UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси Қорақалпоғистоннинг
тарихий ёдгорликларини UNESCOнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун тадқиқот
ишларини бошлади.
Туризм ва спорт вазирлиги хабарига кўра, комплекс
илмий тадқиқотлар олиб борган халқаро экспертлар гуруҳи таркибига археология,
архитектура, маданият ҳамда ёдгорликлар тарихи ва ҳужжатлари соҳасидаги
маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар киритилди.
Экспедиция Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро
институти (ИИCAС) ҳомийлигида ва Лондон Университет коллежи кўмагида «Марказий
Осиё археологик ландшафтлари» лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.
Марказий Осиё минтақаси тарихида илк бор янги метод ва
ускуналардан фойдаланган ҳолда объектларни батафсил ҳужжатлаштириш бўйича кенг
кўламли ишлар амалга оширилди. Маълумотларни йиғиш учун мутахассислар учта
учувчисиз учиш воситасидан фойдаланганлар.
Тўрт ихтисослашган гуруҳ 8000 километрдан ортиқ
масофани босиб ўтди. Тадқиқотлар натижасида вилоятнинг 53 та ёдгорлиги ҳақида
материаллар олинди, 67 000 дан ортиқ аэросурат ва 144 видеофильм олинди. Тўлиқ
тадқиқот 5 000 гектардан ортиқ майдонни қамраб олди.