Қиличбой овулидаги
маҳаллаларда яшовчи бир гуруҳ нуронийлар Республикамиз ҳудудидаги тарихий
масканлар, муқаддас қадамжоларга саёҳат қилишди.
Юртимизда
туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, шунингдек, давлатимиз
раҳбарининг ташаббуси билан республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли
бунёдкорлик ишлари натижасида бугун Қорақалпоғистон Республикаси туристик
салоҳияти тез суръатларда ривожланиб бораётган ҳудудлардан саналади.
Республикамиз ҳудудида сайёҳларни жалб қилиш мумкин бўлган кўплаб маданий мерос
объектлари мавжуд.
Улуғ аждодларимизнинг ақлу-закоси билан бунёд бўлган маданий бойликларимиз гўзаллигидан баҳра олишларига, юртимиз тарихини яқиндан танишишлари ҳамда маданий ҳордиқ чиқаришларига шароит яратиш мақсадида туманимиздан бир гуруҳ нуроний фахрийлар учун мазкур масканларга саёҳат ташкил этилди. Туман ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ташаббускорлигидаги ушбу саёҳатга Қиличбой овули ҳудудидаги маҳаллалардан 65 нафар отахон ва онахонлар жалб этилди. Саёҳат давомида нуронийларга ғамхўрлик кўрсатиш ва хотиржамлигини таъминлаш мақсадида туман Тиббиёт бирлашмасидан ажратилган шифокор ва ҳамширалар, ички ишлар ходимлари уларга ҳамроҳлик қилдилар.
Республикамиз
ҳудудидаги тарихий масканлар, муқаддас қадамжоларга саёҳат қилиш учун йўлга
чиққан нуронийлар дастлаб зиёратни Ҳаким ота зиёратгоҳидан бошладилар.
Мўйноқ
туманида жойлашган ушбу Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний ҳазратлари мақбараси 1978
йилда барпо қилинган. Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб” китобида ёзилишича,
Ҳаким ота, яъни Ҳазрат Сулаймон Қуръони каримга ўзгача ҳурмат кўрсатиб, дарсга
бораётиб Мусҳафни бошига кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий
ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. Ҳаким ота у зотнинг қўлида таълим олиб,
ўн беш ёшида муридликни қабул қилади. Тарихий асарларда Ҳаким отанинг шариатга
оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат борасида ҳам ўттиз минг
ҳикмат айтганлари баён қилинган.
Мақбара
зиёрати давомида нуронийлар зиёратгоҳ тарихига оид қизиқарли маълумотлардан
хабардор бўлдилар ва ушбу муқаддас қадамжонинг ободонлаштирилишига ҳисса қўшиш
мақсадида ўзлари келтирган арча кўчатларини ўтқаздилар.
Шундан
сўнг, нуронийлар Қўнғирот туманидаги Довуд ота зиёратгоҳига йўл олдилар.
Мақбара зиёрати давомида улар Довуд ота ҳаётига доир тарихий маълумотларга эга
бўлдилар ва ушбу қадамжога ҳам кўкаламзорлаштирилишига ҳисса қўшиш мақсадида
арча кўчатларини кўчирдилар.
Дарҳақиқат, диққатга сазовор жойлардан бўлган Миздакхан археологик комплекси, Қўнғирот тумани Довут ота зиёратгоҳи, Беруний тумани Султон Увайс бобо зиёратгоҳи, Мўйноқ тумани Ҳаким ота мақбараси, Амударё тумани Шайх Жалил бобо мақбараси, Элликқалъа тумани Норинжон бобо мақбараси, Чимбой туманидаги Кунхожа ва Бердақ шоирлар мақбараларига сайёҳларнинг эътибори жуда катта. Ўтмишдан мерос бўлиб қолган ушбу масканларга маҳаллий аҳоли ҳам тез-тез ташриф буюриб, уларнинг тарихи билан танишади.
Саёҳат
Хўжайли туманида давом эттирилиб, нуронийлар тарихий обидалардан Мазлумхон
Сулув мақбарасини ҳам зиёрат қилдилар.
Ривоятга
кўра, бу ердаги сағаналардан бири Хоразм шоҳининг Мазлумхон исмли гўзал қизи
дафн этилган. Сағананинг томи 8 қиррали гумбаз билан ёпилган. Гумбаз дарчалари
ганч панжарали. Панжараларнинг думалоқ тешикчаларига хона ичини бир текис
ёритиб турувчи дойра шаклидаги қабариқ шишалар жойлаштирилган. Катта хонанинг
чап томонидаги равоқ орқали кичик хонага ўтилади. Унинг деворлари сиркор ғишт
ва кошин билан безатилган. Катта хона саҳнидаги шоҳсупанинг бутун сатҳига
зан-гори ва оқ кошиндан гириҳ нақшлар ишланган.
Тарихий масканлар ҳақида шу каби кўплаб маълумотларга эга бўлган нуронийлар ташкилотчилардан ниҳоятда мамнун бўлдилар ва ушбу мароқли саёҳатга ҳомийлик ёрдамини кўрсатган “Ёқуббой Аширов” фермер хўжалиги раиси Ёқуббой Ашировга ҳам миннатдорликларини билдирдилар.
Юртимиздаги меъморий обидалар олис ўтмишдан ёдгорлик сифатида барчамиз учун қадрлидир. Шундай экан кўп асрлик тарихга эга бўлган ушбу бебаҳо хазиналаримизни асраб-авайлаш, тарихини ўрганиш, муҳофаза қилиш ва келгуси авлодларга ҳам етказиш, қолаверса, кенг тарғиб қилиш барчамизнинг вазифамиз саналади.
О. Худойберганова.