Қорақалпоғистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ижро интизомига масъул раҳбарларнинг ҳужжатлар билан ишлашини ташкил этиш, шахсий масъулиятини ошириш ҳамда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш юзасидан ўқув-амалий семинар ўтказилди.
1 март куни Амударё тумани ҳокимлиги мажлислар залида
ўтказилган ушбу ўқув-амалий семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамаси масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси
Қаҳрамон Сариев қатнашди. Шунингдек, Республика ҳудудидаги бошқа вазирликлар,
давлат органлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, барча туманлар масъуллари
иштирок этдилар.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтган ўқув-амалий
семинарда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни
комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги
масалалари котибияти мудири ўринбосари Мансурбек Жуманиёзов маъруза қилди.
Тақдимот материаллари асосидаги маъруза давомида Ўзбекистон Республикаси
Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари ҳамда топшириқларининг Қорақалпоғистон
Республикасидаги ижроси ҳолати ва барча даражадаги раҳбарлар масъулияти
тўғрисида тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири
ўринбосари Музраф Икрамов Президентимизнинг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини
самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи
ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир
қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сон Фармонининг
мазмун-моҳияти ва жорий этилган янги тизимнинг алоҳида жиҳатлари ҳақида маъруза
қилди. Маърузалардан кейин семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган
саволларни бериб, батафсил жавоблар олдилар.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб
палатаси инспектори Бахтиёр Юнусовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлашда Ҳисоб палатасига юклатилган
вазифалар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири
биринчи ўринбосари Олег Андреевич Пекоснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти
ва Ҳукумати ҳужжатлари ва топшириқларини расмийлаштириш, уларнинг ижросини
ташкил этишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини
ошириш ҳамда "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон
тизими тўғрисидаги маърузалари тингланди. Ушбу маърузалар юзасидан ҳам
музокаралар ўтказилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар
берилди.
Шунингдек, ўқув-амалий семинар давомида масъуллар
томонидан қилинган маърузаларда норма ижодкорлиги, ҳужжатлар лойиҳаларини
экспертизадан ўтказиш ҳамда қонун ҳужжатларини тарғиб этишда юридик
хизматларнинг устувор вазифалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари
билан ишлашда таҳлиллар, муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида маълумотлар
берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида норма
ижодкорлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан
ўтказиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Жисмоний ва
юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ташкил этилган тизим
тўғрисида ҳам маърузалар қилиниб, тингловчиларга президент Фармон ва Қарорлари,
давлат ҳужжатлари ижросини амалга ошириш бўйича йўл-йўриқлар, батафсил
тушунчалар берилди.
Семинарда Амударё тумани ҳокимининг молия-иқтисодиёт
ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Маъмуржон
Темирбоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги
4804-сонли Қарори ижросининг “вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида ташкил
этилиши бўйича маъруза қилди.
Ундан ташқари, ўқув-амалий семинар давомида Хўжайли ва
Шуманай туманлари ҳокимлиги студиясидан ҳам маърузалар тингланди. Хўжайли
тумани ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Халилла Холмуродов туман
ҳокимлигида қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ижросини таъминлашда ижро
назоратини тизимли йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида, Шўманой тумани
ҳокимлиги девонхонаси мудири Амонбой Қарғабаев эса туман ҳокимлигида жисмоний
ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тўғрисида маълумот бериб
ўтдилар.
Музокара ва очиқ мулоқот тарзида ўтган ўқув-амалий
семинар иштирокчилари кун тартибади муҳокама қилинган масалалар юзасидан кенг
тушунчаларга, батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Озода Худойберганова.