Президент Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев дастлаб тумандаги Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбари мазкур замонавий мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган эди. Бу галги ташрифда бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди.
Бугунги кунда 20-25 қаватли 6 та офис биноси қад кўтарган. Конференция зали қурилиши якуний босқичга кирган.
Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади.
Технологик паркда IT-ташкилотлар, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади.
Президентимизга ушбу объектларда бўладиган шароитлар, соҳадаги натижалар ҳақида маълумот берилди.
Замонавий шароитлар яратилиб, етук мутахассислар тайёрланаётгани самарасида сўнгги беш йилда ахборот технологиялари соҳасида экспорт ҳажми 50 баробардан зиёд ўсгани қайд этилди.
– Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатилаяпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ. Шунинг учун бу ердаги шароитларни кенгайтириб, замонавий IT-хабга айлантириш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги қуйи ташкилотларни шу ерга кўчириб, банк ва IT-компанияларни жалб этиб, технопаркни яхлит комплекс тарзида ривожлантириш, соҳа вакиллари учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда IT соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалар раислари ҳамда туман ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан мулоқот қилди.
Президентимиз 2020 йил 31 январь куни Геология фанлари университети қурилишига тамал тоши қўйган, геологик тадқиқотлар иқтисодиётнинг ҳамма соҳалари учун кераклиги, ташхиссиз беморни операция қилиш имконсиз бўлгани каби геологиясиз саноатни ривожлантириб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаган эди.
Сўнгги йилларда геология соҳасига катта маблағлар ажратилиб, энг илғор технологиялар олиб келинди. Ерости бойликларнинг захираси ҳам, прогноз ресурслари ҳам кўпайди. Уларни қазиб, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун малакали кадрлар ҳам зарур.
Шу боис Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети ташкил этилган эди.
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари янги университетда яратилган шароитларни кўздан кечирди.
– Геология иқтисодиётга сув ва ҳаводек зарур. Охирги йилларда илмий мактабларни тиклаб, кадрлар тайёрлашга эътибор қаратаяпмиз, энг илғор илмий методикаларни жорий этиб, лаборатория ускуналарини ўрнатиб, замонавий шароитлар яратаяпмиз. Энди натижага ишлаш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Ҳозирги кунда университетда бакалавриат бўйича 7 та ва магистратура бўйича 6 та йўналишда умумий 700 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бу йўналиш ва мутахассисликларни соҳа эҳтиёжига қараб кенгайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 5 йиллик тажрибага эга, геология соҳасида ишлаб келаётган ходимлар учун таълимнинг сиртқи шакли ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбари шу ерда талабалар, профессор ва ўқитувчилар билан суҳбатлашди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида ўқув биноси, ётоқхона ҳамда 2 та илмий институт, кутубхона, лаборатория ва геология музейи бинолари қурилди.
Иккинчи босқичда 7 қаватли лаборатория, 5 қаватли Давлат геология қўмитаси маъмурий биноси, 7 қаватли геология фонди ва Ўзбек геология қидирув биноси ҳамда спорт комплекси қурилади.
Президентимиз қурилишни сифатли якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.
Университет таркибида Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть-газ конлари геологияси ва қидируви институти, Геология соҳаси кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Геоинновацион технологиялар маркази ҳамда Давлат геология музейи фаолият юритади.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев тумандаги меҳнат таълимига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлди.
Бу муассаса 1976 йилда қурилган бўлиб, 1 минг 178 ўринга мўлжалланган. Лекин бугунги кунда ўқувчилар сони бунга нисбатан кўп. Бино ва жиҳозлар ҳам эскирган.
Давлатимиз раҳбари синфхоналар, спорт зали ва ошхонани кўздан кечирди. Мактаб учун янги бино қуриш, ёшларга ҳунар ўргатиш, амалиёт дарсларини корхоналарда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
– Ҳамма жойда замонавий корхоналар очилаяпти, инвестиция лойиҳалари амалга оширилаяпти. Уларни юритадиган салоҳиятли кадрлар керак бизга. Шунинг учун ҳам муаллим ва мактабларга, таълим сифатини яхшилашга алоҳида эътибор бераяпмиз. Салоҳиятли кадрлар рақобатни пайдо қилади. Қаердаки рақобат бўлса, ўша жойда ривожланиш бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
Мулоқотда тиббиёт ва мактаб таълимини ривожлантиришга қаратилаётган устувор эътибор, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг мазмун-моҳияти, улар вақт ўтгач, пастдаги муаммоларни ўз бошидан ўтказган, салоҳиятли кадрга айланиши, шу орқали катта кадрлар захираси шакллантирилиши ҳақида сўз борди.
Президент Шавкат Мирзиёев тумандаги 7-оилавий поликлиника фаолияти билан танишди.
Мазкур муассаса сўнгги бор 1991 йилда капитал, 2018 йилда эса жорий таъмирланган. Унинг қуввати 250 қатновга мўлжалланган бўлиб, ҳудуддаги 8 та маҳаллада яшовчи 41 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Ёрдамчи бўлимлардан физиотерапия, функционал диагностика, эндоскопия, марказий клиник лаборатория, рентген, ультратовуш диагностикаси ҳамда кундузги шифохона фаолияти йўлга қўйилган.
Ҳозиргача ҳудуддаги аҳолининг 93 фоизи тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 5 минг 518 нафар фуқаро учун соғломлаштириш чора-тадбирлари белгиланди.
Давлатимиз раҳбари поликлиникани замонавий тарзда капитал таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берди. Мавжуд диагностика ускуналари маънан эскирганлиги сабабли янгиларига алмаштириш лозимлиги таъкидланди.
– Амбулатор ва стационар тиббий хизматни ўзида жамлаган янги тажрибани амалиётга жорий қилиш керак. Оилавий поликлиникаларга бириктирилган аҳолига сифатли ва арзон хизмат кўрсатиш тизимига ўтиш орқали ҳудуддаги шифохоналар билан соғлом рақобат муҳитини шакллантириш лозим, – деди Президент.
Шу ерда Мирзо Улуғбек туманидаги тиббиёт муассасалари фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
Абдулазиз МУСАЕВ,
ЎзА мухбирлари