Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, соҳа ривожи учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар натижасида ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи йилдан йилга ортаётганлиги, ёшларимизнинг илм-фан сирларини эгаллашга бўлган интилишларининг кучайиб бораётганлиги фикримизнинг исботидир.
Амударё туманида 2020-2021 йилги ўқув йилида умумтаълим мактабларини тамомлаган битирувчиларининг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичи янада ортди. Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 56-сонли умумтаълим мактаби бу борада энг илғор таълим масканларидан ҳисобланади. Хусусан, 2020-2021 ўқув йилида мактабнинг 11-синфини жами 77 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, шундан 55 нафари, яъни 71,2 фоизи ОТМга қабул қилинди. Мактабнинг Технология фани йўналишидаги 11-“Б” вариатив синфининг 25 нафар битирувчиларидан барчаси, яъни 100 фоизи ОТМга ўқишга кирди. Бундай юқори натижаларни қўлга киритишда мактаб маъмурияти ҳамда ўқитувчиларнинг ҳиссаси беқиёс, албатта.
Жорий йилнинг 6 сентябрь санасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Рустем Реимов, туман ҳокими Султонбой Йўлдошев ҳамда тегишли масъуллар 56-сонли мактабдаги “Биринчи қўнғироқ” тадбирига ташриф буюрдилар. Ташриф чоғида мутасаддилар мактаб маъмурияти ҳамда ўқитувчиларини туманда таълим-тарбия тизимини ривожлантиришга қўшаётган тенгсиз ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирдилар ҳамда мактаб бититувчиларининг олий таълимга ўқишга киришда эришган юқори натижалари билан қизғин табрикладилар. Тадбир мобайнида мактабнинг қатор илғор ўқитувчилари ўз касбига масъулият билан ёндашаётганликлари, ёшларга сифатли таълим-тарбия бериб, уларнинг қобилият ва имкониятларига қараб тўғри йўналиш бераётганликлари, шу орқали мамлакатимизда таълим соҳаси ривожига қўшаётган ҳиссалари учун қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев 56-мактаб директори Орзигул Худайбергановага, мактабнинг Технология фани йўналишидаги вариятив синфларининг синф раҳбарлари Азимбой Сапарбоев ҳамда Хушнуд Чаршамовларга Қорақалпоғистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Айтиш керакки, 2020-2021-ўқув йилида мактабнинг Технология фани йўналишидаги 11-“Б” вариатив синфнининг 25 нафар битирувчиларининг 100 фоизи, 11-“В” вариатив синфнинг 25 нафар битирувчиларининг 22 нафари, яъни 88 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
Мактаб битирувчиларининг Олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичлари йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2018-2019-ўқув йилида мактабнинг 11-синфини тамомлаган 33 нафар битирувчидан 7 нафари, яъни 20 фоизи ОТМга ўқишга кирган бўлса, мактабда 2019-2020 ўқув йилида 10-11-синфларда Технология йўналиши бўйича вариатив синфлар ташкил этилиши ҳисобига бу кўрсатгич 44,7 фоизни ташкил этган. Вариатив синфлардаги битирувчиларнинг 88 фоизи Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган.
Тадбир мобайнида мутасаддилар мактаб кутубхонасига кўплаб бадиий, илмий адабиётлар совға қилдилар ҳамда мактабнинг 1-синф ўқувчиларига ўқув қуроллари жамланмаларини топширдилар. Масъуллар мактаб жамоасининг келгусида янги марраларни эгаллашларида муваффақиятлар тиладилар. Шундан сўнг “биринчи қўнғироқ” чалиниб, янги ўқув йили бошлаб юборилди.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.