22.12.2024, Якшанба

Қорақалпоқ давлат университети талабалари “Нукус” полигонида янгича ҳарбий мусобақада беллашди

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети билан ҳамкорликда ушбу таълим муассасасида таълим олаётган талабалар ўртасида “Жалолиддин издошлари” номли янгича ҳарбий-спорт танловини ташкил этди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида шу йилнинг январь ойида ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни спортга кенг жалб этиш бўйича қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мазкур мусобақа ўтказилди.

Танлов ҳарбий-спорт, маънавий-маданий ва интеллектуал тадбирлар қаторига кириб, факультетларда таълим олаётган талаба-ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларнинг маънавий ва жисмоний тайёргарлиги, уларнинг бошқа талабаларга ибрат бўлишлари ва ёшларда Қуролли Кучлар сафида хизмат қилишга қизиқишларини орттириш каби мақсадларни ўзида мужассамлаштирди.


Мусобақа факультетларда таҳсил олаётган талабалар орасидан илғор, ташаббускор, фидоий ва ижодкор, самарали натижаларга эришаётган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўқишдаги ютуқларини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, муваффақиятларини тарғиб қилишга қаратилди.


Таъкидлаш жоизки, 2020 йилда капитал таъмирдан чиққан “Нукус” дала-ўқув майдони бугунги кунда нафақат ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш ҳамда ёшлар ўртасида турли мусобақаларни ташкил этиш, балки халқаро миқёсдаги ҳарбий машғулотларни ўтказиш имконига ҳам эга бўлди.

Беллашув иштирокчиларини Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов қутлади ҳамда ёшларга омадлар тилади.


Мусобақа икки босқичдан: “Ҳарбий ва жисмоний таёргарлик” ҳамда “Ҳарбий билим ва маънавий-маърифий тайёргарлик”дан иборат бўлди.

Танлов шартларининг биринчи босқичи дала-ўқув мадонида ташкил этилиб, унда ёшлар жамоавий психологик йўлакдан ўтиши, газниқобни кийган ҳолда автомат билан 1 км масофага югуриши, пневматик милтиқдан ўқ отиши, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларини кийиши, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, автомобиль балони ва ўқ-дори қутисини 100 м масофага олиб ўтиши, граната улоқтириши  ҳамда эстафета югуриши белгиланган.



Ушбу мусобақада университетда таҳсил олаётган 10 та факультетнинг талабалари ўзаро куч синашиб, жисмонан баркамол ва маънан етуклигини намойиш этишди. Ҳар бир жамоада 7 нафар иштирокчи қатнашган мусобақа шиддатли баҳслар билан кечди.

Қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган мусобақа ёшларнинг жамоа бўлиб ҳаракат қила олишини кўрсатиб берди. Барча меъёрларни бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида тўсиқлар олдида ҳарбий хизматчилар назоратни амалга оширди.



Мусобақа доирасида ёшлар дала-ўқув майдонида мавжуд ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар ҳамда полигонда яратилган шароитлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Танловнинг иккинчи шарти Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бўлиб ўтди. Иккала шартлар якуни бўйича юқори натижалар кўрсатган жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилади.