22.12.2024, Якшанба

Сайлов қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда


Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлиси олдидан видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда дастлаб “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.  

Эндиликда мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 117-моддасига, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 3-моддасига, Сайлов кодексининг 29 та моддасига, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 6 та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.  

– Сайловга оид мазкур қонунда сайлов комиссиялари фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳам қатор янгиликлар назарда тутилган. Қонунда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланмоқда.  

Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланиш тақиқланмоқда. Сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддатини 10 кундан 5 кунга қадар қисқартириш бўйича муҳим ўзгартиришлар киритилади. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмоқда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмоқда. Хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма сайлов қутилари орқали овоз беришининг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Қонун лойиҳасида белгиланаётган нормалар ўтган давр мобайнида мамлакатимиз сайлов тизимида юзага келган миллий тажриба ва хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий амалиёти асосида ишлаб чиқилган.

Мажлисда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йилдаги ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.  

Қайд этилганидек, Давлат дастури доирасида жами 170 та ҳужжат қабул қилинган. Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизни ташкил қилган.Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг пандемия шароитида чекланиши жорий йилда савдо айланмаси ҳамда хизматлар соҳасининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган. Жумладан, савдо айланмаси ҳажми 194,8 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 103,2 фоизга бажарилган.

2020 йилда 197 та йирик лойиҳа ишга туширилиши натижасида жами 38 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Мажлисда сенаторлар томонидан Дастурда белгиланган вазифаларнинг ҳудудлар кесимида ўз вақтида ва сифатли бажарилганлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш зарурлиги таъкидланди.  

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА