Беруний туманидаги
Қизилқалъа овул фуқаролар йиғини 3-сектор ҳудуди ҳисобланиб, 4384 аҳоли
истиқомат қилади. 1007 та оилалар 798 та хонадонда истиқомат қилади. Қизилқалъа
ОФЙ ҳудудида 30 ёшдан ошган, 2229 нафар аёллар хатловдан ўтказилган бўлиб,
шулардан энг эҳтиёжманд 686 нафар аёллар 9 тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га
киритилди. Ҳозирги кунда 47 нафар аёллар дафтаридаги хотин-қизлар билан тизимли
ишлар олиб борилмоқда. Қизилқалъа, Олтинсой ва Дўстлик ОФЙ лар туманда оғир
ҳудуд саналиб, ижтимоий-иқтисодий, комплекс ривожлантириш бўйича режага мувофиқ
амалий ишлар бошлаб юборилган.
Қизилқалъа овули
чорвачиликка иҳтисослашган ҳудуд
ҳисобланади. Ўз-ўзидан маълумки чорвага асосланган жойларда, табиий жун
маҳсулотларидан ишлаб чиқариш кўпаяди. Шу аснода қайта ишлаб чиқариш ва аҳоли
бандлиги масаласи ҳал қилинади. Қадим ота-боболардан мерос бўлган, қўл ҳунарига
асосланган намат яъни кийгиз тўқиш сирлари шу кунгача Қизилқалъа ҳудудида
сақланиб қолган.
“Беруний қоракўл кластер ишлаб чиқариш” цехи ҳудудда ташкил қилиниб, мазкур ҳунармандчиликнинг сири аёлларга ўргатилиши йўлга қўйилган. Кийгиз тўқишдан олдин чи яъни қамишдан тўқиладиган дастгоҳ ишлаб олинади. Энг эътиборлиси бунда ҳам қўлда ишланадиган жараён кузатилади. Қир адирда боқилган қўй юнгидан бир ҳил ранглиси танлаб олинади. Кийгиз босиш жараёни бир неча босқичларда олиб борилади. Қизилқалъа ОФЙ турғуни Хожаахмедова Айша момо бир кийгиз агар қўл кўмаги кўп бўлса, бир кунда тайёр бўлади деб айтди суҳбат жараёнида. Ҳар бир маҳсулот харидоргир бўлиши учун унга безак бериш лозимдир. Қозоқ миллий нақшлари (ўювлари) кийгизга қўшимча кўрк беради. Тайёр маҳсулот 200 мингдан, 800 минг сўмгача бахоланади. Айниқса ёзда иссиқни, қиш фаслида эса совуқни ўтказмайди. Ундан ташқари кийгиз тўшалган жойда ҳар ҳил ҳашоратлар ҳам бўлмайди. Табиийлигининг афзаллиги ҳам шундадир. Миллий қора уйлар атрофига кийгиз ўрашининг маъноси ҳам иссиқ ва совуқ ҳавони бир маромда ушлаб турилиши учун хизмат қилар экан. Айша момога ҳозирнинг ўзида Қозоғистон Республикасидан қора уй атрофига 14 метр қилиб, ўраладиган нақшинкор кийгиз учун буюртма олган. Ишчи қизларим билан буюртмани бажаришни бошлаб юборганмиз деди.
Дарвоқеа Қизилқалъа овули
ҳудудида қозоқ миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Бошқа миллат вакиллари
билан қуда-анда, қариндош-уруғ бўлиб, бирдамликда яшаб келмоқда.
Цехдаги аёл-қизларнинг
урчуқ йигириши турли нақшлар солиб, кўрпача ёстиқ тикишларини кўриб,
чеварлигига қойил қолмасдан илож йўқ. Иш билганга минг танга дегани шу бўлса
керак, қўл-қўлга тегмасдан мехнат жараёни давом этмоқда. Бу ерда ҳам 5 нафар
“Аёллар дафтари” га, 2 нафар “Ёшлар дафтари” га киритилганлар иш билан
таъминланган деб маълумот берди ОФЙ раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари
бўйича ўрнибосари Наргиза Нурумбетова.
Бир сўз билан айтганда
мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил
ислоҳотларнинг ҳар бир хонадонга кириб борганлиги ва энг муҳими ҳудуд иш
фаолиятида натийжадорликнинг борлиги, юртдошларимизнинг хаётдан розилиги,
мақсадлар муштараклиги мужассам бўлганлигини кузатдик. Бу эса энг катта ютуғимиздир.