Байрам кунлари
олис ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши суст бўлган қишлоқ ва овул
аҳлига амалий ёрдам кўрсатиш, улар ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий кўмак
бериш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги навбатдаги
ҳайрия тадбирини Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги Қипчоқ
овул фуқаролар йиғинида ўтказди.
Қипчоқ овулига байрам муносабати билан юборилган “Саховат карвони”
юртдошларимиз турмуш даражасини яхшилаш, аҳолига байрам шукуҳини улашишга
хизмат қилди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов
бошчилигида ўтказилган гуманитар акция доирасида Қипчоқ овулида истиқомат
қилаётган 35 нафар кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ҳамда ақлий ва
жисмоний имконияти чекланган аҳолига бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари,
кийим-кечак ҳамда хизмат муддатини ўтаган, аммо яроқли ҳолда сақланган мебель
жиҳозлари берилди.
Юртдошларимиз турмуш даражасини яхшилаш учун яроқли ҳолдаги 15 дона каравот, 12
дона кўрпа-ёстиқ жамланмаси, 10 та стол, 20 та стул, 5 та хонтахта, 3 та пўлат
ўчоқ улашилди.
Қипчоқ овул фуқаролар йиғини таркибида 9 та овул, 2 та мактаб, 3 та мактабгача
таълим муассасаси, 1 та оилавий поликлиника мавжуд. 385 та хонадонда 2 мингдан
зиёд фуқаро истиқомат қилади. Аҳоли асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан
шуғулланади. 28 нафар аёл “Аёллар дафтари”га ҳамда 53 нафар ёшлар “Ёшлар
дафтари”га киритилган. Маҳалла “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлиб, у ерда
хозирдан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш, улар соғлигидан хабар олиш ҳамда тиббий муолажалар
кўрсатиш мақсадида Нукус ҳарбий госпитали тиббиёт бригадаси томонидан 19 та
хонадонда тиббий текширув ишлари олиб борилди. Жумладан, 2 нафар нафақа
ёшидаги, 3 нафар жисмоний ва ақлий имконияти чекланган ҳамда 23 нафар турли
ҳасталиклар сабаб, азият чекаётган юртдошларимизга тиббий мулажалар кўрсатилди.
15 нафар овул аҳли ЭКГ текширувидан ўтказилди. Шулардан 3нафарга туман тиббиёт
бирлашмасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш учун ҳамда
1 нафар фуқарога республика онкологик касалликларни даволаш шифохонасида
стационар даволанишга йўлланма берилди. Ҳарбий шифокорлар томонидан оғриқни
қолдирувчи, иситмани пасайтирувчи, қон босимини меъёрлаштирувчи дори-дармонлар
ҳамда антибиотиклар тарқатилди.
Таъкидлаш жоизки, бир неча кундан бери аҳолига амалий ёрдам бериш мақсадида
муддатли ҳарбий хизматчилар овуллардаги тозалаш ободонлаштириш, юртдошларимиз
уй-рўғор ишларига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Ҳайрия акцияси доирасида Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази
ҳарбий оркестри ҳамда Қўнғирот тумани маданият бўлими санъаткорлари иштирокида
байрамона концерт дастури намойиш этилди.
Шимоли-ғарбий
ҳарбий округ матбуот хизмати