Амударё туманида 2021
йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича дастур
ишлаб чиқилган эди. Ушбу дастур ижросини таъминлаш мақсадида айни пайтда
масъуллар томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ёшларни ижтимоий ҳимоя
қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида туманнинг чекка ҳудудларда жойлашган таълим
муассасаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари,
мактабларга 5-6 км. узоқликдан қатнаётган ўқувчи-ёшлар рўйхати шакллантирилди.
Ушбу жараёнда тумандаги мавжуд 85 та умумий ўрта таълим мактабининг 1-11-синф
ўқувчилар орасида 50 нафар ўқувчи-ёшлар узоқ масофадан мактабларга қатнаб, таълим-тарбия олиб келаётганлиги аниқланди.
31 март куни Амударё тумани ҳокимлиги биносида тадбир ўтказилиб, унда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ва секторлар раҳбарлари, туман Халқ таълими бўлими, таълим муассасалари масъуллари иштирок этдилар.
Туман ҳокими Султонбой Йўлдашев ушбу тадбирда сўзга чиқиб, самимий тилакларини билдирди. Юрт келажаги бўлган ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида гапирди. Барча ёшларнинг келгуси ўқишларида аъло баҳоларга ўқиб ўзлари танлаган олий таълим муассасаларига кириб, етук мутахассислар бўлиб етишишларига ишонч билдирди.
Шундан сўнг, узоқ масофадан мактабларга қатнайдиган 50 нафар ўқувчиларга 50 дона велосипед топширилди.
Тадбирда велосипедларга эга бўлган ўқувчи-ёшлар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан яратилган барча имкониятлардан унумли фойдаланиб, буюк келажак яратишга қодир инсонлар бўлиб етишиш учун бор куч-ғайрати билан интилишларини айтиб ўтдилар.