02.01.2025, Пайшанба

Суд қарорисиз истеъмолчига ноқонуний ҳисобланган қарздорлик бекор қилинди


Ғузор тумани “Совлиғор” қишлоғида яшовчи фуқаро Баҳром Қурбонов Ғузор туман электр таъминоти корхонаси масъул ходимлари хизматидан норози бўлиб, Ғузор туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма ариза билан мурожаат этди. 

Мазкур мурожаат туман жамияти ходимлари иштирокида ўрганилганда, истеъмолчи абонент сифатида № 102070041423-сон билан ТЭТ корхонасида рўйхатга олиниб, 2012 йилнинг март ойидан DDS-28 русумли завод рақами № 290849 бўлган электр ҳисоблагич орқали электр энергиясидан қонуний фойдаланиб келганлиги, лекин “Ўзбекэнерго” ДАКнинг “my/ uzbekenergo.uz” сайтидан олинган маълумотга кўра, абонент номига 2018 йилнинг февраль ойи ҳолатида 2 692 186 сўм қарздорлик мавжудлиги кўрсатилган. 

Фуқаро ҳисобидаги мавжуд қарздорликнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда, 2014 йилнинг 13 январь кунида ТЭТ корхонаси ходими М.Юсупов истеъмолчи хонадонига бормасдан № 10235-000152-сонли далолатнома расмийлаштириб, ушбу далолатнома орқали 1 663 200 сўм қарздорлик ҳисоблаганлиги аниқланди. 
Истеъмолчи ушбу тузилган далолатномадан норози бўлиб, бир неча маротаба ТЭТ корхонасига ёзма ариза билан мурожаат қилган бўлса-да, корхона томонидан истеъмолчидан далолатнома асосида ҳисобланган қарздорликни тўлаб бериш талаб қилинган. 

Ўрганишларда тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада Б.Қурбонов номига (2 692 186 – 1 663 200) = 1 028 986 сўм ҳақиқий тўланмаган қарздорлик мавжудлиги аниқланиб, фуқарога ушбу қарздорликни ТЭТ корхонасига қисқа муддат ичида тўлаб бериши тушунтирилиб, фуқаро номига расмийлаштирилган далолатнома юзасидан корхона назоратчисидан тушунтириш хати олинди. Назоратчи ўз тушунтириш хатида истеъмолчи хонадонига бормаганлиги ва унинг номига далолатнома тузиб, фуқаро имзосини бошқа шахс томонидан сохталаштирганлиги ва далолатнома ноқонуний тузилганлигини маълум қилди. 

Шу боис, фуқаронинг мурожаатини ўрганиш жараёнида тўпланган далилларга кўра, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида Ғузор туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди. 
Томонлар ўртасида бўлиб ўтган суд мажлисида даъво аризада келтирилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилганлиги инобатга олиниб, ТЭТ корхонаси томонидан истеъмолчи хонадонига далолатнома асосида ҳисобланган қарздорлик ундириш рўйхатидан чиқарилди ва абонент рақамида ҳеч қандай қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилди.

ЎзА