22.12.2024, Якшанба

МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲА УСТУВОР МАСАЛАЛАРДАН БИРИДИР

Шу йилнинг 19 январ санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, Маънавият ва маърифат маркази фаолиятини такомиллаштириш, умуман маънавият соҳаси танқидий-таҳлилий руҳда қайти кўриб чиқилди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнлари инсоният учун катта имкониятлар билан бирга муаммоларни, таҳликали вазиятларни келтириб чиқараётгани, миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий – маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий  хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч осойишта ҳаётимизга хавф туғдириш мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ушбу соҳадаги ишларни жумладан, Республика маънавият – маърифат маркази фаолиятини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Шунга мувофиқ Президентимиз томонидан ушбу марказнинг фаолиятини такомиллаштиришга оид бир қатор таклифлар билдирилди. Жумладан, келгусида Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланди. Демак бундан буён маънавиятни тарғиб қилишда тизимли фаолият йўлга қўйилади ва барча ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб боради.

Шунингдек йиғилишда давлатимиз раҳбари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларга тарихни яхши ўргатиш, буюк алломаларимиз меросини чуқур ва теран ўрганиш, ёшларни маърифатли қилишнинг барча шарт-шароитларини яратиш кераклигини алоҳида таъкидлаб, – миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарур, – деди.

Бу сайъи-ҳаракатлар маънавият борасидаги ислоҳотлар, маданиятимиз, санъатимиз, адабиётимизни ривожлантириш, тарихимизни тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар табиийки, ёшларимизда янгича дунёқарашнинг ҳамда маънавий иммунитетнинг шаклланишига асос бўлади. Шу билан бирга мустақиллик йилларида қад тиклаган обидалар, таъмирланган зиёратгоҳлар, музейларга ташриф уюштириш, маънавий мерос ва маънавий ҳаёт билан боғлиқ жойларга ёшларимизнинг саёҳатлари уюштириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бир сўз билан айтганда йиғилишда таъкидланганидек жамият ҳаётини тубдан янгилаш борасидаги ислоҳотлар собитқадамлик билан тадбиқ этилаётган ҳозирги пайтда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, миллий, умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдириш ва пировард натижада маънавий баркамол комил инсонни, эркин шахсни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлари бўлиб қолмоқда.

 

Тажибай Романов

ЎзМТДП ҚР Кенгаши раиси,

Қорақалпоғистон Республикаси

Жўқорғи Кенгесидаги ЎзМТДП

фракцияси раҳбари