02.01.2025, Пайшанба

Жиноятчиликга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришимиз шарт!


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йил 27 июль куни жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирга шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ички ишлар органларининг ходимлари, жамоат ташкилотларининг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қатнашди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниязов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, генерал-полковник З.Алматов сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида юртимиз тинчлигини асраш, халқимизнинг ободон турмушини таъминлаш, ички ишлар тизимида ислоҳотлар олиб бориш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузорликларга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди.


Таъкидланганидек, сўнги йилларда ички ишлар органлари соҳасида жуда катта ўзгариш ва янгиланишлар юз бермоқда. Соҳа ишларини такомиллаштиришга оид бир қатор ҳужжатларнинг қабул қилиниши, профилактика инспекторларининг хизмат уйлари ва имтиёзли кредитлар ҳисобидан автомашиналар олиши, ички ишлар органлари раҳбарларининг ҳар чоракда депутатлар, шунинг билан бирга аҳоли олдида ҳисобот бериши қонун устуворлигини таъминлашда, жиноятчиликнинг олдини олишда ўз самарасини бермоқда. Амалга оширилаётган ишлар натижасида республикамизда юз бераётган умуман жиноятларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан

542 тага камайишига эришилган. Шунинг билан бирга,

242 фуқаролар йиғинлари ҳудудида, 11 туманда ёшлар томонидан умуман жиноятлар содир этилмаган.

Эндиликда эса, “Жиноят ҳақиқати ва адолат” деб номланган янги тизим ташкиллаштирилиши кутилмоқда. Бундаги асосий мақсад, жавобгар раҳбарлар жойларга бориб жиноятларнинг сабабларини урганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Шунинг билан бирга, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Тошкент шаҳрида бошланган “Хавсиз шаҳар” консепцияси йўлга қўйилади.


Тадбир сўнгида 16 ёшга тўлган бир нечта ёшларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортлари топширилди.