22.12.2024, Якшанба

ТАҲРИРИЯТ ТАНЛОВИДА ҒОЛИБ БЎЛГАН

қорақалпоғистонлик ижодкор аёллар тақдирланди

Бугун  Нукус шаҳрида «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари таҳририяти  томонидан эълон қилинган «Энг яхши мақолалар» танловида ғолиб чиққан қорақалпоғистонлик ижодкор аёллар тақдирланди.

Танлов ғолиблари бўлган Фотима Абдираимова ва Халима Халилаевага таҳририятнинг қимматбаҳо совғалари ва Дипломини Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов ҳамда  Қорақалпоғистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Ахмедова газетанинг махсус мухбирлари иштирокида тантанали равишда топширдилар.


-Таҳририятнинг  “Энг яхши мақолалар” танловини эълон қилиши жуда яхши ташаббус бўлибди, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси К.Каримов. - Мен газета ва унинг сайти орқали танлов иштирокчиларининг ижодий ишларини кузатиб бордим. Танлов доирасида ёритилган материаллар сўнгги пайтларда матбуотда кўп ҳам эълон қилинмаётган очерк ва бошқа таҳлилий жанрларни марказий нашрда ёритиш орқали қайта жонлантиришга туртки берди, десам муболаға бўлмайди.

Маълумот учун танлов ғолиби бўлган Фотима Абдираимова Чимбой туманида туғилган оддий оила қизи бўлган Онесия Сайтованинг болаликдаги қийинчиликлари, кейинчалик тиббиёт соҳасида меҳнат қилиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони”  деган юксак унвонга эришишгача бўлган даврни  «Чимбойнинг Она қизи» номли очерк жанрига хос тарзда кенг ёритган. Шунингдек,  истеъдодли журналист Халима Халилаева 16 йилдан буён имконияти чекланган болаларни спорт ва бошқа тадбирларда иштирокини таъминлашда самарали фаолият кўрсатиб келаётган Гулшад Турсимуратова ҳақидаги мақоласида замон қаҳрамонларидан бирининг образини яратишга ҳаракат қилган эди.

Ғ.Отажонов,

“Халқ сўзи”