22.12.2024, Якшанба

Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Мамлакатимизда кўчма савдо ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш, бундай фаолият турларига тадбиркорларни кенг жалб қилиш, шунингдек, кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш орқали аҳолига зарур товарларни харид қилишда қулайликлар яратиш мақсадида:

1. 2021 йил 1 декабрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

кўчма савдо фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда “K – SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида (кейинги ўринларда – “K – SAVDO” ААТ) рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда, тадбиркорлик субъектларидан рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;

кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича “K – SAVDO” ААТ орқали электрон аукционда сотилади.

2. Белгилансинки:

аукционнинг бошланғич нархи тегишли туман (шаҳар)даги ер участкасининг ер солиғи миқдорида белгиланади. Бунда, аукцион орқали сотишдан келиб тушган пул маблағларининг 80 фоизи тегишли туман (шаҳар) маҳаллий бюджетларига, 20 фоизи Давлат солиқ қўмитасининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади;

аукцион ғолиби томонидан кўчма савдо жойининг қиймати тўлиқ тўланганидан сўнг унга “K – SAVDO” ААТ орқали автоматик равишда QR-код қўйилган гувоҳнома берилади ҳамда у мазкур жойдан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда кўчма савдо жойидан фойдаланиш бўйича шартнома тузиш талаб этилмайди.

3. Тадбиркорлик субъектлари ёки фуқароларнинг “K – SAVDO” ААТда рўйхатдан ўтмасдан кўчма савдо фаолияти билан шуғулланаётганлиги биринчи марта аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари уларга чакана савдо фаолиятини “K – SAVDO” ААТ рўйхатдан ўтган ҳолда амалга ошириш бўйича зарур тушунтириш ишларини олиб борсин ҳамда рўйхатдан ўтказиш бўйича амалий ёрдам кўрсатсин.

4. Савдо автоматлари орқали товарларни сотиш ва (ёки) хизматларни кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида:

савдо автоматларига нисбатан назорат-касса техникаларидан мажбурий фойдаланиш талаби татбиқ этилмаслиги;

сотадиган товарлари ва (ёки) кўрсатадиган хизматлари туридан қатъи назар бундай фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар чакана савдо соҳасидаги солиқ тўловчи деб эътироф этилиши белгилансин.

5. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда кўчма савдо,

шу жумладан савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

6. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Д. Кудбиев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти            Ш. Мирзиёев