22.12.2024, Якшанба

Инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги кўриб чиқилди


Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Давлатимиз томонидан оқилона иқтисодий дипломатия юритилаётгани натижасида экспорт ва инвестиция миқдори изчил ошиб бормоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда хорижий инвестициялар ҳажми 3 баробар ўсган. Бунинг эвазига юзлаб завод ва корхоналар ишга туширилиб, маҳсулот ва хизматлар кўпайди, одамлар ишли бўлди, янги иншоотлар қурилди.

Бундай ишлар ҳар бир тармоқ ва ҳудудда давом этмоқда. Йил бошидан буён 179 та йирик ва 10 мингта ҳудудий лойиҳалар ишга туширилган. Уларга 76 триллион сўм инвестиция йўналтирилган. 143 мингта иш ўрни ташкил этилган.

Йиғилишда янги лойиҳаларни ўз вақтида бажариш ва аввал ишга тушганларини тўлиқ қувватга чиқариш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Охирги йилларда фойдаланишга топширилган 442 та лойиҳа паст қувватда ишлаётгани қайд этилди. Жойида ўрганилганда, уларнинг 238 тасида хомашё ва бозор топиш, 115 тасида кредит, 35 тасида инфратузилма билан боғлиқ муаммолар борлиги аниқланган.

Вилоят ҳокимларига ушбу корхоналар муаммоларини ҳал этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига йил якунига қадар 139 та йирик ва 3 мингта ҳудудий лойиҳаларни ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир сўм инвестиция иқтисодиётга натижа бўлиб қайтиши, халқимиз манфаатига хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Шу боис лойиҳалар бўйича кредитларнинг мақсадли ишлатилиши ва келгусида натижа бериши қатъий назоратга олинди.  

Саноат лойиҳаларида асосий эътибор замонавий, рақобатбардош, бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Шу боис улар учун илғор хорижий технологиялар харид қилинган.

Йиғилишда жорий йилда импорт қилинган 270 дан ортиқ ускуна ҳали ўрнатилмагани кўрсатиб ўтилди. Бунга сабаб бўлаётган жараёнларни соддалаштириб, ускуналарни тезроқ фойдаланишга киритиш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев Президент сайлови олдидан халқ билан учрашувларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича янги тизим жорий этилишини айтган эди. Бунинг учун ҳар бир ҳудудда “туман лойиҳа гуруҳлари” ва холдинг компаниялари ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу янги тузилмалар тадбиркорларнинг бизнес ҳамкорига айланади. Улар тадбиркорларнинг ёнида туриб, ғоядан бошлаб, инвесторларни жалб қилиш ва лойиҳаларни тўлиқ қувватда ишлашигача ҳар куни ёрдам беришга масъул бўлади.

Йиғилишда ушбу янги тизимни тез ва самарали ташкил этишга доир вазифалар белгиланди.  

Президент хорижий инвестиция ва экспорт ҳажмини оширишда мамлакатимизнинг чет давлатлардаги элчилари фаолияти муҳимлигини таъкидлади. Ҳудуд ва тармоқ раҳбарларига истиқболли лойиҳалар топиб, элчилар билан биргаликда уларни амалга ошириш бўйича топшириқлар берилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар ва ҳокимлар ахборот берди.