларини барпо этишда амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларига жалб этилади.  

Энг асосийси, ушбу амалга ошиладиган ишлар натижасида 2022 йил давомида “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарига киритилган 10 мингдан ортиқ фуқароларимиз камбағалликдан чиқарилади.

*********************************************

Қорақалпоғистон Республикасига инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масаласи энг муҳум йўналишлардан ҳисобланади.

Бу борада, 2022 йилда амалга ошириладиган қиймати
3 трлн.сўмлик 736 та инвестиция лойиҳаларининг манзили рўйхати шакллантирилган.

Жумладан:

Саноат соҳасида – қиймати 1 трлн. 521 млрд.сўмлик 174 та;

Қишлоқ хўжалиги соҳасида – 371,3 млрд.сўмлик 137 та;

Хизмат кўрсатиш соҳасида – 1 трлн. 114 млрд.сўмлик 425 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишим керак, жорий йил
23 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” ПФ-25-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан:

1. Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун
10 йил муддатга (2022 йил 1 январдан - 2031 йил 1 январгача):

- фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларини 1 фоиз этиб;

мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

2. Зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таминланадиган Инвестиция лойиҳаларининг қиймати 4 баробар, яъни
50 миллиард сўмгача камайтирилди.

3. Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан
2022 йил 1 январдан - 2027 йил 1 январгача:

- кичик тадбиркорлик субъектларига ўз маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг
50 фоиз қисмини қоплаб бериш;

- маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилмоқда.

Ушбу яратиб берилаётган кенг имкониятлар натижасида тадбиркорларимиз янада ривожланишига катта туртки бўлади.

Айниқса, экспортёр корхоналарга транспорт харажатларининг қоплаб берилиши келгуси йилда экспорт хажмининг янада кенгайишига замин яратади.

Хусусан, 2022 йилда экспорт хажми 155 млн.долларга етказилиб, 2021 йилга нисбатан 120 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шундан, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 1,5 баробар, қурилиш маҳсулотлари 1,6 баробар, фармацевтика маҳсулотлари экспорти 2,4 баробар ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, экспортёр корхоналар сони +43 тага (2021 йилда 187 та, 2022 йилда 230 та), экспорт географияси +5 та давлатга
(2021 йилда 35 та, 2022 йилда 40 та) кўпайишига эришилади.


Яъна бир долзарб масала бу – аҳолини ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлашдир.

Суғориш тизимлари, каналлар, дренажлар босқичма-босқич таъмирлаш ва реконстукция қилиш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали далаларга, олис овулларга сув етказиб бериш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

Сув ресурсларини бошқариш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича 2022 йилда мўлжалланган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

1. Суғориш тармоқларининг 119 км қисмини реконструкция қилиш учун 154,4 млрд.сўм маблағлар ажратилади.

2. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида 139 км мелиорация тармоқлари ҳамда 82 дона иншоатларни қуриш ва реконструкция қилиш учун 37,2 млрд.сўм маблағлар сарфланади.

3. “Суенли” ва “Кегейли” каналларининг 71 км қисми  бетонлаштирилади.

4.  5 та йирик насос станциялари таъмирланади.

5. Аҳоли томорқалари сув таъминотини яхшилаш мақсадида олис ҳудудлардаги 83 та маҳаллаларга 332 дона кичик қудуқлар қазиб берилади.

Шунингдек, 22,5 минг гектар ер майдонларига сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Шундан, 17,5 минг гектарга томчилатиб суғориш ва 5 минг гектарга ёмғирлатиб суғориш технологияси тадбиқ этилади.

Натижада:

- 28 минг гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланади;

- 33 минг гектар майдонда мелиоратив ҳолат яхшиланади;

- 64 млн.куб.м сув иқтисод қилинади.

Албатта, ушбу тадбирлар натижасида ҳудудимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, аҳолини зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ўзининг ижобий самарасини беради.


Ҳозирги кунда аҳолига муносиб уй-жой ва яшаш шароитларини яратиш, барча туманларида ичимлик суви ва йўлларнинг ҳолатини яхшилаш муҳум масалалардан ҳисобланади.

Давлат инвестиция дастури асосида 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 89 та ижтимоий ва инфратузилма объектларига Марказлашган маблағлар ҳисобидан 509,4 млрд.сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.

Жумладан:

- 7 та ичимлик суви ва канализация тармоқларида
43,9 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, аҳолини ичимлик суви билан таъминланиши 70,2% етказилади;

- 8 та автомобиль йўлларида 85,9 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, ички йўлларнинг таъмирланиши 35,2% га етказилади;

- 3 та соғлиқни сақлаш объектларида 34,0 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, бирламчи касалланишни аниқлаши (100 минг аҳолига) 46,9%, етказилади;

- 9 та мактабгача таълим ташкилотларида 37,4 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, болаларни қамраб олиш 77,8% етказилади;

- 23 та умумтаълим мактабларида 102,6 млрд.сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, юқори сменали мактаблар сони (1,6 коэф.дан юқори мактаблар) 127 та камайтирилади;

- 6 та жисмоний тарбия ва спорт объектларида 14,0 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, аҳолини спорт билан қамраб олиш даражасини 20% етказилади;

- 21 та ирригация тармоқларида 154,4 млрд. сўмлик ва
12 та мелиорация тармоқларида 36,3 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш натижасида, 28,2 минг гектарга сув таъминоти ва 33,2 минг гектар ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади.

Шулар билан бир қаторда, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида келгуси йилда 34 та қишлоқ ва маҳаллаларда 255,2 млрд.сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Хусусан:

Ижтимоий соҳа объектлари бўйича жами 21 та объектга 37,1 млрд.сўм ажратилади.

Мактабгача таълим ташкилотида 9 та объектга  20,8 млрд.сўм., Умумтаълим мактабларда 8 та объектга 14,2 млрд.сўм, Соғлиқни сақлаш тизимида 4 та объектга 2 млрд.сўм.

- Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини яхшилаш бўйича 63,6 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 197 км янги тармоқ қуриш ва 41 км тармоқларни реконструкция қилиш, 14 та янги сув иншоотини қуриш ва 4 та сув иншоотини реконструкция қилиш;

- Ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига
87,6 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 42 км асфальтбетон ётқизиш ва 154,7 км қум-шағал аралашмасини ётқизиш;

- 10,9 млрд.сўм ажратиш орқали 47,3 км пиёда йўлакчаларини қуриш;

- Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 21,3 млрд.сўм маблағлар ҳисобига 159,5 км электр тармоқларини тортиш ва алмаштириш учун ва 51 дона трансформаторларни ўрнатиш;

- Тунги кўча тизимини яхшилашга 8,9 млрд.сўм ажратиш орқали 2638 дона тунги кўча ёритиш устунларини ўрнатиш ва 213,9 км электр кабелларини тортиш режалаштирилган.

******************************

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 2022 йилда
2 минг 80 та хонадонли 81 та уй-жойларни қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, 3 туманда, Қонликўл, Қораўзак ва Кегейли туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади.

Жумладан:

Қонликўл тумани “Янги Ўзбекистон” массивида 14,3 гектар майдони 720 хонадонли 24 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Кегейли тумани “Янги Ўзбекистон” массивида 11 гектар майдони 600 хонадонли 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Қораўзак тумани “Янги Ўзбекистон” массивида 10 гектар майдони 498 хонадонли 17 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Шунингдек, ушбу “Янги Ўзбекистон” массивларида умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника, спорт, маданият, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.

 

Орол бўйи ҳудудида экологик вазиятни юмшатиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш энг долзарб масалалардан ҳисобланади.

Бу борада келгуси йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 1 млн. 300 минг гектар майдонда янги муҳофаза этиладиган таббий ҳудудлар ташкил этилади.

Жумладан:

- “Оролқум” биосфера резервати (Возрождение ороли) – 1 млн. гектар;

- “Борсакелмас” буюртма қўриқхонасида - 300 минг гектар майдонда муҳофаза этиладиган таббий ҳудудлар ташкил этилади.

Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида яъна
500 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилади.

Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва биохилмахилликни асрашга қаратилган умумий қиймати
9,6 млн.АҚШ долларига тенг 9 та грант лойиҳаси амалга оширилади.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили
14 млн. дона кўчат экиш ишлари ташкил этилади.

Эълон қилинган “долзарб 40 кунлик” давомида жорий йил куз мавсумида 5,5 млн. дона кўчатлар экилиб, режа
105 фоизга бажарилди.

Шунингдек, Нукус шаҳри ва туманларда жами 158 гектар майдонда “яшил майдон” ҳамда 112,8 гектар майдонда янгидан “яшил жамоат парклари” барпо этилади.


Шу ўринда жиноятчиликнинг олдини олиш ва камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар ва келгусидаги вазифаларга эътиборларингизни қаратмоқчиман.

Хусусан, Қорақалпоғистон ҳудудида қайд этилган 2815 та жиноятнинг 670 таси (23,8%) маҳалла ҳудудида содир этиладиган жиноятлар турига кириб, ушбу жиноятлар жами маҳаллаларнинг 50 фоизида содир этилган.

Жиноятчилик ҳамда хуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилишига қарамасдан минг афсуски ҳанузгача жиноят кўрсаткичлари кўплигича қолмоқда.

Келгусида жиноятчилик ва хуқуқбузарликни барвақт олдини олиш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

- “Оила – турмуш” доирасидаги, яъни ака-ука, эр-хотин, ота-бола, яқин қариндошлар, шунингдек қўни-қўшнилар ўртасида узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида, уларнинг рўйхатларини шакллантириб, маҳаллаларда яраштириш ишлари самарадорлигини ошириб, маҳаллада обрў-эътиборга эга кишиларнинг маслаҳат ва кўмагидан фойдаланилади;

- жиноят ва ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида муҳокама қилиб, муҳокамаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раиси ва фаоллари, имом-хатиблар иштирокини таъминлаб, маҳаллаларда умуман жиноят содир этилмаслик чора-тадбирларини белгиланади;

- ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларни олдини олиш мақсадида, таълим муассасалари ва маҳаллаларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни янада ривожлантириш тарғибот ишлари жадаллаштирилади;

- ёшлар томонидан содир этилган жиноятларнинг аксарияти уюшмаган ёшлар томонидан содир этилаётганлигини инобатга олиб, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари томонидан ушбу тоифадаги ёшларни аниқлаб, уларни иш билан таъминлаш, касбга, таълимга йўналтириш чоралари кўрилади.

 

 

Албатта, юқорида таъкидланиб ўтилган режаларимизни амалга оширилиши натижасида, 2022 йилда:

ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 26,3 трлн сўмни ташкил этиши ва ўсиш суръати 106,1 фоизга;

саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16,9 трлн сўмга ва ўсиш суръати 105,2 фоизга;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 11,9 трлн сўмга ва ўсиш суръати 106,5 фоизга;

хизматлар ҳажми 12,8 трлн сўмга ва ўсиш суръати
151 фоизга етказилади.

Шу билан бирга, келгуси 2022 йилда маҳаллий бюджет даромадлари эса 2,0 трлн сўмга етказилади ва 140 фоизга ўсиши таъминланади.


Бугун биз олдимизга улкан марраларни қўйдик, бу марраларни забт этишда Давлатимиз Раҳбари томонидан барча имконият ва шароитлар яратиб берилган.

Агар биз бир ёқадан бош чиқариб, бошланган ҳар бир ишимизни тизимли йўлга қўйиб, талабчанликни ошириб, сидқидилдан, содиқлик билан ҳаракат қилиб, бажарсак – халқимиз олдида, Ҳурматли Юртбошимиз олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Сўзимнинг якунида,

Сизларни кириб келаётган 2022 йил билан Вазирлар Кенгаши номидан муборакбод этаман. Янги йил юртимизга
қут-барака олиб келсин, халқимиз дастурхони тўкин-сочин бўлсин, тинчилигимизга кўз тегмасин. Ҳаммаларингизга оилавий бахт, соғлиқ, омонлик, ишларингизга зафар ва омадлар тилайман.

 

Эътиборларингиз учун раҳмат!